Линклар

logo-print

"Калаванинг учи" қаердан бошланади?

  • Ҳурмат Бобожон

Хориждан бошпана топган ўзбекистонлик уламо Обидхон қори Назаровнинг айтишича, Ўзбекистон телеканалида намойиш этилган "Калаванинг учи" филмини МХХнинг қутуриши деб аташ мумкин.

Хориждан бошпана топган ўзбекистонлик уламо Обидхон қори Назаровнинг айтишича, Ўзбекистон телеканалида намойиш этилган "Калаванинг учи" филмини МХХнинг қутуриши деб аташ мумкин.

Ўзбекистон канали бир йил аввал Тошкентдаги қотилликлар ва уларни ортида турганлар ҳақида ҳужжатли филмни намойиш қилишни бошлади. Ўзбекистон МХХси ҳомийлигида ҳозирланган навбатдаги ташвиқот филми айни кунларда судланаëтган “жиҳодчилар”га бағишланди.

Филмнинг "Калаванинг учи" деб номланган иккинчи қисмида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходими, подполковник Хасан Асадов, “Кўкалдош мадрасаси мудири ўринбосари Аброр Аброров, Тошкент шаҳар имом хатиби Анвар қори Турсунов ва Қашқадарё вилояти бош имом хатиби ўринбосари Исмоил Райҳоновга қарши содир этилган қотиллик ва суиқасдлар ортида турган кучлар ҳақида сўз боради.

Ўзбекистон каналида пайшанба кечқурун эфирга берилган “Калаванинг учи” филмида бир йил аввал Тошкентда ҳукуматпараст уламо ва ички ишлар мулозимига қарши содир этилган қотилликлар чет элда бошпана топган Обид қори Назаров фатвоси билан амалга оширилгани, бу амалга Шавкат Маҳмудов исмли шахс бошчилик қилгани айтилади.




- Тергов суриштирув давомида жиҳодчилар гуруҳига хориждан фатво берилгани маълум бўлди. Ҳозирда жазо муддатини ўтаётган Руҳиддин Фахруддинов Шавкат Маҳмудовнинг раҳбари бўлгани ва Шавкат четдан туриб Ўзбекистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётган Обид Назаров билан алоқада бўлгани аниқланди. Обид Назаров эса буни учун четдан молия билан таъминланиб турган, - дейди тасвир ортидан овоз берган сухандон.

1999 йил Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланган Руҳиддин Фахруддинов 2005 йилда Қозоғистонда ҳибсга олинган ва ҳозирда Ўзбекистон қамоқхонасида жазо ўтамоқда. Филмда берган кўрсатмасида, Фахруддинов 2004 йилда Чимкент шаҳрига чиқиб кетгани ва Обидхон қори ёрдамида у ерга жойлашганини гапиради. Шунингдек, Фахруддинов Шавкат Маҳмудов билан алоқаси борлигини ҳам Обид қори Назаров билишини айтади.

- Мани Шавкат ака билан алоқам борлигини Обидхон акам билардилар. Симферополга кетмоқчилигимни¸ украин паспорти қилдиришимни ва бунга Шавкат акам ёрдам бермоқчи эканини ҳам у билар эди, - деб гапиради Руҳиддин Фахруддинов.

Кўрсатма берган бошқа судланувчилар ҳам Шавкат Маҳмудов бир неча бор ўзини устози Обидхон Назаров эканини қайта-қайта гапиришади.

- Маҳмудов Шавкат мана шу жиҳодий ҳаракатлар Обид фатвоси бўйича бораётганини бир неча бор айтган эди. Яъни Швецияда туриб уни маслаҳатларини олаётгани ва мана шу ишлар уни маслаҳати билан бўлаётганини айтган эди, - дейди судланувчи Маҳмуд Раҳимов.

Филмда илгари сурилган айбловлар хусусида Швецияда истиқомат қилаётган Обидхон қори Назаровдан муносабат сўрадик.

Озодлик: 26-27 май кунлари Ўзбекистон телеканалида икки қисмдан иборат филм намойиш қилинди. Биринчи қисми “Хунрезлик”¸ иккинчи қисми эса “Калаванинг учи” деб номланади. Иккинчи филмда Тошкентдаги бир йил аввалги қотилликлар ортида турган кучлар тилга олинади. Филмда айтилишича¸ бу воқеалар гўëки сизнинг фатвонгиз билан амалга оширилган. Бу ҳақда нима дея оласиз?

Обид қори Назаров: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу филмни МХХнинг қасоси ëки қутуриши деб номлаш мумкин. Бу филмни мен билан Ўзбекистон МХХ ўртасида бўлган можароларга¸ тортишувларга¸ баҳс ва мунозараларга жавоб деса бўлади. Демак¸ МХХ қасос олишда давом этаяпти. Ўзи қасослари¸ ўчлари кўп бўлган. Бу ҳам шунинг яан бир силсиласи¸ халқаси деса бўлади.

Озодлик: МХХ билан можаро деганда нимани назарда тутаяпсиз?

Обид қори Назаров: Мен диний фаолиятга кирган пайтимдан бошлаб¸ аввал боши бу Совет империяси даврига тўғри келади¸ у пайтда Давлат Хавфсизлик Хизмати деб номланарди¸ ҳамма билади КГБ¸ КГБнинг Ўзбекистондаги бўлими¸ уларнинг вакиллари келиб мен билан суҳбатлашишарди.

Ўша суҳбатлар кўпинча мунозара¸ баҳслар тарзида ўтарди. Мени уларнинг фикрлаши¸ тафаккури қизиқтирарди. Улардан қўрққанимдан эмас¸ балки улар билан суҳбатлашиш менга қизиқ бўлгани учун ҳам мен суҳбатлашардим. Улар мендан олишни истаган нарсани ола билмас эдилар. Мен сўзларим билан¸ гапим билан¸ ўзимнинг фикрим билан уларга жавоб қайтарардим.

Энди ўринли бўлса айтиш мумкин, уларга йўл кўрсатардим, ўша пайтда. Яъни маслаҳат берардим “Сизларнинг мана шу ишинглар тўғри¸ мана бу ишинглар нотўғри”, деган тарзда. Бундай мулоқотлар Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин ҳам давом этди анчагача. Маълум бир муддатга боргандан кейин уларнинг биздан ҳафсалалари пир бўлди. Қўлларини ювиб қўлтиқларига уришди. Ўшандан кейин жиддий таъқиблар¸ таҳдидлар бошланди ва охири мен Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Шу нарсаларга жавоб бу. Улар биздан кўп ўч олишди. Жуда кўп мусулмонларни¸ биродарларни қамашди¸ ўлдиришди¸ ўғирлаб кетишди. Лекин шу билан ҳам ҳали уларнинг кўнгиллари жойига тушгани йўқ. Улар жуда ҳам бир ғалати ҳолатда ўзларини ўзлари дунë аҳли олдида¸ бутун дунë олдида ëмон аҳволга солиб қўйишаяпти.

Озодлик: Бу филмда Ўзбекистон ички ишлар ходими Ҳасан Асадов¸ Кўкалдош мадрасаси мудир ўринбосари Аброр Аброров¸ Тошкент шаҳар имом хатиби Анвар қори Турсунов ва бошқаларга нисбатан қотиллик ва суиқасд уринишлари сизнинг фатвонгиз билан амалга оширилгани айтилади. Сиз бу ҳақда нима дея оласиз?

Обид қори Назаров: Биз фатво бермаймиз ҳеч нарсага. Савол бўлса¸ жавоб берамиз. Мана бизнинг савол-жавобларимиз www.islomovozi.com сайти орқали тақдим этилади. Яъни одамлар ҳар хил мавзуларда савол сўрашади. Буларнинг ичида сиëсий мавзулар бор¸ диний мавзуларда¸ ахлоқий мавзуларда¸ кўпроқ маиший-ижтимоий мавзуларда одамлар савол сўрашaди. Мен билганимга жавоб бераман¸ билмагaнимга “билмайман” деб жавоб бераман. Баъзан жавоблар сал кечикади. Бундай мавзуларда ҳеч ким менга мурожаат қилган эмас. Чунки менинг мавқеимни аввалдан ҳаммалари билишади ва мендан бунақа жиноят содир қиладиганлар мендан албатта узоқ юради. Чунки уларга мендан фойда йўқ.

Озодлик: Руҳиддин Фахруддинов деган судланувчи филмда берган кўрсатмасида сизни шахсан танишини ва сиз билан учрашганини тилга олади. Бу шахс ҳақида биласизми?

Обид қори Назаров: Руҳиддин Фахруддинов бу машҳур имом. У менинг жонажон дўстим¸ биродарим. Бир-биримизни жуда ҳам яхши ҳурмат қиладиган азиз инсон. У ноҳақ қамалиб¸ мазлум бўлиб¸ ҳам оиласи зулм кўрди давлатдан¸ унинг кичкина қизчасини таҳқирлашди. Мана шундай қилиб у биродарни қамаш билан ҳам¸ унинг Раҳима деган аëли ҳам ҳозир қамоқда азоб чекмоқда. Кейин ўзи азозб чекмоқда. Унинг олти ëшли қизидан ўч олишди. Давлат миллий хавфсизлик хизмати мана шу даражагача бораяпти. У инсон мутлақ ноҳақ қамалган. У доимо одамларни яхшиликка чақирган. Ўзининг талабаларини¸ ўзининг биродарларини фақат ҳалолликка¸ покизаликка¸ адолатга¸ тўғри¸ ҳақ сўзда ва ҳақ йўлда бўлишга даъват қилган ажойиб бир инсон.

Озодлик: Бу филмда Шавкат Маҳмудов деган шахс ҳам тилга олинади. Бир йил олдинги қотилликлар устида турган Умар лақабли бу одам сиз билан бевосита мулоқотда бўлиб тургани айтилади.

Обид қори Назаров: Мен ундай одамни билмайман. Нима учун у одамнинг ўзи гапирмаяпти¸ ўзи кўринмаяпти? Мен филмни кўрдим. У ерда Руҳиддин гапирди ва бошқалар гапирди. Бошқалар кўрдим деган гапни айтмаган. Уларга қамоқхонада мажбурлаб гапиртирилган. Лекин фақат Руҳиддин билан биз учрашганммиз¸ доимо у билан биз дарслар қилганмиз. Булар нима деб гапиртирса гапиртириши мумкин. Қамоқхонада турган одамни мажбурлаб ҳар нарса дейишга улар кўндиришади.

Озодлик: "Калаванинг учи" деб номланган бу филмда гўëки сизнинг ортингизда қандайдир давлатлар туриши ва 2005 йилда сизни Қозоғистонда қидириб қолишганида сиз номлари айтилмаëтган давлатлар кучлари ëрдамида сиз Швецияга олиб ўтилгансиз ва сиз Интерпол қидирувида бўлсангиз ҳам фаолиятингизни ўша давлатлар ҳимоясида давом эттираëтганлигингиз айтилади. Бу ҳақда нима дейсиз?

Обид қори Назаров: Бу давлатлар Ғарб ëки Европа давлатларида яшаëтган битта мен эмасман-ку. Бу ерда миллионлаб мусулмонлар яшайди. Бу ерда бир неча ўнлаб миллион мусулмон бор. Яна бунинг устига зулм давлатларидан оқиб келаëтган мусулмонлар¸ 100 минглаб мусулмонлар келаяпти. Жумладан, Ўзбекистондан ҳам минглаб мусулмонлар бошпана излаб қочиб ҳақиқат¸ адолат излаб келаяптилар Швацияга ва бошқа давлатларга. Бу ерда ҳар ҳолда қонунлар амалда. Бу ерда демократик асосда қурилган жамиятдан мусулмонлар жуда катта фойда олаяптилар. Бундан бу золимлар ниҳоятда хафа бўлаяптилар.

Биламиз, улар мана шундай бошпана олган одамларнинг орқасидан иғволарни¸ туҳматларни дасталаб¸ тахлаб-тахлаб Ўзбекистон прокуратураси¸ МХХ доим талаб қилаяпти¸ қидириб келишаяпти. Ўзларининг жосусларини юбормоқдалар. Мана, яқинда Швеция радиосидан шундай бир эшиттириш берилди. Ўзбекистон МХХ томонидан тайëрланиб жўнатилган бир жосус бу ерга келиб ўзини топширди. Яъни сиëсий бошпана олди. Ўзига МХХ томонидан юклатилган вазифаларининг нималардан иборат эканлигини гапириб бериб, радиода чиқиш қилди. МХХ¸ прокуратура, яъни Ўзбекистон ҳукумати жон-жаҳди билан шу ердаги одамларга қарши кураш олиб бормоқда. Шунинг учун уларнинг сўзига юрмаëтган яъни Ўзбекистон ҳукуматининг ноҳақ талабларини¸ золимона талабларини қондирмаëтган Ғарб давлатларидан ҳозир ниҳоятда ғазабда.

Озодлик: Филмда яна жиҳодчилар гуруҳи ҳақида айтилади. Шавкат Маҳмудов мана шундай гуруҳнинг раҳбари экани айтилади. Жиҳодчилар гуруҳи ҳақида нима дея оласиз?

Обид қори Назаров: Бундай гуруҳни фақат давлатнинг қоғозларидан топиш мумкин. Ҳаëтда ўшандай одамларнинг борлигига ишонмайман Ўзбекистон ичида. Чунки давлат ниҳоятда қаттиқ¸ шавқатсиз услублар билан бошқарилаяпти ва одамларнинг ҳар бир қадами ўлчанаяпти. Жуда қаттиқ текширув¸ кузатув¸ таъқиблар бор жойда бундай нарсанинг бўлиши¸ тинч мухолифат йўқку¸ оддий инсон ҳуқуқи ташкилотлари йўқку¸ қандай қилиб жиҳодчилар у ерда яшаши мумкин? Бу мумкин бўлмаган нарса. Бу мутлақо ақлга сиғмайдиган нарса. Бундан иддаони соғлом ақл соҳиби ҳеч қачон қабул қилмайди.

Озодлик: Олис Швецияда бўлсангиз ҳам телевидение сизни нишонга олаяпти. Нимага деб ўйлайсиз?

Обид қори Назаров: Бунинг¸ юқорида айтиб ўтдим¸ битта сабаби МХХ билан ўртамизда бўлган келишмовчиликлар. Менинг алҳамдулиллоҳ Ўзбекистондаги мусулмонлар билан ëки диний олимлар билан бирор бир можаром йўқ¸ муаммом йўқ. Мен уларнинг ҳаммаларини ҳурмат қиламан. Яъни улар мусулмонлар¸ зулм остидаги мусулмонлар.

Ҳамма муаммо МХХ билан ўртамизда бўлган ишлар. Бу бир достон¸ бир роман бўладиган мавзу. Бу энди вақти билан мана шундай нарсалар туртки бўлиб дунëга ошкор бўлса керак. Бизнинг МХХ билан бўлган суҳбатларимиз¸ тортишув¸ баҳс ва мунозараларимиз шунчаки қизиқ ҳам. Бу нарсаларнинг ошкор бўлишига махфий хизматлар ўзининг мана шундай нодонларча ҳаракатлари билан сабаб бўлишади. Улар бизни ўзларининг йўлларига сола олмаганлиги учун олаëтган бу қасослари¸ ўчлари эканини юқорида айтиб ўтдим. Бу бир жиҳати.

Иккинчи томони булар шу минтақада сўзи ўтиши мумкин бўлган одам сифатида кўзларга ким кўринса¸ ҳаммаси мана шундай шубҳаланиб¸ кичкина¸ оддий мусулмонларни ҳам олдида катта куч кўрадилар. Яъни қўрққанга қўша кўринар дегандай одамларнинг соясидан ҳам қўрқув мана шундай ишларни қилишга уларни мажбур қилади. Аслини олганда бундай ваҳимага берилмасдан¸ қўрқмасдан¸ дадиллик билан¸ ҳақ сўз билан мулоқотга киришилса халқ билан ëки шу одамлар бнилан¸ шахслар билан мулоқотга кириб¸ яхшилик йўлида фикр алмашиш тўғрироқ бўлади.

Яна бир нарсани мен ҳозир сизга эслатишим мумкин. Мен архивимдаги баъзи бир маърузаларни ҳозир учратиб қолдим. Бу нарсани яқин кунларда иншооллоҳ www.islomovozi.com сайтига қўямиз. Мен бу маърузада уламолар ҳақида гапирган эканман. 1995 йил 22 сентябр куни, яъни Абдували қори ака ўғирлаб кетилганидан бир ҳафта кейин мен масжидда маъруза қилган эдим. Мана шунда мен МХХ га қаттиқ тегадиган гапларни гапирган эдим.

Бу ерда битта ибора бор. “Елкасидаги погонини сақлаб қолиш учун одамларни ўлдиради¸ қонини тўкади¸ ютади¸ ейди” деган ибора. Бу тўғридан тўғпри МХХ ходимларига қаратилган сўз эди. Ўша пайтда отини айтмаса ҳам “Шохига урсанг туëғи зирқирайди” дегандай улар зирқираб туришарди. Буни билардим. Лекин начора. Ҳақни айтиш керакку энди. Шундай бир инсон¸ Абдували қори ака аэропортдан ўғирлаб кетилдилар. Мана ҳанузгача у кишининг тақдири номаълум. Лекин биз аниқ биламизки¸ у киши МХХнинг қўлида. Бошқа ўғирланган мусулмонлар ҳам уларнинг қўлида. Ўша пайтда бу ҳақда менинг чиқишим уларга жуда ҳам қаттиқ ботган. Яъни оғир ботган. Буни мен ўзим биламан¸ ҳис қиламан. Лекин улар ҳам буни тўғри тушунишлари керак эди. Яъни ҳақ сўзни кимдир гапириши керак эди.

Ҳақ сўзни гапирган билан давлат ағанаб тушмайди. Мана кўраяпмиз¸ улар ҳам кўришаяпти¸ Европада одамлар бемалол гапиради. Давлат бошлиғини бемалол танқид қилади¸ ҳақорат ҳам қилаверади. Лекин улар кулимсираб табассум қилиб тураверади. Мана Туркияда ҳам худди шундай ҳолатлар кузатилади. Бу билан давлатга ҳеч қандай зарар етмайди. Мен ҳам МХХ ходимларини¸ президент аппарати ходимларини масжиддан туриб танқид қилганман. Бу нарса улар учун жуда ҳам оғир ботган¸ жуда ҳам қаттиқ теккан. Уларнинг одам ўлдириш амалиëтларини гапирганман очиқ. Ана шунинг тўғрилиги орадан бир неча йил ўтиб мана кўринаяпти. Улар қанча одамларни ўлдиришди¸ қанчасини ўғирлашди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG