Линклар

Клинтон Сеулга борди


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон икки Корея ўртасида юзага келган бўҳронда ўз мамлакати Сеул томонидан бўлишини таъкидлади.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон икки Корея ўртасида юзага келган бўҳронда ўз мамлакати Сеул томонидан бўлишини таъкидлади.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Шимолий Кореяни ўз қўшниси Жанубий Кореяга қарши қилаётган тахдид ва провокациялар оқибатларидан огоҳлантирди. Бугун Сеул сафарини бошлаган Клинтон хоним, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни Пхенян ҳаракатларига қарши муносиб жавоб қайтаришга чақирди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон расмий Вашингтон Жанубий Корея ҳарбий кемасининг Сариқ денгизида Шимолий Корея ракетаси билан чўктириб юборилиши ортидан юзага чиққан бўҳронда расмий Сеул тарафида бўлишини алоҳида таъкидлади.

- Давлатларимиз тақдири бир неча йиллар давомида ўзаро боғлиқ бўлган. Корейс ярим ороли ҳамда бутун минтақа тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида биз сўнгги 60 йил давомида биз биргаликда хушёр ва огоҳ бўлиб келдик. Жанубий Корея суверенитети ва хавфсизлиги АҚШ олдида турган муқаддас бурч ва қатъий мажбуриятдир, деди Сеулдаги матбуот анжумани чоғида Клинтон хоним.

АҚШ давлат котиби, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни Шимолий Корея ҳаракатларига қарши муносиб жавоб қайтаришга чақирди.

- Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган халқаро мустақил текширув холис бўлди, исбот-далиллар етарлича ва қилинган ҳулосани инкор қилиб бўлмайди. Бу Шимолий Кореянинг қабул қилиб бўлмайдиган провокацияси бўлган ва бунга муносабат билдириш халқаро ҳамжамиятнинг вазифаси ва бурчидир, деди Ҳиллари Клинтон.

26 март куни Сариқ денгизда Жанубий Кореяга тегишли ҳарбий кема чўктириб юборилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган текширув натижасида кеманинг чўкишига Шимолий Корея сувости кемасидан отилган ракета сабаб бўлгани аниқланган.

Расмий Пхенян эса Жанубий Корея ҳарбий кемасини чўктирганини кескин инкор қилиб, норозилик тариқасида ён қўшниси билан барча алоқаларни тўхтатишини эълон қилди.

- Кореяни тинчлик йўли билан бирлаштириш масаласи билан шуғулланувчи қўмита бугундан бошлаб ўзаро алоқалар музлатилиши, шимол ва жануб ўртасида бир-бирига ҳужум қилмаслик ҳақида эришилган келишув бекор қилиниши ҳамда икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг тўхтатилишини расман эълон қилади, деди Шимолий Корея давлат телевидениеси суҳандони.

Жанубий Корея томони ҳам сешанба кунидан Шимолий Кореяга мўлжалланган пропагандистик эшиттиришларини қайта тиклашини маълум қилиб, Пхенян билан барча савдо алоқаларини тўхтатганини маълум қилди.

Сеулга келишдан аввал АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Пекинда бўлиб, Хитой раҳбариятини Шимолий Кореяга нисбатан қаттиққўл сиёсат юритишга ундади.

- Ишончим комилки, Хитой томони масаланинг жиддий эканлигини тушунган ҳолда, Жанубий Корея ва АҚШ томонидан билдирилаётган ташвишларни инобатга олишга уринмоқда. Хитой билан бирга ҳамкорлик қилиб, Шимолий Корея провокацияларига қарши жавоб чоралари қўллашга умид қилмоқдамиз, деди Ҳиллари Клинтон.
XS
SM
MD
LG