Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:28

"Камолот" ҳаракати ўз посбонларини тузмоқда


"Камолот" ҳаракати Ўзбекистон президенти ташаббуси билан 2001 йилда тузилган ташкилотдир.
"Камолот" ҳаракати Ўзбекистон президенти ташаббуси билан 2001 йилда тузилган ташкилотдир.

Тошкент вилоятининг Қозоғистон ва Тожикистон билан чегара ҳудудларида “Камолот посбонлари” отрядлари тузилди. Кўнгилли асосда фаолият юрғизиши айтилаëтган бу посбонлар¸ махсус хизматларга маълумот етказиб бериш билан шуғулланмоқда.

"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Тошкент вилояти бўлими ходими Марат Нуровнинг Озодликка билдиришича, бундай гуруҳлар ташкил этилганига бир ҳафта ҳам бўлгани йўқ.

- Биринчи бу нарса 27 апрелда ҳокимиятда бўлган. Ҳокимиятда ташкилий ишлар йиғилиш бўйича. Кейин Тошкент вилояти "Камолот"ида бўлди. Йиғилиб ëшлар ҳаммаси 186 бўлса¸ ҳаммаси йиғилди бу ерга. Нима уларнинг вазифаси бўлса¸ ëн дафтарча шаклида чиқиб қўлига “Камолот посбонлари” деган гувоҳнома берилиб¸ улар жойларга кетди ҳаммаси. Масалан¸ бизларга маълумотлар келади. Ўзлари аниқлаган ҳолатлар бўйича ички ишлар¸ участка нозирларига хабар беради. Бизлар бу маълумотларни "Камолот" орқали оламиз. Энди бошланди. Бизларга маълумот энди келади, дея изоҳ берди посбонлар фаолиятига "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Тошкент вилояти бўлими ходими Марат Нуров.

Суҳбат давомида Марат Нуров “Камолот посбонлари”нинг кимлардан ташкил топганига ҳам ойдинлик киритди:

- Бир хиллари ҳарбий хизматдан қайтган. Чунки бизларнинг таркибда 30 ëшгачаю. Ўшангача бўлган ëшлар кўнгилли ëшлар. Қишлоғидан чегара ўтган. Улар кўп нарсани билади. Айнан ўшанинг ичида юрибди. Масалан¸ қишлоқнинг ичида юрибди-а? Ҳудудда мол боқади¸ бошқа қилади¸ деҳқончилигини қилади тўғрими? Чегарадан кимдир у ëқ бу ëққа нарса олиб ўтаëтганини кўради. Улар бевосита ўзлари ҳаракат қилмайди. Ички ишлар бўлади¸ маҳалла оқсоқоллари бўлади¸ маҳалла фаоллари бўлади¸ участка нозирлари бўлади тўғрими? Ўшалар билан биргаликда ҳаракат қилади. Чегарадан ноқонуний олиб ўтилаëтган нарсалар контрабандасини сезса¸ уларга беминнат¸ пулсиз хабар беради.

Озодлик: Бу ишлардан посбон йигитларга фойда нима?

- Опа¸ фойдаси унга бўлмаганлиги учун ҳам "кўнгилли ëшлар" деяпти. Бу ерда йиғиб туриб бизлар уларга тушунтирдик. Буларнинг мақсади ўзимизнинг ички бозоримиз нимасини сақлаш тўғрими? Масалан¸ ўша нарса чегара ҳудудда камайса¸ Ўзбекистон иқтисодиëтига фойда бўладими? Чегарада дахлсизлик таъминланса¸ ўзининг оиласи¸ қишлоғи¸ маҳалласи¸ ватанининг хавфсизлигининг олдини олган бўладими?

Озодлик: Бўлса керак энди.

- Бўлса керак эмас¸ 100 фоиз бўлади. Ўша уларнинг онгига сингдирилган ҳолатда бизлар тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бордик. Шунинг натижасида бизнинг олдимизга кўнгилли ëшлар чиқиб келаяпти.

Озодлик: Шунақа ëшлар кўпми?

- Албатта кўп. Ҳозир улар яна саноқсиз келаяпти. Бунинг ўтганига уч кунми-тўрт кунми бўлди, дейди Тошкент вилояти бўлими ходими Марат Нуров.

Суҳбат давомида Тошкент вилояти “Камолот” ҳаракати вакили бундай посбонларнинг Ўзбекистонда илк маротаба Андижонда пайдо бўлганини айтиб ўтди. Шу муносабат билан биз ҳаракатнинг Андижон бўлимига қўнғироқ қилдик.

Ҳаракатнинг Андижондаги вакили ярим соатдан кейин қўнғироқ қилишимизни айтди. Ярим соатдан сўнг эса :

- Биз сиз билан гаплаша ололмаймиз. Керакли одамларга қилинг. Биз сизга керакли одаммасмизда. Қайтиб телефон қилманг, дея гапни қисқа қилди.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновга кўра¸ ҳозирча вилоятда фаолият бошлагани айтилаëтган “Камолот посбонлари” ҳақида на ўзи ва на кенг жамоатчиликнинг хабари борлигини айтади:

- Йўқ¸ йўқ¸ мен уни эшитмаган эдим. "Маҳалла посбонлари"ни эшитганман. Лекин "Камолот посбонлари"ни энди эшитаяпман. Эътибор бермаган эканман аввал. Бизнинг Андижонда эмас¸ ҳамма ерда ҳам чегарадаги аҳоли кўпинча у ëқдан бу ëққа ўтишга ўзига бизнес қилиб оладида. Шунақа нималар жорий қилинган бўлса¸ энди балки бўлгандир шунақа воқеалар¸ ушлангандир одамлар, дея тахмин қилади андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Суҳбатдошимиз¸ гарчи фаолиятидан бехабар бўлса-да¸ "Камолот посбонлари"га юклатилган вазифалар совет давридаги дружинначиларни эсга солишини таъкидлайди:

- Совет даврида¸ бизнинг ëшлигимизда дружинниклар бўларди. Шу дружинникларнинг қандайдир ўқишга киришига ëки партияга ўтишига қандайдир ëрдами бўларди. Яхши характеристика олиш учун дружинникларга имтиëз бор эди, дер экан ҳуқуқ фаоли¸ гарчи камолотчи ëшларга ҳуқуқ идораларига еткизиладиган маълумот учун пул тўланмаса-да¸ уларга қандайдир имтиëзлар ваъда этилганини тахмин қилади.
XS
SM
MD
LG