Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:33

Интернет Ўзбекистонда жуда суст


Ўзбекистон интернет тезлиги кўрсаткичи бўйича минтақадаги баъзи қўшниларидан икки баравардан зиёд ортда қолиб кетган. Ookla ширкатининг Net Index тадқиқоти ўтказган кузатишлар ана шундай хулосага олиб келди.


Қирғизистон минтақа давлатлари орасида интернет тезлиги энг юқори мамлакат бўлиб, Net Index рейтингида 52-ўринни (секундига 4,8 мегабит) эгаллаган. Қозоғистон 62-ўринда, Ўзбекистон 128-поғонада.

Жаҳон бўйлаб биринчи ўринни Жанубий Корея эгаллаган. Бу мамлакатда интернетга секундига 34,14 мегабайт тезликда кириш мумкин.

Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 1,12 мегабайтни ташкил қилади, холос.
Собиқ совет мамлакатларидан Латвия ва Молдавия мазкур рўйхатда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаб, интернетга уланиш тезлиги бўйича жаҳондаги энг илғор бешликка кирди. Латвияда ўртача тезлик секундига 24,29 мегабитни, Молдавияда эса 21,37 мегабитни ташкил қилади. Тўртинчи ўринни Япония (20,29 мегабит/сек), бешинчини Швеция (19,78 мегабит/сек) эгаллаган.

Net Index рейтингида Тожикистон ва Туркманистон йўқ. Россия секундига 9,79 мегабит тезлик билан рўйхатнинг 28-поғонасида турибди.

152 мамлакатни қамраб олган мазкур рўйхатда охирги ўринларни Зимбабве, Гватемала, Яман, Мали ва Судан каби мамлакатлар эгаллаб турибди. Бу мамлакатларда интернетга кириш тезлиги секундига 500 килобитдан ҳам пастроқ.

Ўзбекистонда интернет тезлиги анча паст бўлиши баробарида мамлакатда расмийлар назарида номақбул бўлган веб-ресурсларга тўсиқ қўйиш амалиёти ҳам давом этмоқда.

Ўзбекистонда расмий Тошкент ҳаракатлари юзасидан танқидий фикрлар бериши мумкин бўлган хорижий ва маҳаллий ахборот агентликлари ва радиолари веб-саҳифалари тўсилган. “Номақбул” веб-сайтларга, агар омадингиз келиб қолса, фақат прокси-cерверлар ёки анонимайзерлар ёрдамида кириш мумкин.

Айни пайтда АҚШда интернет тармоғида ахборотни бўғадиган, чеклайдиган ёки аслидан бошқача қилиб кўрсатадиган воситаларни “айланиб ўтиш” учун утилит яратишни кўзда тутган SAFER лойиҳаси устида иш бошлангани хабар қилинмоқда.

Пентагон томонидан молиялаштирилаётган мазкур лойиҳа доирасида ишлаб чиқилмиш утилитлар ҳарбий мақсадларга йўналтирилгани айтилаётгани билан бу утилитлар ёрдамида тармоқни филтрлаш воситаларини айланиб ўтиш мумкинлиги ҳам қистириб ўтилган.

SAFER технологияси сайтларнинг “қора рўйхат”ига эга алоқа операторлари томонидан фойдаланиладиган IP-адреслар филтрацияси ва блокировкасини айланиб ўтишга имкон беради.

Лойиҳа муаллифлари мулоҳазасича, тўсиқларни айланиб ўтиш воситалари расмийлар у ёки бу ресурсларга киришни таъқиқлаган мамлакатлардаги диссидентларга қўл келиши мумкин.
XS
SM
MD
LG