Линклар

Москва муҳожирлар сонини камайтирмоқда


Москва мэри Юрий Лужков кам иш ҳақи тўланадиган ишларга меҳнат муҳожирлари ўрнига россияликларни жалб қилмоқчи.

Москва мэри Юрий Лужков кам иш ҳақи тўланадиган ишларга меҳнат муҳожирлари ўрнига россияликларни жалб қилмоқчи.

Россия пойтахтида муҳожирлар сонини қисқартиришга қаратилган Москва ҳукуматинининг яна бир қарори кучга кирди. Унга биноан Россия пойтахтида четдан келган меҳнат муҳожирлари ўрнига Москвага қўшни бўлган вилоятлардан россиялик ишчилар жалб қилинади.

Москва мэрияси россияликларни кам иш ҳақи тўланадиган ишларга жалб қилишга қаратилган қарор қабул қилди. Бунинг учун Воронеж, Ярославл ва Твер вилоятларида махсус бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил қилинади. Бу ҳақда Озодликка хабар берган Москва шаҳар Меҳнат ва аҳоли бандлигини таъминлаш департаментининг ахборот бўлими бошлиғи Леонид Беррес ушбу қарор тафсилотларига тўхталди:

- Россиянинг учта минтақасида биз кўчма иш жойи ярмаркаларини ташкил этишни режалаштирдик. Бу ярмаркаларда одатда четдан келаётган меҳнат муҳожирлари ўртасида талаб катта бўлган иш жойларига россияликларни жалб қилиш ниятидамиз. Шаҳар иқтисодиёти эҳтиёжини қоплаш учун 60-80 минг бўш иш ўринлари таклиф қилинади. Бу ярмаркалар жорий йилнинг июл ойидан йил охиригача давом этади, - деди Меҳнат ва аҳоли бандлигини таъминлаш департаменти вакили Леонид Беррес.

Бу ишларга жалб қилинган россияликлар ётоқ билан таъминланади ва меҳнат Кодекси асосида расмийлаштирилади. Унинг айтишича, бу қарор биринчи ўринда россияликлар манфаатларини кўзлаб қилинаётир:

- Шуни таъкидлаш жоизки, гап юқори малакани талаб қилмаган мутахассисликлар ҳақида кетяпти. Одатда бу ишларга Москвада чет эл ишчи кучи жалб қилинар эди, ваҳоланки Россиянинг ўзида ишсизлик даражаси, айниқса минтақаларда, жуда катта. Яна бир сабаб: сўнгги пайтларда Москвада йилдан йилга четдан ишчиларни жалб қилиш квотаси қисқариб бормоқда.

Рақамларга эътибор беринг. 2008 йилда Москвага чет элдан ишчиларни жалб қилиш квотаси 535 минг кишини ташкил этган бўлса, 2009 йилда бу кўрсаткич 324 минг кишини ташкил этди, 2010 йилда 250 минг одамни жалб қилиш режалаштирилган. Мен сизга кейинги, 2011 йилга Москва ҳукумати томонидан режалаштирилган квота миқдорини айтишим мумкин: 200 минг кишидан ошмайди. Яъни кейинги 3 йил ичида меҳнат муҳожирларини жалб қилиш квотаси деярли 2 баробарга қисқарди, - деди Москва Меҳнат ва аҳоли бандлигини таъминлаш департаментининг ахборот бўлими бошлиғи Леонид Беррес.

Департамент вакилининг сўзларига кўра, россияликларга таклиф қилинаётган иш ўринлари асосан уй-жой коммунал хўжалик соҳаси, савдо, юк ташиш, товарларни жойлаш, яъни москваликларнинг ўзларида талаб этилмайдиган ва кам иш ҳақи тўланадиган жойларга тегишлидир.

Россия оммавий ахборот воситалари бу янгиликни ижобий баҳоладилар. Чунки рус жамоатчилиги сўнгги пайтда Москвада содир этилаётган жиноятчилик ҳолатларини биринчи галда меҳнат муҳожирлари билан боғлашмоқда.

“Мемориал” жамияти аъзоси, россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев бу қарорни жорий қилишнинг иқтисодий-ижтимоий сабаблари ҳам борлигини шундай изоҳлади:

- Натижаларини биз кўчаларда кўраяпмиз. Мен турадиган уй атрофларини¸ мактаб атрофларини тозалаб юрадиганларнинг ҳаммаси бошқа миллатлар бўлиб кетган. Яъни рус миллати бўлган. Бошқа шаҳарлардан келган ўрислар.

Озодлик: Бу қарор ҳозир амалда, денг?

- Албатта. Ҳозир Россиянинг ўзининг ички иқтисодий аҳволи танглиги¸ ишсизларнинг кўпайиб бориши¸ шу мақсадда қилинаëтган бўлиши керак. Умуман ҳаммасини умумлаштириб иқтисодий аҳволларини¸ бизга бўлган муносабатларини шунақа қарорлар чиқаради Москва ҳукумати. Лекин давлат ташкилотлари бу ишни қилади. Лекин бу ерда хусусий бинолар бор¸ хусусий корхоналар бор. Уларда Ўрта Осиë халқлари ишлайди. Албатта квоталарнинг қисқариши¸ ишсизларнинг кўпайиши Россияда. Россиянинг ички иқтисодий сиëсати оғирлашиб бориши. Бу шу ҳолатлардан келиб бўлаяпти. Ҳозир Россияда юрган меҳнат иммигрантларига катта бир босқинни ташкил қилиш эмас. Буларнинг Моквадан узоқроқ шаҳарларга бориб оғир ишларни ва кам тўланадиган ишларни қилиши учун қилинаëтгани аниқ¸ - дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG