Линклар

logo-print

Ўзбек ипагидан ким ва қанча фойда олиши "секрет"

  • Фаррух Юсуфий

Ипак ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи хорижий фирмалар вакиллари ўзбекистонлик фермерларнинг мажбурий равишда пилла қуртини боқаётгани ҳақидаги гапга ишонгиси келмайди.

Ипак ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи хорижий фирмалар вакиллари ўзбекистонлик фермерларнинг мажбурий равишда пилла қуртини боқаётгани ҳақидаги гапга ишонгиси келмайди.

"Ўзбекистоненгилсаноат" мутасаддилари шу баҳона билан бу борада муайян рақамни очиқлашни истамадилар. Озодликнинг хомаки ҳисоб-китобларига кўра эса, пилла қурти тутган ўзбекистонлик фермерга тўланаётган ҳақ билан якуний маҳсулотнинг нархи ўртасида камида 10 баробар фарқ бор.

- Узр, мен сизга аниқ бир данний айта олмайман. Чунки бу секрет ҳисобланади-да. Бизга ҳам гап тегиб қолади. Қарор бор-да. Қарорда бу нарса секретга киритилган.

Озодлик: Нархи неча пул? Нархини айта олмайсизми?

- Йўқ¸ айта олмайман.

Озодлик: Қайси қарор билан махфий маълумотлар сирасига киритилган? Ҳукумат томониданми?

- Ҳа¸ ҳукумат томонидан. Айнан президентнинг ўзи қўл қўйган экан.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат ширкатининг мутасаддиси Ўзбекистон ипакни неча пулдан ва қайси давлатларга экспорт қилиши ҳақидаги маълумотлар давлат сири ҳисобланишини айтмоқда. Унинг айтишича, бу маълумотнинг давлат сирлари рўйхатига киритилиши ҳақидаги қарорга шахсан президент имзо чеккан.

Ўтган дастурларимиздан бирида Ипак қурти боқишнинг “ўзбекча модели” номли лавҳа эълон қилингач, тингловчи ва муштарийларимиздан таҳририятимизга “ипакдан ким фойда кўрмоқда, ана шу масалани ҳам ўрганиб кўрсангиз” деган илтимослар келиб тушди.

"Тангаганинг орқаси" рукнининг бу галги сонида ана шу саволга жавоб қидиришга ҳаракат қиламиз.

Ипак маҳсулотлари жаҳон бозорида қимматга сотилади ва масалан, ипакдан тўқиладиган шойи либосларни киноюлдузлар ёки шунга ўхшаш доираларда юришни хуш кўрадиган бойвачча олифталарнинг чўнтаги кўтаради.

Дарвоқе, яқинда Канн кинофестивали доирасида ўтказилган базмлардан бирида қатнашган Ўзбекистоннинг БМТ ва Испаниядаги элчиси Гулнора Каримова ҳам шоҳининг энг нафис навидан бичилган кўйлакда кўриниш берди.

Бу матоҳ шоҳларга мансублигига ишора ўлароқ "шоҳи", деб ҳам аталади.

Бироқ бошқа мамлакатларда ипак ишлаб чиқариш жараёни “ўзбекча модел”дан кескин фарқ қилади.

Ҳиндистондаги энг йирик ва машҳур ипак ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири “Banaras Silk” ширкатининг менежери жаноб Ашутош Кумар Озодлик радиоси билан суҳбатда пиллани ипакка, ипакни шойига айлантириш жараёни кўплаб халқалардан иборат занжир эканини айтди. Лекин бу занжирнинг барча халқалари, жумладан, пилла қуртини етиштирадиган оддий фермерлар ўз оиласини боқиш ва яхши ҳаёт кечириш учун етарли фойда олади.

- Бизда пилла тутувчи фермерлар жуда бадавлат бўлмасалар-да, ўзларига тўқ ҳаёт кечиради. Албатта, уларнинг меҳнатида кўплаб қийинчиликлар учрайди. Масалан, бир йили қуруқчилик бўлса, келаси йили ёғингарчилик кўп бўлиши мумкин ва бу улар етиштирган пилла сифати ва миқдорига таъсир қилади албатта. Лекин улар ўзига тўқ ҳаёт кечиришини 100 фоиз ишонч билан айтишим мумкин. Чунки ипакчилик жуда сердаромад соҳадир. Агар фермерлар етарли фойда кўрмаганида, пилла тутишармиди, дейди ҳиндистонлик тадбиркор.

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг пиллачиликни ривожлантириш бошқармаси мутасаддиси Қаҳҳор Гапқочдиевга кўра, пиллачилик ва ипак етиштириш Ўзбекистонда ҳам сердаромад соҳа.

Озодлик: Ипак қурти тутаëтган фермер хўжаликларидан ҳар бир кило пилла неча пулдан сотиб олинади?

Қаҳҳор Гапқочдиев: Энди етиштириш учун пул тўлаймиз-да биз. Етиштириш учун 1700 ўртача нарх. Ўртача 1700 (сўм) бу тирик пиллага тўланадиган нарх. Уни қуруққа айлантиргандан кейинги нархи эртага келишув нархи билан 6500-7000 сўмга тўғри келади.

Озодлик: Энди у қайта ишлаб бўлингандан кейин ...

Қаҳҳор Гапқочдиев: Қайта ишлаб бўлингандан кейин экспорт масаласи енгилсаноат корхоналарининг иши. Ҳукуматнинг қарори¸ ҳукуматнинг розилиги билан экспорт қилса экспорт қилади. Бўлмаса, ўзимизда қайта ишлайдида саноат маҳсулоти сифатида Ўзбекистонни таъминлайди.

Озодлик: Фермерлар ипак қурти етиштиришдан қанча фойда кўради?

- Энди, зарар кўрмайди. Сабаби фойда кўриши, биринчидан, одамлар иш билан таъминланади. Иккинчиси¸ ернинг атрофида экилган тутларни¸ эррозияга қарши экилган тутлар бор¸ ипак қурти учун махсус ташкил қилинган плантациялар бор¸ ўшалардан боқиладиган фермернинг бемалол харажатини қоплайдиган даражада¸ шунинг учун ҳам ўртача 1700 сўмдан нарх белгиланган-да. Нарх белгилаш ҳам учта ташкилот рухсати билан¸ рухсати билан эмас, ҳисоб-китоб қилингандан кейин. Эртага зарарига ҳеч ким ишламайди-ку. Монополия ташкилоти тасдиғи билан келишади¸ Қишлоқ хўжалиги ҳамда Енгилсаноат уюшмалари билан биргаликда ўртача президент қарори бўйича нарх белгилайди. Нарх белгиламайди¸ тавсиявий нарх ишлаб чиқади¸ дейди Гапқочдиев.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида пиллачиликни ривожлантириш билан шуғулланадиган Гапқочдиев пилла тутган фермер зарар кўрмайди, дер экан, фермерларга мажбурлаб ипак қурти берилаётганини инкор қилди.

Озодлик: Қаҳҳор ака¸ агар фермер пилла етиштиришни истамаса¸ “Бу йил пилла етиштирмайман” дейишга ҳаққи борми ëки у пилла етиштиришга мажбурми?

Қаҳҳор Гапқочдиев: Йўқ¸ мажбур эмас.

Озодлик: Мажбурлашаяпти, деб айтишаяпти-да?

Қаҳҳор Гапқочдиев: Йўғе¸ у нотўғри. Беш қўл баробар эмас-ку. Чунки унинг атрофида тут бор-ку. Тутни нима қилади у? Бу ҳам мамлакатнинг битта соҳаси. Ҳиссасини қўшиши керак у ҳам. Ерларнинг атрофида тут бор-ку. Тутнинг баргидан фойдаланади-да.

Озодлик: Тут бўлса ҳам мен фермер бўлсам¸ еримга қарашим керак-да.

- Тўғри¸ агар сиз хоҳламасангиз¸ бошқа хоҳлаган пилла етиштирадиганга баргингизни сотишингиз мумкин¸ дейди Қаҳҳор Гапқочдиев.

Бухоролик фермер Нормурод ака эса қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакили гапни олиб қочмоқда, дейди.

Нормурод ака: Йўқ¸ мажбурий бу. Маҳаллий томондан айтилади бу. Оғзаки қарорлар икки қилинмайди. Боқилади тамом. Боқилади¸ топширилади. Агар топширмаса¸ ер ҳам олинади.

Озодлик: Ерни олиб қўйиши мумкин.

- Ҳа. У таҳлил қилиб ўтирилмайди. У шунга қўшиб берилган нарса. Шуни боқиб бериши керак-да. Азалдан ҳам шундай бўлган. Ҳозир ҳам худди шундай. Буни шундай тушуниш мумкин. Масалан, мана сиз нон сотаяпсиз. Ëнида битта хўрозқанд қўясиз. Ким нон оладиган бўлса¸ битта хўрозқанд сотавериш керак мажбурий. У керакми-керак эмасми¸ фойдаси борми-йўқми... Худди шундай гап-да. Ерни олгандан кейин фермерга бу нарса қўшиб бериладики¸ шуни боқиб берсин, деб. Биз билмаймиз унинг фойдасини ким олади, ким олмайди. Лекин фактический боқадиган одамга ўтини қолади¸ барги қолади¸ дейди бухоролик фермер Нормурод ака.

Ҳиндистондаги “Banaras Silk” ширкати менежери ўзбекистонлик фермерларнинг мажбурий равишда пилла қуртини боқаётгани ҳақидаги гапга ишонгиси келмади.

- Йўқ, бунга ишониш қийин. Агар фермер зарар кўрса, нимага пиллани боқишга кўнади? Бу бориб турган бедодлик-ку. Ҳиндистонда бунақа муаммолар йўқ. Бизда ҳам кўп ерлар давлатга қарашли, лекин фермерларни мажбурлаб пилла етиштириш, деган гап йўқ. Аксинча Ҳиндистон ҳукумати фермерларни қўллаб-қувватлади, дейди жаноб Кумар.

Наманганлик фермер Абдураҳмат ака ҳам "агар пилла қуртини боқишдан бош тортсак, еримиздан ажралишимиз турган гап", дейди. "Пилла қуртини ўз зараримизга тутиб беришимиз етмаганидек, ҳар бир қути қурт учун белгиланган планни бажармасак, зарар устига яна жарима ҳам тўлашимиз керак", дея давом этади Абдураҳмат ака.

- Ерни топшир¸ дейди. Ҳамма нарсага рўкач қилинган ер. Шахсан менда ўтган йили шундай бўлган эди. Мен Қозоғистонга кетган эдим. Ўғилчалар телефон қилди. “Фалонча топширишингиз керак 90 кило. 180 минг пул беришимиз керак” ва ҳоказо. Жўнатдим бу ердан. Хуллас, уни ҳалиги нима қилиб бажарилган. Кейин билсам¸ бажарилмаган бўлган экан. Бизнинг номимиздан 90 кило ўрнига 50 кило пилла ўтган экан. Биз планни бажара олмабмиз. Шартномада шундай шартлари бор экан. Агар планни бажара олмасангиз¸ бажара олмаган суммани ҳисоблаб, шу сумманинг 25 фоизини штраф қилиши мумкин экан. Шунақа қилиб, менга хўжалик судидан бир қоғоз келди. “Сиз судга келмадингиз. Сизсиз мана шу нимани кўриб чиқдик. Сиз фалонча зарар келтиргансиз. Шунча планни бермагансиз. Шу зарарнинг 25 фоизи 156 минг сўм бўлади. Суднинг харажатлари 30 неча минг бўлади” деб, хуллас, 180 мингдан ошиқроқ суднинг ҳукми келди. Нимадан ташқари яна зарарга ўтирдим мен. Энди сиз ҳисоб-китоб қилганмисиз - фермер қанча фойда кўраяпти? Шу кетишда 90 фоиз фермер ерни ташлаб қочади, дейди наманганлик фермер.

Хўш, пилла қуртини боқаётган фермер ўз зарарига ишлаётган экан, бу сердаромад соҳадан фойда кўраётганлар кимлар ва улар қанча фойда кўришади?

“Ўзбекенгилсаноат” мутасаддисидан эшитганингиздек, бу маълумотлар давлат сири ҳисобланади ва бу ҳақдаги қарор шахсан президент Ислом Каримов даражасида қабул қилинган.

Ипак толаси ва шойи ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ўзбекистонлик тадбиркорлардан бири пилла ва унинг шойига айланишигача бўлган жараёндаги нархлар ўртасидаги фарқни тушунтириб берди. Айтиб ўтиш жоиз¸ давлатдан фарқли ўлароқ, хусусий тадбиркор пиллани 1700 сўмдан эмас, 7000 сўмдан сотиб олади.

- Пилла фермерлардан сотиб олинади.

Озодлик: Неча пулдан сотиб оласизлар?

- Тайëр пилланинг бир килосини 6000-6500 сўмдан сотиб оламиз. Бу ўтган йилги нарх.

Озодлик: Бир килосидан қанча шойи чиқади?

- Етти килограмм ипакдан 200 метр материал чиқади.

Озодлик: Етти кило ипак олиш учун қанча қуруқ пилла керак?

- 20 килодан ортиқ пилла керак.

Озодлик: 200 метр материал неча пул бўлади?

- 200 метр материал ҳар хил. Мен энди 40 доллар деяëтганим бу бозордаги сотилиш нархи. Бу таннархи эмас. 40 долларгача сотилиш нархи. Таннархи 20 доллар¸ 25 доллар бўлиши мумкин. Лекин бугунги кундаги бозор нархи 30 доллардан 40 долларгача. У бозор нархи¸ дейди ипак толаси ва шойи ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ўзбекистонлик тадбиркорлардан бири.

Демак, оддий арифметик ҳисоб-китобларга кўра, пилла қуртини тутган оддий фермерга тўланаётган ҳақ билан якуний маҳсулотнинг нархи ўртасида қарийб 10 баробардан кўпроқ фарқ бор. Агар давлат фермерга тўлаётган 1700 сўмдан келиб чиқиб ҳисобласак, бу фарқ қарийб 30 баробарни ташкил қилади.

Бу дастурни тайёрлаш жараёнида “Ўзбекенгилсаноат” давлат ширкатининг бошқа вакили билан ҳам микрофонсиз суҳбат қилиб, баъзи тафсилотларни аниқлашга муваффақ бўлдик. Шахси сир қолишини истаган бу суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон ипакни асосан хом ашё сифатида экспорт қилади. Яъни пилладан йигирилган ипак толаси Ҳиндистон, Туркия, Эрон, Ветнам ва Хитой каби мамлакатларга сотилади. Бу суҳбатдошимиз ҳам ўзбек ипаги неча пулдан экспорт қилинишини ошкор қилишни истамади.

Лекин жаҳон бозорида бир килограмм ипакнинг нархи 45-50 долларни ташкил этишини иноабатга олсак, ўзбекистонлик фермерлар меҳнати эвазига кўрилаётган фойда қанча эканини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бу фойдани ким кўраётгани эса “секретний ҳисобланадида. Қарор бор-да. Ўша қарорда секретликка киритилган. Президентнинг ўзи қўл қўйган именно”.
XS
SM
MD
LG