Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:56

Германиялик Лена Евровидение ғолиби бўлди


2010 йилги Евровидение қўшиқ танлови ғолибаси Лена Майер-Ландрут
2010 йилги Евровидение қўшиқ танлови ғолибаси Лена Майер-Ландрут

Германиялик 19 ёшли қўшиқчи Лена Майер-Ландрут 2010 йилги Евровидение қўшиқ танловида ғолиб бўлди. “Satellite” қўшиғи билан қатнашган Лена танловда иштирок этган 24 мамлакат вакиллари орасида энг зўр, деб топилди.

Саҳнада Лена тахаллуси билан ижод қиладиган немис ўспирини Евровидение қўшиқ танловида ғалаба қозонган Германиянинг иккинчи фуқароси бўлди.

Евровидение ғолиби
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:43 0:00


Лена Майер-Ландрут Евровидение танловида қатнашиш учун Германияда ўтказилган саралаш танловида ғалаба қозонишидан аввал нотаниш бир қўшиқчи эди. Шанба куни Норвегия пойтахти Ослода ўтказилган танлов томошабинларини Лена ўзининг ёшларга хос шўх ҳатти-ҳаракатлари билан ром этди.

39 мамлакатдаги телетомошабинлар унинг қўшиғи учун овоз бериб бўлгач, мукофотни қабул қилиб олар экан, Лена соддадиллик билан “Ҳозир яна қўшиқ куйлашим керакми?”, дея сўради. Танлов финалидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Лена ғалаба қозонганини анчагача идрок қилолмаганини эътироф этди.

- Бу жуда кутилмаган ходиса бўлди. Яшил хонада тумонат одам натижаларни кутиб турган эди, кейин бирданига “вой Худоим-ей, биз ютдик, биз ютдик", дея қичқиришди. "Лена сен ютдинг", дейишди, мен эса: “йўғе, бўлиши мумкин эмас, ҳали овоз бериб бўлмаган мамлакатлар бор", дедим. Лекин ҳақиқатан, мен буни англай олмай қолдим, ҳеч ким тушунмай қолди ва бу жуда ғайриоддий ходиса бўлди, чунки биз буни кутмаган эдик ва бу жудаям ишониш қийин бўлган бир ҳолат эди, деди Евровидение- 2010 танлови ғолиби.

Ўтган йили 124 миллион телетомошабинни жалб қилган Евровидение танловида турли йўналишлардаги қўшиқлар тақдим қилинади ва унда нисбатан нотаниш қўшиқчилар иштирок этади.

Қўшиқчилик бўйича Европа чемпионати ҳисобланмиш танлов иштирокчилари овоз тўплаш илинжида ялтир-юлтур кийимларни кийиб олиб, баллада, рок-н-ролл ёки диско қўшиқларини ижро этади.

Бироқ яхши ишлов берилган қўшиқлар ғалаба қилган аввалги танловлардан фарқли ўлароқ, Ослодаги танловда Лена ижросидаги содда ва оддий қўшиқ энг зўр, деб топилди.

У калта ва оддий бичилган қора кўйлакда саҳнага чиқди ва муҳаббат ҳақидаги содда қўшиқни ижро этди.

“Менинг сенга бўлган муҳаббатим соф ва самимий, Купидон найзаси ҳам фақат сен учун, оёқларимга қўйган хина ҳам сен учун”, дея жўнгина сатрларни қўшиқ қилиб айтди Лена.

Шунинг учун бўлса керак, Лена бу қўшиқни ижро этиш ўзи учун жуда осон бўлгани ва танловдан олган таассуротлари “бутун умрга ёдда” қолишини айтди финалдан кейинги матбуот анжуманида.

- Мен учун бу жуда осон бўлди, яна билмадим. Мен ижро этган қўшиқни айтиш жуда қийин эмас, лекин бундай катта саҳнада туриб қўшиқ айтиш ёддан чиқмайдиган бир тажриба бўлди мен учун. Саҳнага чиққач, эҳтиросларга берилиб кетасан киши ва ҳаяжонланишга фурсат ҳам қолмайди. Шунинг учун менга бу осон бўлди”, деди Лена Майер-Ландрут.

Бу йилги танловда иккинчи ўрин туркиялик “maNga” номли гуруҳнинг “We Could Be The Same” қўшиғига берилди. Учинчи ўринни “Playing With Fire” қўшиғини дуэтда ижро этган руминиялик қўшиқчилар Паула Селлинг ва Ови эгаллади.

Озарбайжонлик Сафуранинг “Drip Drop” қўшиғи бешинчи, арманистонлик ева Риваснинг “Apricot Stone” қўшиғи эса еттинчи поғонани эгаллади.

Евровидение-2010 қўшиқ танловининг ғолиби, асли Ҳанновер шаҳридан бўлган Лена саралаш жараёнидан ўтгани ҳақида дўстларига ҳам индамаган, “чунки танловда ютқазиб қўйсам, уялиб қолишидан истиҳола қилдим”, дейди. Қўшиқчиликдан олдин у рақс машқ қилган ва бир неча марта мактабдаги мусиқа гуруҳи билан қўшиқчиликда ўзини синаб кўрган, холос.

Лекин шанба куни Ослодаги Теленор Арена саройига йиғилган 18 минг томошабинлардан ташқари Лена Европа бўйлаб яна миллионлаб телетомошабинларни ҳам ўз қўшиғи билан ром қилди.

Ленанинг ҳамшаҳари ва янги мухлиси Мелани Штрубер улардан бири:

- Лена ижроси беназир, ажойиб, мафтункор ва энг зўр бўлди. У зални титратиб юборди. Мен бундай бўлади, деб кутмаган эдим. Айтмоқчиманки, охирги ўринни эгалламасак бўлгани, деб тургандим, лекин биринчи ўринни эгаллашимиз хаёлимда ҳам йўқ эди, дейди Ленанинг мухлиси.

Евровидение-2010 танлови энг қимматга тушган танловлардан бири бўлди. Норвегияинг NRK телерадиокомпанияси тадбир учун 33 миллион АҚШ долларини сарфлади. Бу харажатларни қоплаш учун эса NRK футбол бўйича жаҳон чемпионлигини трансляция қилиш ҳуқуқини сотишга мажбур бўлди.
XS
SM
MD
LG