Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:10

Сафед Булон суви тўсилди


Сув йўли тўсилганидан шикоят қилган Сафед Булон аҳолиси бу ҳолат қишлоқ деҳқонлари аҳволини янада оғирлаштириб юборишидан ташвишланмоқдалар.
Сув йўли тўсилганидан шикоят қилган Сафед Булон аҳолиси бу ҳолат қишлоқ деҳқонлари аҳволини янада оғирлаштириб юборишидан ташвишланмоқдалар.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Олабуқа туманига қарашли Сафед Булон қишлоғи аҳолиси 17 май куни тинчлик митингига чиққанидан кейин қишлоқ қамал қилингани етмаганидай, эндиликда қишлоққа сув ҳам берилмай қўйилганидан шикоят қилмоқда.

Сафед Булон қишлоғида истиқомат қилувчи Жамол ака қишлоқ аҳлининг қирғиз элига эътирози йўқлигини айтади. Унга кўра, вазиятни мафия таранглаштираяпти.

- Қирғиз мафияси томонидан қамал қилинди қишлоқ, қирғиз халқи томониданмас. Қирғиз мафияси билан орган қилаяпти. Иккаласи бир бўлиб, шунақа қилишаяпти. Сафед Булон лидериларни топширишасан, дейишаяпти. Халқнинг ичида лидер йўқ. Ҳаммаси тинчлик бўлсин деб, мустақил равишда митингга чиққан йигитлар. Битта ҳам бошлиғи йўқ. “Лидерларни топширасан” деб, кечаям қишлоққа органнинг болалари келган экан, халқ йиғилиб, “шунча элни отасан, кейин олиб кетасан”, деб ҳайдаб чиқарибди, деди Жамол ака.

Унинг айтишича, ҳозирда қишлоққа келадиган сув ҳам иҳота қилинган. Бир неча кун аввал сафедбулонлик 20 нафар йигит қишлоққа сув келувчи Оқтом қишлоғига боришган ва у ердаги аҳолидан кечирим сўраб, сув беришларини сўрашган. Бироқ уларнинг уриниши натижа бермаган.

Жамол ака қамал натижасида қишлоқда турли муаммолар юзага келганини айтади:

- Ҳаттоки туман марказига боришга имконимиз йўқ. Кредит олганларимиз банкка етолмаяпти - йўл тўсиқ. Сув йўқ. Ичимлик сувини, қўшни қирғиз қишлоғидан келадиган еридан “заҳарлаб қўйишмасин” деб, ўзимиз узиб ташладик қишлоққа киришида, улар узмаган лекин. Биз сувни ариқдан ичаяпмиз. У томондан келмайдиган булоғимиз бор, ўшандан ичяпмиз.

Озодлик: Суғориш суви қайси қишлоқдан келади сизларга?

- Оқтом қишлоғидан келади. Ўша тўполон бўлганидан бери, 10 кун бўлди, ҳеч ким сув бермайди. Сувга борса, “дўппинги еч, эй сарт” деган хақоратлар билан бизни сувчиларимиз сув ололмасдан қайтиб келишиб ўтиришибди, деди Жамол ака.

Ўз исмини ошкор этилишини истамаган сафедбулонлик суҳбатдошларимиздан яна бири қишлоққа сув берилмаётгани сабабли қишлоқ дехқонлари ҳам катта зарар кўраётганини айтди:

- Ҳозир айни буғдойларни, картошкаларни суғорадиган вақт бўлди. Ҳозир бир марта сувдан қолса, экинларга катта зиён бўлишини ҳамма билади. Буғдой бошоқлаганда, деҳқончиликда бошоқ суви, деб қўйишади. Буғдойнинг донини тўлдириб, унинг ҳосилдорлигини, центнерини кўпайтирадиган сувда ҳозир. Энди сув йўқ бўлса, центнеригаям зиён етади. Бу дегани, ҳозир қишлоқда кўпчиликнинг тирикчилиги деҳқончилик билан, деҳқончиликка зиён етди, дегани. Бу бутун бир қишлоққа зиён етаяпти, дегани. Худонинг раҳми келиб, озгина ёғингарчилик бўлиб, чидаб турибмиз. Агар ёғингарчилик бўлмаса, бир ҳафтада ҳосилдорлик йўқолади, деди сафедбулонлик деҳқон йигит.

Суҳбатдошимиз қамал туфайли бирон ерга арз қилиб боришнинг имкони бўлмаётганини айтар экан, маҳаллий расмийларга қилинган арзлар самара бермаганини ҳам қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Олабуқа тумани Жданов қишлоғида 16 май куни маҳаллий халқ дружиначилари билан нотаниш қирғиз йигитлари ўртасида жанжал чиққан. Натижада бир ўзбек йигити пичоқдан жароҳатланган. Шундан сўнг ҳамма қишлоқларга ўзбеклар ёрдам сўраб телефон қилишади ва тумандаги ўзбеклар воқеа жойида тўпланишади.

17 май куни эса олабуқалик ўзбеклар турли низоларнинг олдини олиш мақсадида туман марказида тинчлик митинги ўтказадилар. Бу эса туманда истиқомат қилувчи қирғизлар орасида “ўзбеклар бостириб келаяпти” қабилидаги миш-мишларга сабаб бўлади. Шундан сўнг асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи Сафед Булон қишлоғи аҳолиси мазкур митингни уюштирганликда айбланиб, қамал қилинади.

Бироқ туман расмийлари буни қамал сифатида баҳоламайдилар. Бу ҳақда бизга 23 май куни Олабуқа туман ҳокими Улан Бимурзаев айтган эди.

25 май куни сафед булонликлар билан қилган суҳбатимиздан сўнг Жалолобод вилоят губернатори Бектур Асанов билан телефон орқали сўзлашдик. Губернаторга кўра, қишлоқда ҳозир ҳеч қандай қамал йўқ:

- Мен ҳозиргина гаплашдим. Олабуқада ҳаммаси жойида, ҳеч қандай қамал йўқ Сафед Булон бўйича. Фақат ўша ерга юқоридаги қирғиз қишлоғидан сув келар экан, ўшани тўхтатиб, беришмаётган экан. Ҳозир туман ҳокими Сафед Булонда юрибди, насиб қилса, 1-2 соат ичида масала ҳал қилинади, деди Жалолобод вилояти губернатори Бектур Асанов.

Жалолобод губернатори, шунингдек, 17 май куни Олабуқада ўтказилган тинчлик митинги юзасидан ҳам қонун доирасида иш кўрилишини айтди.
XS
SM
MD
LG