Линклар

Тожикистонда сиёсий маҳбуслардан бири жон таслим қилди

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда давлат мулозимларига суиқасд уюштирганлик, террорчилик ва ватанга хиёнатда айбланиб, 18 йилга кесилган Сўғд вилоят собиқ раиси Абдужалил Ҳомидов Душанбе шаҳридаги қамоқхоналарнинг бирида вафот этди.

Тожик жамиятида ҳамда Ўзбекистон сиёсий доираларида яхши танилган сиёсий арбоб Абдужалил Ҳомидов Душанбе шаҳар қамоқхоналарининг бирида вафот этганига оид маълумотни унинг акаси Абдухалил Ҳомидов тасдиқлади.

- Укамнинг вафоти ҳақидаги хабар бехосдан келди. Мен ўзим бетобман, марҳумнинг жасадини қабул қилиб олиш учун укам Душанбега кетган, дея маълум қилди марҳумнинг акаси Абдухалил Ҳомидов биз билан телефон орқали суҳбатда.

Суҳбатдош касаллиги туфайли укаси билан узоқ йиллардан бери кўриша олмаганини айтар экан, 8 йил қамоқда бўлган Абдужалил уни кўргани борганларга кўплаб марта саломатлигидан шикоят қилганини айтди.

Айни пайтда Тожикистон қамоқхоналарини назорат қилиш бошқармаси масъуллари Абдужалил Ҳомидов вафотидан хабарсизликларини билдириш баробарида у сўнгги бир неча йил мобайнида касал бўлмаганини таъкидлашди.

Мазкур идора расмийси Баҳром Абдулхайров биз билан ўзаро суҳбатда маҳбус Ҳомидовнинг вафотидан хабари йўқлигини, бу борада биздан эшитаётганини айтди.

Ватанга хиёнат, Тожикистон ҳукумат расмийларига суиқасд уюштирганлик ва террорчиликда айбланган Абдужалил Ҳомидов 2002 йил Тожикистон Олий суди ҳукми билан 18 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

1945 йили Сўғд вилоятининг Бобожон Ғафуров туманига қарашли Исписор қишлоғида дунёга келган Ҳомидов аввал турли масъул лавозимларда ишлаган.

1992 йилда у Сўғд вилоятига раис этиб тайинланган. Аммо 1993 йил охирларида Тожикистоннинг иқтидордаги ҳукуматига мухолиф чиқиши ортидан ўз вазифасидан озод этилган.

1994 йили Тожикистон президентига сайловлар арафасида эса у қайтадан ўша мансабга тайинланган.

Ўша сайловда президентликка даъвогар Имомали Раҳмоннинг ягона кучли рақиби, Абдужалил Ҳомидовнинг қудаси Абдумалик Абдулложонов бўлган.

1996 йили президент Имомали Раҳмон Абдужалил Ҳомидовни ишдан бўшатган.

Маҳаллий таҳлилчи Карим Абдулов Ҳомидовнинг иккинчи марта ишдан бўшатилиши сабабларини қуйидагича изоҳлади:

- Ўша раис бўлиб юрган кезлари Ҳомидов мамлакат шимолини, яъни Сўғдни Ўзбекистон таркибига қўшишга ҳаракатлар қилган. Бу борадаги маълумотлар Душанбега етиб келганидан сўнг у иккинчи марта вазифасидан бўшатилди. Шундан сўнг у Ўзбекистонга қочиб ўтди ва унинг ортидан ака-укалари ҳам мамлакатни тарк этиб, турли мамлакатларда муҳожиротда яшашга мажбур бўлди, дея хотирлайди ўша йиллардаги воқеаларни Карим Абдулов.

Тожикистон томон иддаоларига кўра, Ҳомидов 1996 йилда исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиевнинг ҳукуматга ҳужумларини четдан туриб қувватлаган.

Шунингдек, тожик расмийлари Ҳомидовни 1996 йили президент Имомали Раҳмонга уюштирилган суиқасдда қўли борликда ҳам айблаган эди.

2001 йил Абдужалил Ҳомидов синглисининг жаноза маросимида қатнашиш учун Тошкентдан Хўжандга келган чоғида мамлакат ҳуқуқ- тартибот идора ходимлари томонидан қўлга олинган ва кейинчалик унга Олий суд ҳукми билан 18 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди.

Тожикистон Бош прокуратураси Ҳомидовни давлатга қарши фаолият, жумладан, Зарафшон дарёсидаги мамлакат шимолини жануб билан боғловчи кўприкни қасддан бузганлик, 1997 йил ёзида Тожикистонда миллий ярашув борасида келишув имзоланганидан сўнг давлат бир қатор мулозимлари, яъни Хўжанд шаҳар собиқ раиси Қосим Қосимов, Душанбе шаҳар ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев ҳамда Тожикистон фавқулотда ҳолатлар собиқ вазири Мирзо Зиёевларга суиқасд қилганликда айблаганди.

Дастлабки тергов натижаларига кўра, Ҳомидов шу мақсадда 11 кишидан иборат ноқонуний гуруҳ тузган ва тергов ҳамда суд жараёнларида у ўзига қўйилган айбларни тан олгани ҳам эълон қилинган эди.

Гарчи Тожикистон ҳукумати мамлакат қамоқхоналарида сиёсий маҳбуслар борлигини инкор қилса-да, бироқ тожик жамиятидаги кузатувчилар Абдужалил Ҳомидов ва у қатори сиёсий фаолияти учун қамоққа ташланганларни сийёсий маҳбус, дея аташади.

Тожикистонликлар орасида ва Ўзбекистон сиёсий доираларида танилган давлат арбоби Абдужалил Ҳомидов қамоқхонада вафот этганига оид хабар кўпчилик тожикистонликлар қатори Душанбедаги ўзбекистонлик дипломатларни ҳам қайғуртиргани кузатилади.

Бироқ бугун ҳамма ҳам марҳум ҳақида ўз хотираларини очиқ матбуотда ёйинлашга ботинмаётирлар.

Марҳумнинг яқинларига кўра, Абдужалил Ҳомидов 26 май куни туғилиб ўсган қишлоғи Исписорда дафн этилади.
XS
SM
MD
LG