Линклар

logo-print

Cўғдда ўз жонига қасд қилиш кўпайди


Кузатувчиларга кўра, Сўғдда одамларнинг ўз жонига қасд қилишга иқтисодий аҳволнинг оғирлиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Сўғдда одамларнинг ўз жонига қасд қилишга иқтисодий аҳволнинг оғирлиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Тожикистоннинг Cўғд вилоятида куни кеча мактаб директори ўзини осиб қўйди. Маълумотларга кўра, ўтган ҳафтада олти сўғдлик худкушликка қўл урган. Сўнгги тўрт йил мобайнида эса вилоятда икки мингга яқин одам ўзини ўлдирган.

Расмий маълумотга кўра, Сўғд вилоятининг Табошар шаҳрида мактаб директори бўлиб ишлаган Олим Қодиров ўзини осган. Мактаб директорининг ўз жонига қасд қилганлиги турлича талқин қилинмоқда.

- Олим Қодировнинг худкушлик қилганини унинг бу жамиятга нисбатан, бугунги тузумга нисбатан исёни, деб ҳисоблайман. Чунки мактаб директори бўла туриб, оиласини боқа олмаганидан кейин, рўзғорини тебрата олмаганидан кейин бошқа йўл тополмаган. Умуман ватандошларимизнинг худкушликка қўл уришининг бир нечта сабаблари бор. Кўпчилик эртанги кунига ишонқирамай қарайди, яхши кунлар келишига умиди йўқ, дейди Табошар шаҳрида истиқомат қилувчи зиёлилардан бири.

Вилоят прокуратураси тарқатган маълумотларга кўра, жорий йил тўрт ойи мобайнида Сўғдда қарийб 90 киши ўз жонига қилган.

- Бу масала бугунги кунда давлат ва жамият учун энг ўткир муаммо ҳисобланади. Худкушлик биргина ҳуқуқ-тартибот идораларинигина эмас, балки мамлакат раҳбарларини ҳам ташвишга солиб келмоқда. Жумладан, республика президенти вилоятга ташриф буюрганда ҳам мазкур муаммога алоҳида тўхталди, дейди вилоят прокурори ўринбосари Музаффар Боқиев.

Сўғд вилоят ҳукумати идеология бўлимининг етакчи мутахассиси, ҳукмрон Халқ демократик партия аъзоси Амин Шариповнинг сўзларига кўра, сўғдликларнинг худкушликка қўл уришларига кўпинча оиладаги жанжаллар сабаб бўлмоқда.

- Мен одамларнинг иқтисодий жиҳатдан қийналгани ёки онги пастлиги сабаб худкушликка қўл уришига ишонмайман. Масалан, республикада фуқаролар уруши даврида очарчилик ҳам, жуда мушкил кунлар ҳам бўлди. Бироқ ҳеч ким ўз жонига қасд қилмади-ку. Бугун тинчлик, осудалик, ҳаёт яхши-ку. Назаримда, гап бошқа ерда. Одамларимиз иродасиз бўлиб кетган. Мана шунинг учун ҳам хукумат ва дин улламолари вакиллари минтақа аҳолиси ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириши лозим, дейди Амин Шарипов.

Бироқ Тожикистон социал-демократик партияси аъзоси, ҳуқуқшунос Бахтиёр Насруллоев фикрича, давлат аҳоли ижтимоий аҳволини яхшилаш масаласига жиддий эътибор бермаётганлиги мана шундай оғир оқибатларга олиб келмоқда.

- Тожикистон аҳолисининг аксари давлат ғамхўрлигидан маҳрумдир. Ана шундай оғир пайтда ўша одамнинг олдида кўнглини кўтарадиган, уни қўллайдиган киши топилмайди. Жойлардаги маҳаллий ҳукуматлар уларнинг додига қулоқ солмаётганлигини ҳам эътироф этиш жоиздир, дейди Бахтиёр Насруллоев.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси вилоят бўлими раиси Наим Самиев эса бу борада бошқача фикрда.

- Мактабларда таълим-тарбия масаласи жуда суст йўлга қўйилган. Болалар оилавий тарбиядан ҳам четда қолиб кетмоқда, чунки ота-оналарнинг аксарияти меҳнат муҳожирлигида. Ниҳоят охиргиси ва энг муҳими, одамлар исломий маърифатдан йироқлашган. Шунинг учун мактабларда, олий ўқув юртларида ислом уламолари ўз жонига суиқасд қилиш номақбул эканлиги ва гуноҳи азим эканлиги ҳақида суҳбатлар уюштиришса, фойдадан холи бўлмасди, дейди Наим Самиев.

Кузатувчиларнинг айтишларича, жаҳонда давом этаётган глобал молиявий бўҳрон ҳам худкушлик омилларидан бири бўлиб қолмоқда. Инқироз туфайли ватанига қайтиб келаётган меҳнат муҳожирлари ишсизлик, пулсизлик оқибатида оиласини боқиш йўлларини тополмаяпти. Пировардида бу муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли худкушлик бўлаяпти.
XS
SM
MD
LG