Линклар

logo-print

Ҳукумат ноҳукумат ташкилотларига пул ажратди


Ноҳукумат ташкилотларига пул бериш орқали Тошкент уларни ҳукумат тизгинидаги тизимларга айлантирмоқда.

Ноҳукумат ташкилотларига пул бериш орқали Тошкент уларни ҳукумат тизгинидаги тизимларга айлантирмоқда.

Ўзбекистон парламенти мамлакатдаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат ҳисобидан 4¸5 миллиард сўм ажратишга қарор қилди. Бу "саховатпешалик"нинг ноҳукумат ташкилотларини ҳукумат назоратида сақлашнинг қулай усули экани айтилмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридага Нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар ижросидаги фаоллигини ошириш учун жорий йилда 4,5 миллиард сўм (давлат курси бўйича 2 миллион 650 минг доллар)дан ортиқ маблағ ажратишга қарор қилинди.

Бу маблағнинг нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг оилавий кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантиришни рағбатлантириш, ёшларда соғлом ва фаровон оила барпо этишга бўлган интилишни шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳаларини кўллаб-қувватлашга сарфланиши режалаган.

Бироқ таҳлилчи ва кузатувчилар давлат томонидан ажратиладиган маблағ мустақил нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва инсон ҳуқуқлари фаолларига эмас¸ балки ҳукумат назоратидаги ноҳукумат ташкилотларига берилади¸ деган фикрда.

Ўзбекистон Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳробжон Исмоилов ҳам шундай фикрда.

- Албатта¸ бу фонднинг дастурий режаларига ва унинг маблағларига умидвор бўладиган ташкилотлар Ўзбекистонда давлатга яқин позицияда ишлайдиган ва давлат кўрсатиб берадиган йўналишлардан бошқа йўналишларни ўзларининг фаолияти¸ деб қабул қилмайдиган¸ айниқса, танқиддан қочадиган нодавлат ташкилотлари мана шу маблағларга даъвогар бўлишлари мумкин, дейди Суҳроб Исмоилов.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Халқаро амнистия ташкилоти вакили Мейси Вейшердинг Ўзбекистон Олий мажлиси комиссияси ажратадиган маблағнинг фақат ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватловчи¸ расман рўйхатга олинган ташкилотларга берилишига шубҳа қилмайди.

- Мен комиссия маблағи¸ аввало рўйхатга олинган ноҳукумат нотижорат ташкилотларга берилади¸ деб ўйлайман. Агар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ташкилотлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистонда бундай ташкилотлар иккита. Шу боис маблағниниг бир қисми уларга тегиши мумкин. Айни пайтда, бу ташкилотларнинг мустақил экани ва ҳукуматни қаттиқ танқид қилиши назарга олинса, давлат томонидан ажратиладиган маблағ уларга берилмаслиги ҳам мумкин, дейди Халқаро амнистия ташкилоти вакили.

“Эзгулик" жамияти¸ Мейси Вейшердинг тилга олган Ўзбекистонда рўйхатга олинган кам сонли инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири. Ташкилот раҳбари Васила Иноятова нодавлат-нотижорат ташкилотларига парламент комиссияси ажратадиган маблағдан ўз ташкилотига улуш чиқарилмаслигига ишонади.

- Бу комиссия кимларни қўллаб-қувватлаши мумкин? Қайси ташкилотларни қўлаб-қувватлаши мумкин? Албатта¸ "Эзгулик"ни эмас. Ҳозир 3000 га яқин нодавлат ташкилотлари бор. Бу ташкилотлар айнан давлат томонидан ихтиëрий тузилган. Бу ташкилотлар ҳеч қачон Ўзбекистонда қийноқлар мавжудлиги ëки Ўзбекистондаги ички ишлар ходимлари¸ ҳуқуқ-тартибот органларини танқид қилиб чиқмайди. Улар ҳеч қачон “Ўзбекистонда мана шундай қонунбузарликлар бўлаяпти” деб чиқмайди. Албатта¸ биздан ташқари ҳамма нодавлат ташкилотларини қўллаб-қувватлашлари мумкин. Албатта¸ у ҳам коррупцияга асосланади. У ҳам қандайдир олдиндан пора бериш¸ олдиндан улуш бериш¸ олдиндан келишув¸ таниш-билишчилик¸ порахўрлик асосида амалга оширилади, дейди "Эзгулик" раҳбари.

Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячилари нодавлатнотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан ажратилаётган маблағнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун етарли эмас¸ деган фикрда.

- Менимча¸ бу жуда ҳам кичкина маблағ. Бу маблағ умумий вазиятни яхшилашга ўзининг кичик бир ҳиссасини қўшиши мумкин эди¸ қачонки Ўзбекистон ҳукумати шу билан биргаликда халқаро донор жамиятлар¸ донор фондлар бераëтган маблағларни Ўзбекистонда олинишини ва тасарруф этилишини¸ ишлатилишини яхшиласа¸ енгиллаштирса эди. Мана шундагина ички ва ташқи фондлар ажратган маблағлар билан ижтимоий вазифаларни¸ муаммоли бир масалаларни ечишга етарли равишда замин яратилди¸ дейишимиз мумкин эди. Ҳозирги пайтда бу жуда ҳам кам маблағ, дейди Суҳробжон Исмоилов.

"Эзгулик" жамияти раҳбари Васила Иноятова ҳам Олий мажлис комиссияси томонидан ажратиладиган 4,5 миллиард сўм Ўзбекистонда фаолият юритаётгани айтилаётган минглаб нодавлат нотижорат ташкилотлари учун жуда кам¸ деган фикрда.

- Ўзи аслида 4 миллиард сўм ҳеч қанча пул эмас. 4 миллиард сўм пул 3000 нодавлат ташкилотига¸ мана масалан, 10 миллион¸ 5 миллиондан бериши мумкин. Мана шунақа қилиб¸ 5 миллионга ҳозир нима қилиш мумкин? 10 миллионга Ўзбекистонда нима қилиш мумкин? Ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Битта компютер олиш мумкин¸ иккита одамни маблағ билан таъминлаш мумкин¸ олти ойга телефон алоқаларини тиклаш мумкин. Тамом. Ундан бошқа ҳеч насра иш қилиб бўлмайди, дейди, "Эзгулик" жамияти ташкилоти раҳбари Васила Иноятова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG