Линклар

Нефтни тўхтатиш уринишлари давом этмоқда


British Petrolium ширкати Мексика кўрфазидаги қувурдан сувга сизиб чиқаётган нефтни тўхтатиш борасидаги уринишларнинг режа бўйича амалга оширилаётганини маълум қилди.

Ширкат мутахассислари денгиз тубидаги ёрилган қувурни лой билан тўлдириб, шу тариқа бир ойдан буён сувга оқиб чиқаётган нефтни тўхтатишни режалаган. АҚШ ҳукумати ҳам ширкатнинг бундай усулини қўллаб-қувватлашини билдирган, бироқ бу каби уринишларнинг қанчалик самара бериши ҳозирча аниқ эмас.

British Petrolium ширкати ва АҚШ ҳукумати навбатдаги мазкур уринишнинг муваффақият билан якун топишини кафолатлай олмасликларини тан олдилар.

- Қувурни лой билан тўлдириш жараёни камида 24 соат давом этади ва 24 соатдан кейингина биз ушбу амалиёт натижаларини қўлга киритишимиз мумкин. Таъкидлаганимдек, мазкур жараён режа бўйича давом эттирилмоқда ва бир гурух мутахассисларимиз имкон қадар тез фурсатда қувурни ёпиш ишини амалга оширмоқда, деди ширкат вакили Тони Ҳайвард.

Айни пайтда АҚШ жанубидаги Луизиана штатининг денгизга туташ ҳудудида соҳилнинг 160 километрини кўрфазидаги авария оқибатида сувга оқиб чиқаётган нефт қоплади.

Штат губернатори Бобби Жиндэл чоршанба кунги чиқишида нефт қазиш платформасидаги аварияни бартараф этолмаётган Бритиш петролеум ширкатини ҳамда АҚШ федерал ҳукуматини танқид қилди.

Жиндэл фикрича, авария оқибатларини бартараф этиш йўлида кўрилаётган чоралар "жуда заиф ҳамда жуда кечдир".

XS
SM
MD
LG