Линклар

Клинтон Пхенянга қарши чора кўришга чақирмоқда


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Шимолий Кореяни ўз қўшниси Жанубий Кореяга қарши қилаётган тахдид ва провокациялар оқибатларидан огоҳлантирди.

Бугун Сеул сафарини бошлаган Клинтон хоним, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни Шимолий Корея ҳаракатларига қарши муносиб жавоб қайтаришга чақирди.

- Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган халқаро мустақил текширув холис бўлди, исбот-далиллар етарлича ва қилинган ҳулосани инкор қилиб бўлмайди. Бу Шимолий Кореянинг қабул қилиб бўлмайдиган провокацияси бўлган ва бунга муносабат билдириш халқаро ҳамжамиятнинг вазифаси ва бурчидир, деди Ҳиллари Клинтон Сеулда ўтказилган матбуот анжумани чоғида.

Сеулга келишдан аввал АҚШ Давлат котиби Пекинда бўлиб, Хитой раҳбариятини Шимолий Кореяга нисбатан қаттиққўл сиёсат юритишга ундади.

26 март куни Сариқ денгизда Жанубий Кореяга тегишли ҳарбий кема чўктириб юборилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган текширув натижасида кеманинг чўкишига Шимолий Корея сувости кемасидан отилган ракета сабаб бўлгани аниқланган.

Жанубий Корея сешанба кунидан Шимолий Кореяга мўлжалланган пропагандистик эшиттиришларини қайта тиклашини маълум қилиб, Пхенян билан барча савдо алоқаларини тўхтатганини маълум қилди.

Шимолий Корея эса расмий Сеул иддаоларини инкор қилиб, Пхенянни жазолашга бўлган ҳар қандай ҳаракат урушга олиб келиши мумкинлиги хусусида огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG