Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 11:44

Исломий партия вакили одам савдосида айбланмоқда


Сўнгги пайтларда Тожикистонда Ислом уйғониш партияси аъзоларини одам савдосида айблаб, қамоққа олиш анъанаси пайдо бўлмоқда.
Сўнгги пайтларда Тожикистонда Ислом уйғониш партияси аъзоларини одам савдосида айблаб, қамоққа олиш анъанаси пайдо бўлмоқда.

Кўлоб шаҳар ҳуқуқ тартибот идораси тарқатган маълумотларга кўра, мазкур Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Восе тумани бўйича раиси Абдуфаттоҳ Абдуҳолиқов 16 ёшли қизни 500 АҚШ доллари эвазига онасидан сотиб олиб, уни Россиядаги ўз танишига каттароқ маблағ эвазига сотмоқчи бўлган чоғида қўлга олинган.

Кўлоб минтақасининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи Давлат Нажмиддиновнинг билдиришича, Ислом уйғониш партиясининг Восе туман раиси Абдуфаттоҳ Абдухолиқов тахминан бир ой аввал мазкур партия аъзоларидан бири билан биргаликда ўша ҳудудлик вояга етмаган қизни онасидан 500 АҚШ доллари эвазига сотиб олган. Шундан сўнг қизни Россиядаги танишига сотиш мақсадида тайёргарликка киришган.

“Аммо,- дейди, Давлат Нажмиддинов, - оператив маълумотлар бўйича Абдухолиқов қўлга олинган”.

Абдуҳолиқов қўлга олинган пайт, унинг уйидан баъзи ашёвий далиллар ҳам топилганини билдирди Нажмиддинов.

-Восе туманининг Чоқтемур қишлоғида яшайдиган Абдухолиқовнинг уйидан балоғатга етмаган Парвина Сабзиева номига олинган паспорт ва яна Душанбе-Екатеринбург йўналиши бўйича учадиган самолётга олинган чипта топилди. Ҳозирда Абдуҳолиқов ва унинг шеригига нисбатан Тожикистон жиноят Кодексининг “Одам савдоси” моддаси бщйича жиноят иши очилган, тергов давом этмоқда, - дея билдирди Нажмиддинов.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Восе тумани бўйича раиси Абдуфаттоҳ Абдухолиқов “Озодлик” радиосининг ўша ҳудуддаги мухбири билан суҳбатда ўзига қўйилаётган айбларни рад этган.

У Парвина Сабзиева қариндоши эканини ва фақат яхши ниятда, янги оила барпо қилдириш мақсадида, қизни Россиядаги Баҳром исмли кишига турмушга бермоқчи бўлганини айтган.

Унинг айтишича, она-бола ҳам бунга рози бўлган .

-Биз улар билан маслаҳатлашиб, эртасига қизни у томонга кузатамиз деб турганимизда, 15 чи числода, кечки пайт милиция ходимлари ҳеч бир огоҳлантиришсиз уйимизга бостириб киришди. “Сизлар одам сотаяпсизлар”, деб бизни отделга олиб бориб, уч кун қамаб қўйди,- дер экан Абдухолиқов, қизнинг онасига берилган 500 доллар сут ҳаққи эканини маълум қилган.

Бироқ Кўлоб минтақасининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи Давлат Нажмиддинов, Ислом уйғониш партияси раисининг одам савдоси билан аввал ҳам шуғуллангани борасида етарли маълумотлар тўпланганини билдирди.

Расмийга кўра, Абдуҳолиқов айнан шу оиланинг яна бир қизини сал аввалроқ Қозоғистонда яшаётган тожик фуқаросига 200 АҚШ доллари эвазига пуллаган.

-Қозоғистонга Сўғд вилоятининг Нов туманидан (ҳозирги Спитамен таҳр,.) борган “Шайх” исмли бир одамга шу оиланинг яна бир қизини иккинчи хотинликка пуллаган. Ўз ихтиёридан ташқари, алдов йўли билан Қозоғистондаги шайхга сотилган қиз унинг биринчи хотини ва 9 фарзанди билан бирга бир уйда анча вақт яшаган. Кейинчалик у яна Восега қайтарилган, - дейди Нажмиддинов.

Бу иккала қизнинг онаси Тожи Валиева ўта оғир шароитда кун кечираётгани ва шу сабабли қизларни шу тарзда турмушга узатишга мажбур бўлганини яширмайди.

-Эрим билан турмушимизга 33 йил бўлди. Лекин у ҳаётининг 28 йилини қамоқда ўтказди. Ўзим бир идорада фаррош бўлиб ишлайман, одамларнинг уйида хизматкорлик қиламан. Шу йўл билан ўзим болаларимни улғайтирдим. Қизларимни бошқа қизлар каби тўй - томоша қилиб, саруполар қилиб турмушга узатишга кучим етмайди. Чунки шунга шароитим йўқ. Қизларимнинг ёмон йўлга кириб кетишидан қўрқиб, бу ишга рози бўлдим, - дейди Тожи Валиева.

Бироқ ҳуқуқ - тартибот ходимлари эса бундай ишнинг давлат қайдисиз амалга оширилиши одам савдоси эканини таъкидлашади.

Кўлоб ички ишлар бошқармаси расмий маълумотларига кўра, сўнгги бир неча йил мобайнида биргина Кўлобда хорижий мамлакатларга одам савдоси билан боғлиқ учинчи ҳолат расман қайдга олинаётир.

Кўлоб минтақасининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи Давлат Нажмиддинов айнан шу ҳудуддан Дубайга сотилган яна бир қиз яқинда ватанига қайтарилганини маълум қилди.

Қизни хорижга пуллаган гумонланувчи эса айни пайтда қидирувга берилган.

Шу ўринда эсалатсак, Тожикистон Ислом уйғониш партияси Марказий Осиёда ягона сиёсий партия саналади.

Аввал ҳам мазкур партия юқори лавозимларидаги шахслар турли жиноятларда қўли борликда айбланиб қамоққа ташланган.

Жумладан, Ислом уйғониш партияси масъулларидан бири Қосим Раҳимов кўпхотинлилик ва балоғатга етмаган қизни зўрлаганлик айби билан узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинган эди.
XS
SM
MD
LG