Линклар

Ўзбекистон элчихонаси пикет қилинди


Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси биноси олдига йиғилган тожиклар олдига ўзбек дипломатлари чиқишни лозим топмадилар.

Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси биноси олдига йиғилган тожиклар олдига ўзбек дипломатлари чиқишни лозим топмадилар.

27 май куни Бишкекда ўтган бу тадбирни Тожикистонга аталган гуманитар ёрдамлар юкланмиш вагонларнинг Ўзбекистонда ушлаб турилишига қарши Қирғизистон тожиклар ассоциацияси ва тожик талабалари ўтказди.


Пикетчиларнинг айтишларича, Тожикистонда содир бўлган сел оқибатида бу мамлакат халқаро кўмакка муҳтож бўлиб қолган. Ўзбекистон томони эса селдан зарар кўрганларга жўнатилган гуманитар ёрдам юкланган вагонларни чегарада сабабсиз ушлаб турибди.

- Тожикистонда минглаб одамлар ёрдамга муҳтож бўлиб турибди. Масалан, Кўлобда жуда кўп оилалар чодирларда яшаяпти. Халқаро ҳамжамият бундай оғир кунларда Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатяпти. Аммо, афсуски, бу халқаро ёрдам Ўзбекистонга етиб келганда ҳеч қандай сабасиз ушлаб қолинмоқда. Биз 50 мингдан ортиқ қирғизистонлик тожиклар номидан Ўзбекистон ҳукуматига ўз норозилигимизни билдириш учун бу ерга тўпланганмиз, деди Қирғизистон тожиклар ассоциацияси раиси ўринбосари Қодиршо Муриватов.

Қирғизистон халқаро университетида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Шоиста Равшанова эса Ўзбекистон томонидан гуманитар юкларнинг Тожикистонга ўтказилмаётганини икки давлат муносабатларидаги совуқчилик билан боғлайди:

- Биз ўйлаймизки, минтақавий сиёсатдаги манманлик Ўзбекистонга инсонпарварлик йўналишида таъсир кўрсатмаслиги керак. Ахир инсонпарварлик ёрдамлари ушлаб қолиниши оқибатида президент ёки ҳукумат амалдорлари эмас, оддий халқ жабр тортмоқда. Буни Ўзбекистон раҳбарияти тушуниши лозим, деди Шоиста Равшанова.

Пикетда Қирғизистонда ўқиётган 50 нафар тожикистонлик талаба ҳам иштирок этди.

- Исталган давлат мана шундай вазиятга тушиб қолиши мумкин. БунданЎзбекистон ҳам мустасно эмас. Минглаб одамлар муҳтож бўлиб турган ёрдамни ўтказмай қўйишлик одамгарчиликдан эмас, дейди Бишкекдаги авиация мактаби талабаси Рауф Зафаров.

Пикетчилар Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қабул қилганларини ҳам айтиб ўтдилар. Улар бу мурожаатни топшириш учун Ўзбекистон элчихонасидан бир вакил олдиларига чиқишини илтимос қилдилар. Бироқ элчихона ходимларидан бирортаси пикетчилар олдига чиқишни лозим топмади. Шундан сўнг норозилар ўз мурожаатларини элчихонани қўриқлаётган милиция ходимларига топшириб, улардан мурожаатни элчига бериб қўйишни илтимос қилдилар ва тарқалдилар.

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари бугунги пикет муносабати билан шарҳ беришни истамадилар.

Тожикистон темирйўлчиларига кўра, айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида Тожикистонга жўнатилган 969 вагон инсонпарварлик ёрдами ушлаб турилибди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси расмийси Зафаржон Раҳимжонов 24 май куни Озодлик радиоси мухбирига берган суҳбати чоғида юк вагонларининг ушлаб қолинишига Термиз-Амузанг темир йўл участкасидаги техник носозлик сабаб бўлаётганини айтган эди.
XS
SM
MD
LG