Линклар

Одам савдоси муаммосини ҳукуматлар ўзаро ҳамкорликда ҳал қилишлари лозим


Ҳуқуқ фаоллари фикрича, ўзбек расмийлари меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи мамлакатлар расмийлари билан мигрантлар ва одам савдоси қурбонлари муаммосини ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда ҳал қилмас эканлар, ўзбек муҳожирлари билан боғлиқ вазиятнинг ўнгланиш

Ҳуқуқ фаоллари фикрича, ўзбек расмийлари меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи мамлакатлар расмийлари билан мигрантлар ва одам савдоси қурбонлари муаммосини ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда ҳал қилмас эканлар, ўзбек муҳожирлари билан боғлиқ вазиятнинг ўнгланиш

Ўзбекистондаги Эксперт ишчи гуруҳи 28 май куни Тошкентда “Ўзбекистондан четга ташқи меҳнат миграцияси ва одам савдосига қарши кураш йўллари” мавзуига бағишлаб анжуман ўтказди.

Йиғилишда қатнашган бешта ноҳукумат нотижорат ташкилоти вакиллари ва мутахассислари меҳнат миграцияси ва одам савдосига қарши кураш усулларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва хулосаларини тақдим қилдилар.

- Анжумандан кўзланган мақсад Ўзбекистонда мавжуд бўлган ташқи меҳнат миграцияси ва шу билан боғлиқ бўлган яна бир муаммо одам савдосига қарши кураш йўлларини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистондаги мустақил нодавлат ташкилотлар ва экспертлар фикрлари, хулосалари ва тавсияларини олиш эди. Анжуман якунида биз мана шу мақсадга эришдик. Анжуман муваффақиятли ўтди, деди Ўзбекистон эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов.

Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари икки сессияда бўлиб ўтган анжуманнинг биринчисида меҳнат муҳожирлари дуч келаётган муаммолар ва уларни бартараф қилиш йўллари муҳокама қилинганини айтди.

- Биринчи сессияда маъруза қилган учта эксперт Ўзбекистонда ҳозирги кунда мавжуд бўлган ташқи меҳнат миграцияси ёки мухожирларга хос бўлган асосий муаммолар, хусусан, меҳнат мухожирларини Ўзбекистондан чиқиб кетиши билан боғлиқ, уларнинг мухожирлик давридаги ва мухожирликдан қайтиб келишда улар дуч келаётган муаммолар тўғрисида гапиришди. Улар бу муаммоларни Ўзбекистон ҳукумати мигрантларни қабул қилувчи давлат, Россия бўладими, Қозоғистон ёки Украина бўладими, мана шу мамлакатлар ҳукуматлари қандай ҳал қилишлари мумкинлиги ҳамда бу давлатлардаги ноҳукумат ташкилотлар ёки фуқаролик жамияти институтлари бу жараёнга ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкинлиги ҳақида гапирдилар. Мана шу бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди, деди Суҳроб Исмоилов.

Анжуманнинг иккинчи сессиясида Ўзбекистонда кўлами кенгайиб бораётган одам савдоси муаммосига қарши кураш ҳозирги кунда қандай олиб борилаётгани ва уни такомиллаштириш йўллари муҳокама қилинди.

Бу борада Истиқболли авлод нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари ва мутахассислари ўз таклифларини тақдим қилдилар.

Анжуман қатнашчиларидан яна бири Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова Озодликка меҳнат муҳожирлари ва одам савдоси анча вақтдан бери жиддий муаммо бўлиб келаётгани учун анжуманга айни мавзу танлангани муҳим аҳамиятга эгалигини айтди.

- Бугунги кунда ана шу масаланинг актуаллиги шундан иборатки, бу ҳукумат доирасида ҳал қилиниши мумкин бўлган, яъни икки ёки ундан ортиқ давлатлар ўртасида ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммо. Аммо ҳануз унга бир ечими топилгани йўқ. Менга хабар беришларича, бир кунда Россиядан бир нечта жасад олиб келишади. Россияда кунига бир нечта ўзбек қамалаяпти. Ёки Қозоғистонда аёлларнинг қул қилиб, бир қўлдан иккинчисига ўтказиб юборилаётгани, қийноққа солинаётгани ҳақида тинимсиз хабарлар келиб турибди. Ундан ташқари, Ички ишлар вазирлигида айнан шу муаммо билан ишлайдиган гуруҳ вакилларини биз Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги чегарада ишлашаётганини кўрдик. Лекин шунақа воқеалар гувоҳи бўлдикки, ҳаттоки улар ҳам қандайдир манфаатлар эвазига уларни қўйиб юбораяпти, ўтказиб юбораяпти. Демак, бу муаммо Ўзбекистонда ҳал бўладиган эмас. Шунинг учун бу тадбир муҳим аҳамиятга эга бўлди, дейди Иноятова.

Айни пайтда Эзгулик раҳбари йиғилишда тегишли давлат идораларидан вакиллар қатнашмаганидан таассуф билдирди.

- Биз илгаридан шундай тадбирларга давлат идораларидан айнан шу муаммолар билан шуғулланадиган Ички ишлар вазирлигидан вакиллар қатнашишини хоҳлаган эдик. Афсус, бу муаммолар худди уларнинг даласидаги муаммоларга ўхшаб кўринадими ёки уларнинг нозик томонлари очилиб қоладими ёхуд улар "бир танқидга учраб қолмайлик", деб қўрқишади. Бу жуда ёмон ҳолат. Агар улар анжуманга келишса, ўртадаги қандайдир парда кўтарилган бўларди. 2008 йилда Эзгулик Инсон ҳуқуқлари декларациясининг 65 йиллигига бағишлаб тадбир ўтказди. Республика прокуратурасидан вакил қатнашди. Қирққа яқин одам қатнашди, шунақа қизғин бўлди. Элчихоналардан келган вакиллар ҳам прокуратура вакилларига таклифлар билан чиқишди, дейди Васила Иноятова.

Эзгулик раҳбари ҳозирги кунда Ўзбекистонда энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланган меҳнат миграцияси ва одам савдосига қарши кураш услубини такомиллаштиришда давлат идоралари ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорликда ишласа, яхши натижаларга эришиш мумкинлигини айтди.

- Биз берган таклифларни улар қабул қилишса, улар берган таклифни биз кўриб чиқсак, биз муаммоларни кўтарсак, улар ҳал қилишса, биргалашиб ечим топсак, жуда яхши бўлади. Биз анжуманда кўтарган муаммолар давлатлар ўртасида ечими албатта топилиши учун унинг бир механизми ишлаб чиқилиши керак. Ҳозир бундай механизмнинг ўзи йўқ. Бу нарсага ошкоралик беришнинг ўзи йўқ. Ҳукумат доиралари бу муаммоларга ошкоралик берилиши керак, деб яна бир марта айтамиз. Бунақа тадбирларни кўпроқ, тезроқ ва кенгроқ кўламда қилиш керак. Буни ҳукумат идоралари билан қилиш керак. Лозим бўлса, Россиядан, Россия элчихонасидан вакиллар чақириш керак. Уларнинг олдига конкрет талаблар қўйиш керак. Россия ёки бошқа давлатлар қабул қилган ҳужжатларни столга қўйиш керак. Балки ўша ҳужжатлар ичида бизнинг муаммоларга ечим бордир. Кеча ўтказилган тадбир бу йўлдаги биринчи қадам. Бундан кейинги тадбирлар ўз маҳсулини беради, деб ўйлайман, дейди Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова.

Ўзбекистон эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов анжуман қатнашчилари ўртага қўйган таклиф ва хулосалар келаси ҳафта ҳукуматнинг тегишли идораларига берилишини айтди.

- Биринчи навбатда, Эксперт ишчи гуруҳи шу анжуманга бешта ташкилот вакилларини, айнан шу соҳа бўйича мутахассисларни эксперт сифатида ҳамда сўзга чиқувчилар сифатида таклиф қилган эдик. Биз уларга айни муаммо бўйича пухта ўтказилган тадқиқотлар натижаларини тайёрлаб, бизга топширишлари ҳақида буюртма берган эдик. Ҳозир биз мана шу тадқиқотлар натижаларининг бир қисмини олдик. Қолганини олганимиздан кейин ҳаммасини жамлаб, 2 июн куни эълон қилмоқчимиз. Айни пайтда бу ҳужжатларни Ўзбекистондаги мана шу муаммолар билан шуғулланадиган ваколатли давлат идораларига расман топширмоқчимиз, деди Ўзбекистон эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов.

Эслатиб ўтиш жоизки, “Ўзбекистондан четга ташқи меҳнат миграцияси ва одам савдосига қарши кураш йўллари” мавзуида 28 май куни Тошкентда ўтказилган анжуманда Эксперт ишчи гуруҳи вакилларидан ташқари Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти, меҳнат мигрантлари, мухожирларга методик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази, “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти, Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари ва мустақил ахборот воситалари мухбирлари ҳам иштирок этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG