Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:16

Бешинчи калитга даъвогарлар


Ўзбекистоннинг чегарачиларию божгирлари, милиция ходимларию йўл-патрул хизмати ходимлари, қоловурса, миллий хавфсизлик хизматининг кунни тунга, тунни кунга улаб ҳушёр турувчи пўриму бепўрим хизматчилари Тошкент вилоятидаги камолотчилардан хафа бўлишдан олдин ёшликнинг бебошлик эканлигини эсдан чиқармасинлар.

“Ёшлик – бебошлик” деб бекорга айтишмаган ахир.

Ёшлик қип қўйишибди-да энди камолатчилар, акахонлари! Бошқа қилишмайди.

Хўш, нима қилишибди камолотчилар?

Мана, сайтимизнинг "Ўзбекистон хабарлари" рукнидан олинган хабарни ўқинг:

*

Тошкент вилоятининг Қозоғистон ва Тожикистон билан туташувчи чегараолди ҳудудларида "Камолот посбонлари" отрядлари тузилди, деб хабар қилди Регнум ахборот агентлиги.

Хабарда айтилишича, тилга олинган отрядлар "Камолот" ёшлар ташкилотининг Тошкент вилоят бўлими томонидан маҳаллалардаги кўнгилли ёшлардан тузилган.

"Камолот посбонлари" зиммасига мамлакат манфаатларини муҳофаза қилиш, товар ва моддий бойликларнинг республикадан ғайриқонуний олиб чиқиб кетилишига қарши туриш, бу йўналишларда аҳоли орасида, айниқса, ёшлар орасида тарғибот ишларини кучайтириш вазифалари юкланган.

"Камолот" Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан сўнг собиқ комсомол ташкилоти ўрнида ташкил қилинган.

*

Хўш, бу хабарни ўқиган чегарачилару божгирлар, милиционерлару эмхахачилар хафа бўлмайдими?!

"Ҳа, бу камолотчилар бизга ишонмаяптими", дейишмайдими?

"Бу иши билан камолотчилар чегарачилару божгирлар, милиционерлару эмхахачилар товар-моддий бойликларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига йўл қўйиб беряпти дейишмоқчими", дейишмайдими?

"Ахир, ҳар бир чегарачи божгирниям, мелисаниям, эмхахачиниям;
ҳар бир божгир чегарачиниям, мелисаниям, эмхахачиниям;
ҳар бир мелиса чегарачиниям, божгирниям, эмхахачиниям;
ҳар бир эмхахачи чегарачиниям, божгирниям мелисаниям
ишини қилаётган бўлса, яъни чегарага тўртта қулф осилган бўлсаю ҳар битта қулфнинг тўрттадан калити тўртта хизмат қўлида бўлса, биз – камолотчилар ортиқчалик қилмаймизми, дейишмабди-да", дейишмайдими?

"Яна биттадан калит ясашга мажбур қиламизми, дейишмабди-да", дейишмайдими?

"Калитнинг пул туришини билишадими, бу мишиқилар", дейишмайдими?

Йўқ, дейишмайди.

Дейишмаса керак. Чунки чегарачию божгир, мелисаю эмхахачи ҳисоб-китобни билади: бешинчи калит учун қилинадиган харажат ўзини албатта оқлайди.

Тошкентлик камолотчиларнинг тажрибасини чегараолди ҳудудлари бор бошқа вилоятлар камолотчилари ҳам ўрганса яхши бўлади.

Улар ҳам кўнгилли ёшлардан "Камолот посбонлари" отрядлари тузиб олардилар.

Кўнгилли ёшларни аҳоли орасидан излаб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ. Уларни чегара чизиғининг исталган қисмидан, айниқса, чегара масканларига яқин жойлардан топиш мумкин. Улар "посбон"ликни аллақачон ўз касбига айлантириб олишган.

Бу посбонлар норасмий чегара масканларида аҳолининг чегарадан ўтиб-қайтишларини "назорат" қилиб, чегарачию божгир, мелисаю, эмхахачиларнинг оғир меҳнатини енгиллатиб келмоқдалар.

Улар чегарадан ўтувчилар билан Ўтказувчилар орасидаги воситачилардир.

Тошкентлик камолотчиларнинг ташаббуси шахсан менда яна камида икки саволни пайдо қилди.

Биринчиси: нима учун чегарадан "товар-моддий бойликлар"нинг ташқарига чиқиб кетиши масаласи Ўзбекистонда бу қадар улкан муаммо қилиб кўрсатилади?
Ё бутун дунё Ўзбекистоннинг дастурхонидан қоқилган ("чегарадан ғайриқонуний олиб чиқиб кетилаётган", деб ўқинг) нон ушоғини еб, тирик юрибдими?

Иккинчиси: ҳар бир одам ўзининг ишини қилса бўлмайдими?
XS
SM
MD
LG