Линклар

Халқаро амнистия ташкилоти дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари вазиятига оид янги йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра¸ ўтган йил давомида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятда ижобий ўзгариш кузатилмаган.


Қароргоҳи Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 2009 йилги инсон ҳуқуқлари аҳволига оид 27 май куни эълон қилинган ҳисоботида жаҳоннинг 159 давлатидаги инсон ҳуқуқлари вазиятига баҳо берилган.

Россия, Марказий Осиё давлатлари, Эрон, Судан, Мьянма, Хитой каби давлатлар¸ ҳисобот муаллифларининг кескин танқидига учраган¸ Афғонистон ва Ироқда ҳам инсон ҳуқуқлари топталиши ҳолларининг кўп кузатилаётгани қайд этилган.

Инсон ҳуқуқлари аҳволи учун бир неча йиллардан буён кескин танқидга учраб келаётган Россияда, ташкилот вакилларининг билдиришича, 2009 йил мамлакат раҳбариятининг инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида берган ваъдаларига қарамай ушбу йўналишда сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган.

- Президент Дмитрий Медведев инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида ваъдалар берган эди, бироқ афсуски, ушбу ваъдалар ҳануз бажарилганича йўқ.

Бизни ташвишга солаётган асосий муаммолардан бири¸ шубҳасиз¸ Шимолий Кавказдаги вазиятдир. Қонун устиворлиги таъминланмаслиги ва жазога тортилмаслик каби тушунчалар тез тарқамоқда ва жиддий ташвишларга сабаб бўлмоқда. Биз у ерда одамларнинг ўғирланиши, қотилликлар ва ноҳақ ҳибсга олинишларга гувоҳ бўлганмиз. Қуролли гуруҳлар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги зўравонликлардан асосан тинч аҳоли вакиллари жабр кўрмоқдалар, деди Халқаро амнистия ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури раҳбарининг ўринбосари Андрея Ҳубер.

Ҳисобот муаллифларининг билдиришича, инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши нафақат Шимолий Кавказ¸ балки Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам қайд этилган. Уларга кўра, россиялик ҳуқуқ фаоллари, адвокатлар ва журналистларга қарши қилинаётган ҳужумлар ҳамда миллий нафрат асосида содир этилаётган жиноятлар кўлами ортган.

Россияда, шунингдек, ноқонуний ҳибсга олиш ва давлат сиёсатини танқид остига олган шахслар турли айбловлар билан қамаш амалиётлари кенг қўлланилган. Андрея Ҳубер сўзларига кўра, бундай ҳолатлар Кавказ ва Марказий Осиё давлатларида ҳам кузатилган.

- Мисол учун Озарбайжонда, журналист Эйнулло Фатуллаевга учта турли жиноят бўйича айблов эълон қилинган, Европа суди ушбу айбловларнинг соХталаштирилганини тасдиқлагандан сўнг у озод қилинди. Ҳозир эса унга тўртинчи жиноят бўйича айблов қўйилмоқда. Айни пайтда биз минтақада маҳаллий ҳукуматларнинг ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилмасдан, диссидентларни қамаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, деЙди Андрея Ҳубер.

Халқаро амнистия ташкилоти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ҳам мунтазам равишда кузатиб келади.

Хусусан ташкилот яқинда, Андижон воқеаларининг 5 йиллиги муносабати билан Европа иттифоқига мурожаат қилиб, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистларни таъқиб қилишда давом этаётгани учун Ўзбекистонни кескин қоралашга чақирган эди.

Ташкилотга кўра, Ғарб ҳукуматлари ўз сиёсий манфаатларини инсон ҳуқуқларидан устун қўйган ҳолда бу борадаги муаммоларни муҳокама қилишда иккиюзламачиликка йўл қўймоқдалар.
XS
SM
MD
LG