Линклар

logo-print

Осиё тараққиёт банки президенти Харухико Курода 25 май куни Афғонистоннинг Мозори Шарифини Ўзбекистон чегараси билан боғловчи темир йўлнинг 75 километрли қисмини очди, дея хабар қилади Газета.уз.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон ичида қурилаётган темир йўлларнинг Ҳайратон–Мозори Шариф участкаси бўйича мамлакат ҳукумати ўтган йили эълон қилган тендерда “Ўзбекистон темир йўллари” ғолиб чиққанди. Осиё тараққиёт банкининг 165 миллион долларлик гранти ҳисобидан қурилаётган бу лойиҳанинг жорий йил охиригача якунланиши кутилмоқда.

Афғонистонни Ўзбекистон темир йўллари билан боғлайдиган мазкур темир йўл афғонистонликларнинг Европа ва Осиё бозорларига чиқишини осонлаштириши мумкин.

- Мозори Шариф ва Ҳайратон ўртасидаги янги темир йўл йўналиши савдо-сотиқнинг ривожланиши ҳамда зарур инсонпарварлик ёрдамлари оқимининг тезлашишига кўмаклашади, деди ОТБ президенти Харухико Курода Ҳайратонда бўлиб ўтган темир йўл очилиши маросимида.
Темир йўл инфратузилмаларини ривожлантириш орқали савдо-иқтисодий имкониятларни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик ҳақидаги меморандумни Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукуматлари ҳамда Осиё тараққиёт банки 2008 йилнинг ноябр ойида имзолагандилар.

Мазкур ҳужжат доирасида Ўзбекистон Афғонистонга Ҳайратон ва Ҳирот ўртасидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асословини ишлаб чиқишда кўмак кўрсатган.

Лойиҳада локомотивлар етказиб берилиши ҳамда Мозори Шарифда юк терминали ва йўл инфратузилмасининг бошқа қатор объектлари қурилиши кўзда тутилган.

Темир йўл ишга туширилганидан кейин бу ерда ташиладиган юк ҳажми дастлабки босқичда йилига 7 миллион тоннани ташкил қилиши, кейинчалик бу кўрсаткич 20 миллион тоннагача ошиши мумкин.
XS
SM
MD
LG