Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:06

Грузия маҳаллий расмийларни сайламоқда


Грузияда маҳаллий ҳокимият идораларига сайловлар ўтказилмоқда. Ушбу сайловларнинг мамлакат президенти Михаил Саакашвили ҳукумати учун жиддий синов бўлиши айтилаяпти.

Грузияликлар мамлакат бўйлаб 64 та маҳаллий кенгаш вакилларини тўрт йил муддатга сайламоқдалар.

Бироқ энг муҳим сайлов пойтахт Тбилисида бўлиб ўтаяпти. Бу ердан маҳаллий кенгаш вакилларидан ташқари шаҳар ҳокими ҳам сайланмоқда.

Айрим кузатувчилар фикрича, маҳаллий ҳокимият идораларига ўтказилаётган ушбу сайловлар 2012 йилда ўтказиладиган парламент ва 2013 йилги президент сайлови арафасида мамлакатдаги сиёсий кучларни тақсимлайди.

Грузия Ташқи ишлар вазири ўринбосари, сайловларни эркин ўтказиш бўйича яқинда тузилган қўмита вакили Гига Бокерианинг айтишича, аввалги сайловлардан фарқли ўлароқ жорий сайловлар сиёсий ўйинлардан ҳоли бўлиб, сайловолди кампаниясида асосан маҳаллий ҳокимият идораларини бошқариш ва ижтимоий муаммолар кун тартибида бўлган.

- Ушбу сайловда нафақат ҳукмрон партиялар, балки мухолифатдаги партияларнинг ҳам сайловолди кампанияси чоғида ўз диққат-эътиборини асосан биз юзланаётган муаммоларга қаратганига мен гувоҳ бўлдим. Бу каби ҳолат бизда аввал кузатилмаган эди. Бу Грузия сиёсий маданиятининг муаммоларидан бири эди. Фикримча, бу олдинга ташланган муҳим қадамдир, деди Гига Бокериа.

Грузиядаги сайлов участкалари бугун маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8-00 да очилди. Мамлакат марказий сайлов комиссияси матбуот вакили Юлия Гиоргадзе сайлов жараёни ҳеч қандай муаммоларсиз ўтаётганлигини маълум қилди.

Тбилиси ҳокими лавозими учун жами тўққиз номзод, жумладан, ҳукмрон “Миллий бирдамлик ҳаракати” партияси вакили, амалдаги ҳоким Гиги Угулава даъвогарлик қилмоқдалар. Аксар грузинлар Гиги Угулаванинг яхши натижага эришиши мумкинлигини тахмин қилинмоқдалар.

Бугун Тбилисидаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган Гиги Угулава ушбу сайловларни “тарихий” дея атаб, муносиб сайловолди кампанияси ўтказгани учун ўз рақибларига миннатдорлик изҳор қилди.

- Ишончим комил, сайловчилар фаоллиги юқори бўлади, боиси шаҳарликлар биринчи маротаба Тбилиси ҳокимини сайламоқдалар. Мен барча номзодларга миннатдорлик изҳор қилмоқчиман, чунки сайловолди кампанияси қизиқарли бўлиб, барча номзодлар шаҳарни ривожлантириш борасида ўз фикрларини изҳор қилдилар. Умид қиламанки, сайловлар одил ва шаффоф бўлади. Бу демократия томон ташланган яна бир қадамдир, деди Тбилиси ҳокими.

Грузиянинг БМТдаги собиқ элчиси Ираклий Аласаниянинг Гиги Угулавага асосий рақиб бўлиши айтилмоқда.

- Мен ўзимни яхши ҳис қилмоқдаман. Ҳаво яхши ва ишончим комилки, сайловчилар давомати юқори бўлади. Сайлов жараёнининг режага мувофиқ ўтказилишига мен ишонаман. Мен ўзгаришлар учун овоз бердим, деди Тбилисида журналистларга гапирган Ираклий Аласания.

Сайлов арафасида ўтказилган сўров натижалари Гиги Угулаванинг Тбилиси ҳокими учун сайловда ғалаба қозониш имкониятлари юқори экани ҳамда ҳукмрон Бирлашган миллий ҳаракат коалицияси вакилларининг мамлакат бўйлаб аксар сайлов участкаларида ғолибликни қўлга киритишини кўрсатди.

Айни пайтда Грузиядаги сайловларни беш мингдан зиёд маҳаллий ва хорижий кузатувчилар назорат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG