Линклар

Яйлов жанжалга сабаб бўлди


Сўхликлар қирғиз яйловларидан фойдалана олмаётганликларидан норозилар.

Сўхликлар қирғиз яйловларидан фойдалана олмаётганликларидан норозилар.

27 май куни Ўзбекистонга қарашли Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Сўгмент қишлоғи аҳолиси ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низонинг олди олинди. Жанжал 26 май куни кечга яқин Қирғизистонга қарашли чорва моллари ўтлатилувчи яйловдан бошланган.

Қирғизистоннинг Сўгмент қишлоғи аҳолиси 27 май куни эрталаб Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи чегарасига йиғила бошлаган. Бунга 26 май куни кечқурун Қирғизистон фуқаролари минган учта енгил автомашина ўзбекистонликлар томонидан тошбўрон қилингани тўғрисида тарқатилган хабар сабаб бўлган.

Олинган хабарларга кўра, воқеа жойига ҳар иккала тарафдан ҳукумат вакиллари ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари раҳбарлари етиб борганлар. Йиғилганлар билан олиб борилган сўзлашувлар натижасида, ҳар икки тараф тинчлик билан тарқалган.

- Хушёрликлар Қирғизистон фуқароларига қарашли учта автомашинани ўткизмасдан вақтинча ушлаб туришган. Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийларининг ўзаро мулоқоти натижасида уларни тунда Хушёр қишлоғидан олиб чиқиб кетдик. 27 май куни эрталаб бу воқеадан хабар топган юзга яқин қирғизистонлик чегара яқинига борган. Хушёр қишлоғидан ҳам юзга яқин одам тўпланган. Икки давлат расмийлари маҳаллий лидерлар билан сўзлашгач, низонинг олди олинди, - деди Боткен туман ҳокими Ҳайитали Айқинов.

Воқеа жойида бўлган Сўгмент қишлоғида яшовчи Ақилбек Матраимовнинг айтишича, йиғилганлар орасида пичоқ билан қуролланганлар ҳам бўлган.

- Кетмон, белкураклардан ташқари пичоқларини ҳам кўтариб олишган. Одамлар ўзбекистонликлар қирғизистонликларни автомашиналари билан биргаликда гаровга олиб, тунги соат 3-4 ларгача ушлаб туришганидан ғазабланган,-дейди Ақилбек Матраимов.

Маълум бўлишича, мазкур мажоро Қирғизистонга қарашли яйловда ўзбекистонликларнинг чорва моллари боқилишига тўсқинлик қилингани оқибатида содир бўлган. Бу яйловдан 2006 йилгача ўзбекистонликлар ҳам фойдаланиб келишган.

- 2006 йилнинг 20 сентябрида давлатлараро шартнома тузилган. Бу шартномани Ўзбекистон имзолаган эмас. Ўзбекистон тарафи буни “ Бизга яйлов керак эмас, бу яйловлардан фойдаланмаймиз”, деб изоҳлаган. Шунинг учун ҳам биз ўзбекистонликларни яйловга чиқишига тўсқинлик қилганмиз,-деди Боткен вилот ҳокимияти расмийси Тоштемир Эшалиев.

Боткен вилоят расмийларига кўра, яйлов масаласи маҳаллий ҳокимиятлар даражасида ҳал этилмайдиган муаммодир. Уни бартараф этиш учун Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўзаро келишиб олишлари зарур. Айни пайтда чорва моллари учун яйловсиз қолган хушёрликларнинг бу масала Ўзбекистон ҳукумати диққатига тушгунича кутишдан бошқа иложиси йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG