Линклар

Сколари кетмоқда. “Бунëдкор” қоладими?

  • Замира Шукур

Англиянинг "Chelsea" клубидан "Бунëдкор"га келган Сколари¸ афтидан яна Европа клубларидан бири мураббийлигига қайтмоқда.

Англиянинг "Chelsea" клубидан "Бунëдкор"га келган Сколари¸ афтидан яна Европа клубларидан бири мураббийлигига қайтмоқда.

"Клуб раҳбарлари билан бир тўхтамга келиб олгач¸ бу ерни тарк этаëтганимда мен ҳам қўлимни кўксимга қўйган ҳолда хайрлашаман!" Луиз Фелипе Сколари бу гапни 23 май куни айтди. Икки кун ўтиб клуб раҳбарлари бир тўхтамга келди шекилли¸ Сколари "Бунëдкор"ни тарк этишини билдирди.


Сколари қўлини кўксига қўйиб турибди....

25 май куни Сколари билан суҳбатлашган Reuters агентлиги “Бунёдкор” бош мураббийсининг мазкур клубни тарк этиб, Европа ёки Бразилиядаги командаларидан бирида ишлаш учун қайтиш ниятида эканини билдирди.

"Қачондир бу ерни тарк этаман. Кейинчалик бу замин ҳақида эслаганимда бир нарса мени қалбимдан ҳеч қачон ўчмайди. Бу ерни инсонлари билан суҳбатлашганингизда қўлини кўксига қўйиб гапиришади. Ишонинг, бунда жуда катта ва кенг маъно бор. Клуб раҳбарлари билан бир тўхтамга келиб олгач, бу ерни тарк этаётганимда мен ҳам қўлимни кўксимга қўйган ҳолда хайрлашаман!" деган эди Сколари бундан икки кун аввал.

2009 йилнинг июлида 18 ойлик келишув бўйича Тошкентда иш бошлаган Сколарига кўра, “Бунёдкор” клуби мутасаддилари харажатларни қисқартириб, бразилиялик мураббий билан тузилган шартномани муддатидан аввал бекор қилмоқчи. Бу эса¸ Сколарининг пули бошдаëқ нақд тўлангани айтилган келишув муддати ярмига етмай Тошкентни тарк этишини англатади.

"Зеромакс"+"Бунëдкор" = 0 (zero)?

Тошкентнинг “Бунёдкор” клубига Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган “Зеромакс” ширкати¸ аниқроғи унинг ўнлаб шўъба корхоналари ҳомийлик қиларди. Халқ орасида “Одилбойнинг клуби” деб ном чиқарган “Бунëдкор” келажаги “Зеромакс” бошқарувчиси Миродил Жалоловнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар кетидан қора булут ортига кирди.

5 май куни Тошкент шаҳар Хўжалик ишлари суди “Зеромакс” ширкатига қарашли ҳисоб рақамларини музлатиб¸ унга тегишли мулкни давлат тасарруфига ўтказиш ҳақида қарор қилгани ортидан Озодликка қисқа электрон мактуб келган эди.

“Бунëдкор” тугатилди. 17 футболчи трансферга қўйилди. Тренерский штаб кетади. Йил охиригача дублëрлар ўйнаб қўйишади чемпионатда” дейилган бу қисқа хабарни¸ афтидан клубга яқин манба¸ балки “бунëдкор”чилардан бири йўллаган.

Аммо бу хабарни “Бунëдкор” клуби матбуот хизмати ëки бошқа расмийларидан тасдиқлатишнинг имкони бўлмади. Клубнинг расмий сайтида¸ ҳатто 25 май куни ҳам олам гулистон - “Бунëдкор” ғалаба кетидан ғалаба қучмоқда.
“Бунëдкор” тугатилди. 17 футболчи трансферга қўйилди. Тренерский штаб кетади. Йил охиригача дублëрлар ўйнаб қўйишади чемпионатда” ...


2009 йилнинг 1 июлдан бошлаб “Бунёдкор”га мураббийлик қила бошлаган Сколари Ўзбекистон клуби билан 18 ойга шартнома имзолаган ва у клубнинг халқаро майдонда кўпчиликни ҳайратга солган машҳур легионерлар овининг бир қисми эди¸ холос.

Португалияда чиқувчи "Futebol Finance" нашри ўтган йили "Бунёдкор" футбол клуби ўз бош мураббийси Сколарига бир мавсумда 16 миллион евро ëхуд 20 миллион доллардан ошиқроқ ҳақ тўлагани ҳақида хабар тарқатганди. Айни шундай¸ клуб бразилиялик машҳур ўйинчи¸ аммо ëши ўтиб Европа клубларида нархи тушиб кетган 37 яшар Ривалдони икки йилга қарийб 15 миллион долларлик контракт билан олиб келган эди.

“Бунëдкор” нинг¸ балки сўнгги капитани Ривалдо билан “Бунëдкор” ўртасидаги келишувдан хабардор томонларнинг билдиришича¸ Ривалдо ва оиласининг Тошкентдаги шоҳона ҳаëти¸ унга ҳар бир ўйин ва ҳар бир гол учун тўланадиган қўшимча ҳақ¸ бразилиялик ўйинчига бирваракайига тўланган келишув нархига кирмаган. Айни пайтда¸ “Бунëдкор”га яқин манба¸ "Зеромакс" бошидаги булутлар қуюқлашганидан бери Ривалдо¸ қолаверса бошқа легионерларга ойлик маош¸ ҳар бир гол ва ғалаба учун ваъда қилинган пуллар берилмай қўйилгани ва бразилиялик капитаннинг ҳам “ҳайдалиш” куйига ҳозир бўлиб қолганини билдирди.

“Бунëдкор” Барселона суперклубининг суперўйинчиси Самуэл Это’ога оғиз солиб¸ уни 25 миллион доллар эвазига бор-йўғи уч ой ўйнаб беришга кўндира олмаса-са¸ Это’они Тошкентга олиб келиб¸ унинг битта ўйин қилиб бериши учун 5 миллион доллар тўлаган эди. Яқинда Франциянинг Telefoot каналига берган интервюсида Это’о “Бунëдкор”нинг бундай таклифини эшитиб боши айланиб кетганини айтди.

Аммо “Бунëдкор”нинг нафақат ўзбекистонликлар¸ балки Это’о каби жаҳон футбол юлдузлари бошини ҳам айлантирган бу каби мисли кўрилмаган миллионлари¸ қанчалик тезлик ва осонлик билан ëғилган бўлса¸ шунчалик тезлик ва осонлик билан ғойиб бўлган кўринади.


"Бунëдкорлар" учун бебунëд замонлар???

Бундан атиги беш йил аввал на номи¸ на нишони бўлган бу клуб айни кунларда қандай тезлик билан футбол майдонига тушган бўлса¸ шунчалик тезлик билан ундан йўқ бўлиш таҳдиди остида қолмоқда.

Айрим тахминларга кўра¸ бугун Ўзбекистонда “Бунëдкор”нинг яқин кунларгача қудратли кўрилган хўжалари (президент Каримовнинг шахсан ўзи "Зеромакс" бошқарувчиси ва "Бунëдкор" хўжайини Миродил Жалоловга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи - бунëдкор" унвони билан тақдирлаган) кўнглига футбол сиғмай қолган замонлар келган кўринади. "Зеромакс"нинг парчаланиши¸ Тошкентда "Бунëдкор" учун қурилиши бошланган 150 миллион долларлик стадион қурилишининг тўхтатилиши ва ниҳоят клуб легионерларининг келишув муддати тугамай¸ жамоани тарк этаëтгани бундай тахминни қувватламоқда.

Айни пайтда¸ бошқа бир тахминга кўра¸ “Зеромакс” суперширкати уни бунëд қилганлар режасидаги амаллар¸ биринчи галда Ўзбекистон иқтисодининг энг сердаромад соҳаларидан таланган миллиардлаб долларни хориж¸ биринчи галда Швейцариянинг бехатар банкларига легал тарзда ўтказиш¸ пул ювиш амалиëтини бажариб бўлди ва энди ундан воз кечиш фурсати келди. Айни шундай миллионлаб пуллар кетини “ҳалоллаш”¸ боз устига бу пул эгалари учун халқаро майдонда имидж яратиш мақсадида бунëд этилган “Бунëдкор” ҳам ўз миссиясини бажарган ва шу боис саҳнадан олиб ташланаëтган бўлиши мумкин.

Тошкентнинг машҳур "Халқлар дўстлиги" метро бекатининг бир кечада нега "Бунëдкор"га айлангани ҳақида на бир оғиз изоҳ ва тушунтириш берилган оддий ўзбекистонликларга¸ эндиликда нафақат "Бунëдкор" метро бекати¸ балки бутун бошли чемпион жамоанинг ўзи бир кечада ғойиб бўлса ҳам на хабар¸ на изоҳ берилишини кутиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG