Линклар

Ўзбек қочқинлари орасида МХХ жосуслари кўпаймоқда

  • Садриддин Ашур

Бугун Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги ўзбеклар "деворнинг ҳам қулоғи бор" деган қўрқувда яшамоқда.

Бугун Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги ўзбеклар "деворнинг ҳам қулоғи бор" деган қўрқувда яшамоқда.

Ўзбекистон қамоғидан МХХ нинг махсус топшириғини бажариш учун чиқарилиб қочқин сифатида Швецияга юборилган собиқ маҳбус¸ бу миссиянинг ўзбек қочқинлари ичига кириб¸ МХХ га улар ҳақида доимий ахборот етказиб туриш бўлганини даъво қилди.


Швециядан бошпана сўраган ўзбекистонлик қочқин Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) томонидан юборилган айғоқчилар ҳақида Швециянинг “Ekot” (Садо) радиосига интервью берди.

Швед радиоси журналисти Элин Йонссон ўзбекистонлик қочқин Муҳаммад (қочқиннинг асл исми эмас) билан Швециядаги яна бир қочқин Муҳаммадсолиҳ Абутов кўмагида учрашган. Абутовга кўра, Муҳаммад 2006 йилда Норвегиядан бошпана сўраган. Аммо қочқинлик мақомини расман олмай туриб МХХ ватанда қолган оиласи орқали Муҳаммадга босим ўтказа бошлаган. Ўзбекистонга қайтса ўзига ҳеч нарса бўлмаслиги ҳақидаги ваъдаларга ишонибЎзбекистонга қайтиб борганда Муҳаммад аэропортнинг ўзида қамоққа олиниб, кейинчалик озодликдан маҳрум этилган.

- Ўзбекистондан келган бир йигит менга хат ëзиб¸ мен билан учрашди. Мен у одамни бориб кўрдим. Ўзбекистондан Швецияга келган. Миграция хизматига бориб мурожаат қилган экан ва ҳозир ўшанинг жавобини кутаëтган экан. Ўша боланинг олдига бордим мен. Шунда у бола менга мана шу воқеаларни гапириб берди. Бу болани мажбурлаб бошқаларга қарши ноҳақ кўрсатма бердиришган. У бола ноҳақ кўрсатма бергач¸ уч-тўрт айбсиз одамлар қамалиб ҳам кетган. Шу нарсаларни йиғлаб¸ ҳақиқатан ўзининг қилмишига афсусланиб гапириб берган эди бу бола¸ дейди ҳозирда Швецияда яшаëтган сиëсий муҳожир Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Абутовга кўра, Муҳаммад швед радиосига берган интервьюсида муддатидан олдин қамоқдан озод этилиши эвазига Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан махсус топшириқлар олиб, айғоқчи сифатида Швецияга қайтиб келганлиги, бироқ виждон азобидан қийналиб бу ҳақда миграция хизматига маълумот берганини айтган.

Айтилишича¸ Муҳаммад суҳбат давомида Швециядаги қочқинлар орасига кириб Ўзбекистон махсус хизматларига айғоқчилик қилаëтган бошқа шахслар борлиги ҳақида ҳам маълумот берган.

Швецияда муҳожирликда яшаётган ўзбекистонлик журналист Қудрат Бобожон¸ айғоқчилик ва чақимчиликни бугунги ўзбек жамиятида томир отган бир иллат сифатида кўради. Журналистга кўра¸ бу иллатнинг руҳи бугун хориждаги ўзбеклар орасида ҳам сезилиб турибди:

- Ўзбекистонда бу нарса эволюционлашган. Яъни бу нарса ривож топди. Режим кучайди Каримов даврида. Шпионларнинг ҳам сони ортди. Биргина мисолни айтишим мумкин. Илгари йўқ эди бу. Маҳалла оқсоқоллари ва посбонлари пайдо бўлди. Булар айни пайтда режимга информация етказувчи¸ иш ҳақи оладиган шпионлар. Ҳар битта одамдан бу нарса талаб қилинаяпти. Ўзбекистон бугунги кунда шпионлар мамлакатига айланаяпти. Мен шубҳа қилмайман Швециядан туриб маҳаллий хавфсизлик хизматларига хабар етказиб турган шпионлар борлигига. Яқинда эълон қилинган Элин Йонссонинг материали¸ бошқа радиостанцияларда янграган материаллар бунинг инъикосидир¸ деб ўйлайман¸ дейди Қудрат Бобожон.

Мухолифатдаги Эрк партияси аъзоси¸ Швейцариядан бошпана топган Сафар Бекжон, ўзбекистонлик қочқинлар орасида махсус топшириқ билан хорижга келган профессионал “қулоқ”лар бўлгани ва борлиги ҳеч кимга сир эмаслиги¸ аммо кейинги пайтларда "қулоқ"ларнинг "қулоғи" кўпайиб кетганини айтади.

- Элчихоналардан чиқаëтган бутун факс¸ электрон почта ва телефонларни ўша давлат доимий равишда кузатади. Махсус хизматлар уларни қайсидир маънода чегаралашга ҳаракат қиладики¸ чунки у охир-оқибатда шпионажга айланиб кетиши мумкинлиги учун элчихоналар бундан доимий равишда фойдалана олмайди. Ўзбекистон элчихонасида ўтирган махсус хизмат ходимлари бор. Улар ëзади. Айтилаëтган чақимчиларга жўнатади. Чақимчилар буни ҳар хил мақолалар¸ постинглар орқали тарқатади. Бу бир.

Иккинчи¸ ғийбат тарқатади. Ҳар хил ғийбатлар. Ўзбекларнинг ичида бирлик бўлмаслиги учун¸ булар бир жойга келиб бирлашиб бир нарса қилиб қўймаслигининг олдини олиш учун бир-бировига доимий равишда “Бизлар ҳамма жойда агент тарқатганмиз. Ишхонада ҳамма бир-бирига агентура. Қўшни қўшнига агентура” деган маънода провокацион ғийбатни тарқатиш учун булардан фойдаланади¸ дейди Сафар Бекжон.

Мухолифат фаолига кўра, аслида швед радиосига интервью берган Муҳаммаднинг иқрорларига ҳам шубҳа билан қараш керак. Бундай иқрорлар, яъни хориждаги ўзбекистонликлар орасида чақимчиларнинг кўп эканлиги ҳақидаги иддаолар, аслида ўзбекларнинг бирлашишига янада кўпроқ раҳна солади. Сафар Бекжон мухолифат ичида ҳам МХХ томонидан махсус топшириқ билан жўнатилган бир неча одам борлигини айтади:

- Оперчастга ишлаган. Мана ҳозир мухолифат ичида Швецияда бор. Мен биламан. Оперчаст билан ҳамкорлик қилган¸ гадларнинг ичида бўлган. Қамалиб чиққан¸ лекин машҳур одам. Реклама қилинган. СНБ реклама қилган. Судлов¸ бошқалар. Яъни у савияга олиб келинадики¸ ташқаридан информация олсин. Катта одамлар билан яқин бўлсин¸ катта одамлар билан борди-келди қилсинки¸ машҳур бўлсин ва у катта одамлар информацияни олиб бизга жўнатиб турсин¸ деб бунақа одамлар келишилган ҳолатда роса кўпиртиришади. Сизлар ҳам тинмасдан информация қиласизлар радиолардан ëзилади. Бечора қамоқда ўтирибди¸ унақа¸ бунақа. У машҳур одам диссидент сифатида чиқиб келади ва ишни қилади. Шунинг информацияси менда бор. Ичкаридан қамоқдан жўнатишган¸ дейди Сафар Бекжон.

Гарчи бундай чақимчилар ёхуд айғоқчиларнинг асосий вазифаси мухолиф фикрдагиларнинг бирлашишига халал бериш бўлса-да, уларнинг сайъ-ҳаракатисиз ҳам хориждаги ўзбеклар аксариятининг қалбига Каримов деган ном шундоқ ҳам қўрқув солиб турибди¸ деб қўшимча қилади Сафар Бекжон:

- Ташқарида яшаяпти. Каримов Ўзбекистонда қолган. Беш йилдан бери ташқарида яшаяпти¸ ичида битта Каримов билан яшаяпти. Уни ҳар доим Каримов қўрқитаяпти. Каримовнинг сояси унинг руҳига синган. Беш вақт намоз қилади¸ лекин унинг руҳида Каримов бор. У Каримовдан қўрқиб яшаяпти. Ҳеч қачон бирлаша олмайди. Мен кўраяпман. Швейцарияда бошпана олган шунча одам борки мен билмаганман. Менга яқинда информация олиб келишдики¸ шунча одам бошпана олди сиздан. Ўзбеклар жамияти бор. “Ўзбек жамияти бор. Ўша ерга бирлашинглар” деб тавсия қилинадику масалан. Бирортаси менга телефон қилгани йўқ¸ бирортаси келмаган. Мана Наврўз ўтказдим мен. Афғонистондан 150 та оила қўшилди менга. Шу ерда яшаëтган 10-15 та оила ҳақида информация бор менда. Ҳаммасига таклифнома жўнатдим. Биттаси келди узоқдан. Қурбоной сумалак қилган эди. Ўша сумалакни олгани келган¸ дейди Сафар Бекжон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG