Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:08

Патинканинг ширин пошнаси


Хайрулла Ҳамидов иши юзасидан чиқаралажак ҳукм бўйича пессимист ҳамкасбларим тахмини, минг афсуски, тўғри бўлиб чиқди.
Хайрулла Ҳамидов иши юзасидан чиқаралажак ҳукм бўйича пессимист ҳамкасбларим тахмини, минг афсуски, тўғри бўлиб чиқди.

Бир ҳафта олдин бу ерда – Прагада, таҳририятимизда чой устидаги гурунг Хайрулло Ҳамидовга бориб тақалди. Ўзимизча тахмин қилган бўлдик у киши устидан чиқариладиган ҳукмни.

Биров у деди, биров – бу.

- Прокурор 7 йил сўрабди, судья 10 йил берворадиёв, деди бир ҳамкасбим.

- Йўғ-э, судья бова прокурор сўраганидан кўп бермайди, деб эътироз билдирди бошқаси.

- Бўлиши мумкин, - деди орамиздаги энг билағон, - прокурор сўраганидан кўпроқ жазо берилган ишлардан нечасини санаб берай?!

Орамизда оптимистлар ҳам йўқ эмас.

- Мана, кўрасизлар, Хайруллони суд залидан озод қиворишади, деди оптимист.

Бу гапдан ҳамма "бақа" бўпқолди.

Биров "Йўғ-э!" деди.

Яна биров "Йўўғ-э!" деди.

Учинчи ҳамкасбим янаям чўзди: "Йўўўўғ-э!"

Кейин баҳс бошланди.

Кўпчилик – пессимист. Оптимист битта бўлиб чиқди.

Пессимистлардан бири: “Агар ниятлари охир-оқибат суд залидан озод қилиш бўлса, овора қилиб ўтиришмасди Хайруллони ҳибсга олиб, диний мотивлар билан қўлга олишдими, демак, қамашлари аниқ”, деди.

- Лекин оптимист ҳамкасбимнинг башорати амалга ошса, бутун таҳририятнинг бир ҳафталик тушлиги мендан, бундан ташқари? қизларга гул, йигитларга гул пули мендан, деди Пессимист.

Мен ҳам қўшилдим гурунгга.

Оптимист жамоамизда битта эканлигини айтдим. Мен эмас у.

Демак, мен ҳам пессимистман.

Оптимистнинг гапига ишонгим келди. Бироқ ишонолмадим.

Шунинг учун мен айтдим:

- Агар Хайруллони бўшатиб юборишса, Праганинг Вацлав майдонида патинкамнинг пошнасини ейман.

Ҳар эҳтимолга қарши янги патинкаям опқўйдим...

Лекин, буни қаранг, кўпчилик кўпчилик экан-да.

Кўпчиликнинг айтгани бўлди-да.

Хайруллони қамашворди-да, барибир.

Патинкамнинг пошнаси бутун қоладиган бўлди.

Лекин пошнанигина эмас, патинканинг ўзиниям, иккала пойиниям еворишга тайёр эдим. Ип-мипига қўшиб.

Фақат Хайруллони, узоқдаги бир ҳамкасбимни, миллатнинг эндигина ўсиб келаётган бир боласини қамамасалар бўлдийди.

Агар шундай бўлсайди, чиндан ҳам ердим патинкамни.

Туз-пузсиз, мурч-пурчсиз, кетчуп-петчупга буламай еб қўярдим.

Оҳҳҳ, деб қўярдим кейин.

Мунча ширин бўлмаса патинканинг пошнаси – озодликнинг пошнаси, деб қўярдим.
XS
SM
MD
LG