Линклар

Қосимов "Бунёдкор"га мураббий бўлди


Миржалол Қосимов Тошкентнинг “Бунёдкор” футбол клубига янги мураббий этиб тайинланди.

Бу ҳақда жума куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида эълон қилинди. Шу куннинг ўзида “Бунёдкор”ни бир йилга яқин бошқарган бразилиялик таниқли мураббий Луис Фелиппе Сколарининг жамоани тарк этиши маълум қилинди.

Ўзбекистон нашрларининг хабар қилишича, Сколари “Бунёдкор” жамоаси билан имзоланган шартномани оилавий сабаблар туфайли муддатидан аввал тугатаётганини билдирган.

25 май куни Озодлик радиоси Сколарининг Тошкентдан кетиши ҳақида мақола чоп қилган эди

Айрим нашлар фикрича, бразилиялик мутахассиснинг “Бунёдкор” клубидан кетишига ушбу жамоанинг ҳомийси деб айтилаётган “Зеромакс” ширкатига тегишли ҳисоб рақамларининг яқинда музлатилгани сабаб бўлган.

2009 йилнинг 1 июлдан бошлаб “Бунёдкор”га мураббийлик қила бошлаган Сколари Ўзбекистон клуби билан 18 ойга шартнома имзолаган.

Португалияда чиқувчи "Futebol Finance" нашри ўтган йили "Бунёдкор" футбол клуби ўз бош мураббийси Сколарига бир мавсумда 16 миллион евро ҳақ тўлагани ҳақида хабар тарқатганди.

Луис Фелипе Сколари бундан аввал Британиянинг донғи кетган "Челси" футбол клуби ҳамда Португалия миллий жамоасига мураббийлик қилган. 2002 йилда эса Сколари Бразилия миллий терма жамоаси билан Жаҳон чемпиони бўлган.
XS
SM
MD
LG