Линклар

Ўш телекомпаниялари раҳбарлари терговга чақиртирилди

  • Шерзод

Ўш телекомпанияларига юборилган чақириқ қоғозлари маҳаллий прокуратурадан олиниб, қўлда тузатиб қўя қолинган.

Ўш телекомпанияларига юборилган чақириқ қоғозлари маҳаллий прокуратурадан олиниб, қўлда тузатиб қўя қолинган.

Шу йилнинг 19 май куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида содир бўлган воқеалар юзасидан тергов ишларини олиб бораётган Қирғизистон Бош прокуратураси вакиллари ўтган ҳафтада “ЎшТВ” ва “МезонТВ” телеканаллари вакилларини сўроққа чақирди.

ЎшТВ раҳбари Ҳалилжон Худойбердиев мамлакат Бош прокуратурасининг Жалолободдаги тергов гуруҳи уларни гувоҳ сифатида чақирганини айтади:

- Биз 24 май куни Жалолобод шаҳрида Жалолободда бўлган воқеалар бўйича Қирғизистон Бош прокуратурасининг тергов гуруҳи бор экан, ана шу ерга мен ва “Мезон” телекомпанияси директори Жавлон Мирзахўжаев таклиф қилиндик. Гувоҳ қатори чақиртирилиб, ўша ерда гувоҳлик бердик. Рус тилида айтганда, тайна следствия деган нарса бор, шунинг учун мен ҳозир савол-сўроқлар, жавоблар нима тўғрисида бўлганини айта олмайман, деди “ЎшТВ” телеканали раҳбари Ҳалилжон Худойбердиев.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 19 май куни бир неча минг одам Жалолобод шаҳар отчопарига йиғилиб, Республика ўзбек миллий маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировни миллатлараро низо чиқаришга ҳаракат қилаётганликда айблашган.

Шунингдек, улар вилоят губернатори Бектур Асановнинг истеъфосини ҳамда 14 май куни собиқ президент Қурмонбек Бакиев уйига ўт қўйган айбдорлар топилишини талаб қилганлар. Шундан сўнг митингчилар Жалолобод шаҳри томон юриш қилиб, Қодиржон Ботировга қарашли Халқлар дўстлиги университетини тошбўрон қилганлар.

Ушбу тартибсизликлар натижасида 4 одам нобуд бўлди, 80 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Айтиб ўтиш жоизки, 14 май куни Бакиевларнинг уйларига ўт қўйилганидан сўнг Жалолободда бир неча маротаба тинчлик митинглари бўлиб ўтган. Ушбу митингларда Республика Ўзбеклар миллий маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботиров ва Жалолобод вилояти губернатори Бектур Асанов иштирок этган. Ўшдаги “ЎшТВ” ва “Мезон” телеканаллари ушбу митингларни ўз дастурларида бериб боришган.

Шу сабабли айрим расмийлар ушбу икки телеканални Жалолобод воқеаларининг юз беришига сабабчи бўлганликда айблашган.

Бундан ташқари, Ўшда оммавий ахборот воситаларини кузатиб бориш билан шуғулланувчи кузатувчилар кенгаши ҳам тузилган.

Ўш вилояти губернатори Сўўранбай Жеенбеков Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида ҳозирги пайтда маҳаллий оммавий ахборот воситалари ёйинлаётган ўз дастурларига алоҳида масъулият билан ёндашишлари зарурлиги ҳақида гапирганди:

- Давлат сиёсати ҳам бор-да. Баъзида нотўғри, айрим сиёсий кучлар манфаатини кўзлаган, мамлакат халқининг манфаатига қарши келган масалалар кетиб қолаяпти. Масалан, “ЎшТВ” Ботировнинг йиғилиш ўтказганини 3 кун кўрсатди. Ўша сабаб бўлди кечаги ўзбек-қирғиз бўлиб тортишув бўлганига. Худо сақлади. Мана шундай нарсаларни нотинч пайтда кўрсатиш керак эмас. Ҳа, демократия бўлади, аввалгидай журналистларни таъқиб қилиб ёки уларни отиб ё судлашиб, газеталарни, телевидиниеларни ёпиш ўйи йўқ. Бироқ давлат манфаати, халқ манфаати ҳозир мана шуни талаб қилмоқда, деди Ўш вилоят губернатори.

Бироқ “ЎшТВ” раҳбари Жалолобод воқеаларига ушбу телеканаллар сабабчи бўлди, деган фикрларга қўшилмайди:

- Мана шу телеканалларнинг обрўйини тушириш учун гапираётган бўлишлари мумкин. Лекин, менимча, токи суд ҳукми чиқмагунича, бировни айбдор ёки айбсиз, дейиш мумкин эмас, дейди Ҳалилжон Худойбердиев.

Унинг айтишича, телеканал Жалолободдаги воқеаларни ўзининг “аҳолини ахборот билан таъминлаш” миссиясини бажариш, аҳоли орасида Жалолободдаги воқеалар юзасидан тарқалган турли миш-мишларни бартараф қилиш учун эфирга берган. Ҳалилжон Худойбердиевга кўра, ушбу митингларда миллатлараро низо чиқишига асос бўлувчи сўзлар айтилмаган.

Ўшнинг барча расмийлари ҳам Жалолободдаги воқеаларга ушбу телеканаллар сабабчи, деб ҳисобламайди. Жумладан, Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматов ҳам “ЎшТВ” ва “МезонТВ” ҳақида ана шундай фикрда бўлган расмийлардан.

- Бўлаётган воқеаларни бевосита ёритиб, тўғри баҳо бериб, Ўш шаҳрини апрел воқеаларидан бери тинч сақлаб қолишига мен ушбу икки телевидиниенинг ҳиссаси катта, деб ўйлайман, дейди Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматов.

Маълумотларга кўра, Жалолобод воқеалари юзасидан тергов олиб бораётган Қирғизистон Бош прокуратураси тергов гуруҳи терговчилари Ўш телевидиниелари раҳбарларидан мамлакатдан ташқарига чиқмасликни сўрашган ва улар гувоҳ сифатида яна чақиртирилиши мумкинлигини айтишган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG