Линклар

Эркин микрофон - Электр ўлчагичлар симëғочга чиқди

  • Садриддин Ашур

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Халқни электр ўғрисига чиқарган Бувайда маъмурлари¸ энди хонадонлардаги электр ўлчагичларни 17 метрлик симëғочларга ўрнатиш ҳақида буйруқ берган.


“Сенинг бошинг қарздан чиқмас, менинг бошим кулфатдан...”


деб қўшиқдан мисол келтирар экан, наманганлик суҳбатдошимиз шаҳарни ободонлаштириш идораси ходимлари уч ойдан буён маошсиз қолаётганлари ҳақида гапирди:

- Ойлик тўғрисида гаплашмоқчи эдим. Шаҳар ободонлаштириш бўлимидаги ишчиларнинг ойликларини мана уч ойдан бери беришмаяпти.

Озодлик: Шаҳар ободончилик бўлимида ишлайсизми?

- Бу ҳозирча сир бўлиб турсин. Уч ойдан бери бермаяпти. Ишчиларнинг 70 фоизини аëллар ташкил қилади. Асосан¸ ишнинг энг оғири ҳозир ўшаларга боғлиқ.

Озодлик: Улар қанақа ишларни қилишади?

- Бутун шаҳардаги кўчаларнинг озодалигини сақлаб туришади. Хиëбонларни. Ҳозир Наманган шаҳрининг кўп жойларида қурилиш кетаяпти. Ўшаларнинг ҳаммасини тозалаш ишлари шуларнинг бўйнида. Кўчат экиш¸ гулларга қараш¸ ариқ¸ зовурларни тозалаш ва бошқа озодалик ишлари шуларнинг қўлида. Агар улар икки-уч кун иш қилмаса¸ шаҳар ахлатхонага айланади.

Озодлик: Уларнинг ўртача ойликлари қанча?

- Ўртача 100 минг. Ҳзоирги шароитга у ҳам етмайди. Ҳозир улар уч ойдан бери ойлик олмай¸ қарзга яшаëтган бўлса¸ олган пули ҳам қарз тўлашга кетади. Бундан 20-25 йил олдин Дадахон аканинг “Сенинг бошинг қарздан чиқмас¸ менинг бошим кулфатдан” деган ашуласи бўларди. Шунга ўхшаб ҳозир иложсиз сизга мурожаат қилай дедик.

Озодлик: Демак¸ уч ойдан бери бир тийин ҳам олишгани йўқ.

- Ҳа. Ваъда бор¸ маошнинг ўзи йўқ.

Озодлик: Нима деб ваъда беришаяпти? Сабабини айтишаяптими?

- Ҳар ҳафта ваъда бўладию¸ маошдан дарак йўқ. Ҳар ҳафта баҳона топилади¸ дейди наманганлик аноним суҳбатдошимиз.


“Болаларнинг кўзлари керак, жуда керак ҳайратли чўғлар...”

Навбатдаги суҳбатдошимиз Дарвешали Эркин микрофон - Келажаги йўқ давлатда бола туғишга нима бор? эшиттиришига муносабат билдирар экан, шоир Шавкат Раҳмоннинг ушбу мисраларини эслади. Унга кўра ўзбек аёллари ҳеч қандай шароитда ҳам бола туғишни камайтириш ҳақидаги таклифи билан чиқмаслиги керак:

- Аввало¸ ассалому алайкум Озодлик мухбирлари. Доимий равишда жуда яхши эшиттиришларни эшитиб бораман. Шу кеча-кундузда Жиззахдан Раънохон деган синглимизнинг фикрларини эшиттирдингизлар. “Ўзбекистонда жуда оғир аҳвол бўлаëтганлиги сабабли фарзандларни кўпайтирмаслик керак. Уларни кимларгадир қул қилиб берамиз” деган гап. Аввало¸ бу жуда ҳам оғир масала. Албатта¸ шу опахон мана 30 га кирган бўлсалар¸ билинадики ўқимишли¸ зиëли опахонга ўхшайдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) айтганларки¸ “Қўшилинглар¸ кўпайинглар”. Бунақа тўрт-беш таклиф чиқадиган бўлса¸ бунга амал қиладиганлар бўлса¸ ўзи ҳозир ташқи томонда¸ ички томондан миллатнинг қисқариб келаëтгани етса керак. Етади ўшанинг ўзи ҳам. Албатта¸ биз кўпайишимиз керак. Бу қоронғу кунлар¸ албатта¸ ўтиб кетади. Иншооллоҳ¸ яхши кунлар келади. Миллатни давом эттирадиган¸ анъаналаримизни давом эттирадиган¸ албатта¸ қолиши керак. Биз бу оғир деб фарзанд кўрмасак¸ у оғир деб тўхтаб аëлларимиз Европага¸ Францияга ўхшаб фарзанд кўрмаса¸ кимнингдир боласини олиб боқаверса¸ эртага миллатдан нима қолади? дейди ўзбекистонлик Дарвешали.


“Ҳисоблагичлар энди симёғочда”

Ўзбекистонда бўлаётган ғайриоддий ишларнинг кети кўринмайдиганга ўхшайди. Ўтган йили фарғоналик мактаб ўқувчилари воронкаларга чигит ўтқазиб чиққан эдилар. Кузда эса президентнинг Фарғонага ташрифи чоғида ўқувчилар йўл четидаги пахтаси терилган ғўзалар чаноқларига қайтадан пахта ўрнатиб чиққан эдилар. Энди эса фарғоналик электриклар яна бир ғайриоддий усул ўйлаб топишди. Буниси аввалгиларидан ҳам “оригинал”. Бу ҳақда бувайдалик Акмалжон Боқиев гапириб берди.

Акмалжон Боқиев: Бизнинг районда ҳозир счëтчиклар алмаштирилаяптида. Хонадонлардаги счëтчиклар.

Озодлик: Электр счëтчиклари-а?

Акмалжон Боқиев: Ҳа. Шуларни ҳозир уйдан олиб чиқиб столбага қўйишаяпти.

Озодлик: Ие. Кўчагами?

Акмалжон Боқиев: Кўчага¸ столбага қўйишаяпти. Хўжаликлар ўғирликча ток олмасин¸ деган мақсадда. Буниси майли давлат томонига яхшидир. Лекин хўжалик тепадаги счëтчикнинг қанча ëзганини қаердан билади? Шунисига биз ҳайрон бўлиб турибмиз. Столбанинг тепасига қўяяпти.

Озодлик: Тепага олиб чиқиб симнинг ëнига ўрнатиб қўяяптими?

Акмалжон Боқиев: Ҳа¸ ўша ерга ўрнатиб қўяяпти. Ўзлари чиқар эканда¸ шунча ëзибди¸ деб кетишар экан. Ғайриинсоний ишлар бўлаяпти. Тўғри¸ хўжаликлардан пулини тўламай турганлар ўғирликча ток олаëтгандир. Лекин кичик-кичик ишлаб чиқариш корхоналари ҳам қарзини тўлагани йўқку. Уларга шундай қилса майли. Энди хўжаликни¸ жуда ўлганнинг устига тепган қилиб юбораяптида.

Озодлик: Ҳозир шу иш бошландими?

Акмалжон Боқиев: Ҳа¸ иккита-учта маҳаллаларни уже қилиб бўлишди.

Озодлик: Бу ҳисоблагичлар одатда ëмғирдан пана жойда туриши керакку. Уни қандай қилишаяпти?

- Яшик қилиб¸ яшикка қўйишаяпти¸ дейди бувайдалик Акмалжон Боқиев.


“Ўзбекистонликлар эзилган анорга ўхшайди”

деб, Озодлик радиосига СМС жўнатибди бухороликлардан бири. Биз бу "хабарчи"га қўнғироқ қилиб, нега бундай фикрга келгани ҳақида сўрадик:

- Ўзбекларни эзилган анорга ўхшатган эдим.

Озодлик: Нимага энди эзилган анорга ўхшатдингиз?

- Эзилган анорни эзиб-эзиб ичи сув бўлгандан кейин сувдан қолган данаклари ҳеч қаерга чиқа олмайдида. Тешиб юбормаса суви ҳам чиқа олмайди. Тешик бўлса¸ чиқиб кетади. Шунга ўхшатдимда. Ўзбеклар ҳам худди шундай яшаяптику.

Озодлик: Нима учун шунга ўхшатгингиз келди? Қайси ҳаëтини шунга ўхшатаяпсиз?

- Свет йўқ¸ газ йўқ¸ иш ўринлари йўқ¸ мардикорлар кўп.

Озодлик: Қандай келди бу хаëлингизга? Анорни эзиб туриб хаëлингизга келдими?

- Йўқ¸ анор ҳали пишгани йўқку. Анор пишса еймиз. Бозорларда борку лекин уни олиб ейишга пул қаерда? Бизлар ҳам Россияга борсакмикан ëки чет элга чиқиб кетсакмикан? Россиядан ўзбеклар ўлиб келаяпти¸ ногирон бўлиб келаяпти¸ касал бўлиб келаяпти. Ë чидаб юраверсакмикан¸ дейди бухоролик тушкун суҳбатдош.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG