Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:35

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги ўтиш маскани ёпилди


Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти билан Қирғизистоннинг Боткен вилояти чегарасидаги вазият таранглашиши муносабати билан 30 май куни Қирғизистон чегара хизмати қарорига мувофиқ “Қайтпас” чегара маскани ёпиб қўйилди.

Қирғизистон матбуотининг Боткен вилоят давлат маъмуриятидан олинган хабарга таяниб маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Сўх анклавига десант кучлари киритилган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари наряди кучайтирилган. Мазкур иш Боткен вилоят маҳаллий ҳокимияти ва ҳуқуқ-тартибот органлари расмийларини огоҳлантиришсиз амалга оширилган. Бу эса, Боткен расмийларига кўра, давлатлараро келишувларга зиддир.

Эслатиб ўтамиз, икки қишлоқ аҳли ўртасида келишмовчилик Хушёр қишлоғи аҳолисининг Сўғмент қишлоғига тегишли яйловлардан бундан буён фойдалана олмаслиги ҳақида чиққан баҳслардан кейин юзага келганди. Мазкур яйловлардан сўхликларнинг фойдаланиши давлатлараро янги келишувдан кейин бекор қилинганди.

27 май куни икки қишлоқ ўртасидаги чегарага ҳар икки томондан юзлаб ғазабнок киши йиғилган. Айни пайтда маҳаллий расмийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва чегарачилар аралашуви ҳам ижобий натижа бермаган. Аввалроқ ўзбек расмийлари ўз фуқароларини тарқатиш учун ҳавога огоҳлантирувчи ўқ отгани, шундан кейин халойиқ уй-уйига тарқагани ҳақида хабар берилганди.

Боткен туман ҳокими Ҳаятали Айқановнинг Озодликка маълум қилишича, ҳозирда туманда вазият анча барқарорлашган:

- Ҳозир чегараларда чегарачилар, милиция ходимлари ўз хизмат вазифаларини ўтаяптилар. Одамлар йиғилгани йўқ. Бироқ қизиққан одамлар, “чегара нима бўляпти экан?” деганлар иккитадан-учтадан келиб кетишаяпти. Бироқ одамлар йиғилиб тургани, бирон нарса талаб қилиб тургани йўқ, деди туман ҳокими.

Боткен вилоят давлат маъмуриятидан маълум қилишларича, ўтган ҳафтада Ўзбекистоннинг Сўх анклавида яшовчи фуқаролар томонидан қирғизистонликларга тегишли 10 автомашинага зарар етказилган. Шу важдан киракашлик билан шуғулланувчи қирғизистонлик 30 ҳайдовчи вилоят губернатори Султан Айжигитовга мурожаат қилганлар. Улар бу ҳодисалар бўйича чора кўриш ёки Боткен вилояти орқали Ўзбекистонга олиб борувчи барча автойўлларни ёпиб қўйишни талаб қилганлар.

Сўхликлар ва боткенликлар ўртасидаги жанжал 26 май куни бошланганди.

Боткен туман ҳокими Ҳаятали Айқановга кўра, ҳозирда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мазкур воқеа юзасидан текширув ишлари олиб бормоқда. Ўзбек расмийлари, агарда текширув натижасида ўзбекистонликлар томонидан қирғиз фуқароларига зарар келтирилгани исботланса, улар етказилган зарарни тўлаб беришга ваъда қилган.

- Аввал бир машина, кейин беш машина, кечаги куни яна бир-икки машина зарар кўрган. Булар бўйича келтирилган зиёнлар аниқланаяпти. Сўх туман ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, агарда булар исботланса, биз зарарни қоплашга тайёрмиз, дейишаяпти, дейди Ҳаятали Айқанов.

Боткен вилоятида содир бўлган воқеалардан сўнг Қирғизистон ҳам ушбу ҳудуддаги “Қайтпас” чегара постини ёпди:

- Биз томондан фақат "Қайтпас" чегара пости ёпилди. Қолган чегараларимиз одатий тартибда ишламоқда. Чегара пунктининг ёпилиши Ўзбекистон Республикаси Хушёр аҳоли пункти яшовчилари томонидан яйловлардан фойдаланишга рухсат берилиши учун 26 майдан бери можаро чиқаришга уринаётгани билан боғлиқ. Улар чегарачиларимизга ҳужум қилмасликлари учун биз шу йўл билан вазиятни назорат қилаяпмиз, деди Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизмати расмийси Салқин Абдуқариева.

Қирғизистон чегара хизмати расмийсига кўра, Ўзбекистон тараф 7 апрелдан буён ўзининг Қирғизистон билан чегараларини кучайтирилган тартибда қўриқламоқда. Салқин Абдуқариеванинг айтишича, Ўзбекистон тараф Боткен вилояти билан чегарадош бўлган ўз ҳудудларига ҳарбий техникаларни олиб келганини ўз ҳудудида техникаларни истаган ерга кўчиришга ҳақли экани билан изоҳлаган.

Салқин Абдуқариева Ўзбекистон чегарачилари Боткен вилоятида юз берган воқеаларга аралашмаётганини, ҳарбий техникаларнинг бу ҳудудларга кўчирилиши ҳудудда юз берган воқеалар билан боғлиқ эмаслигини айтаркан, эртага икки мамлакат чегарасидаги вазиятни муҳокама қилиш учун Фарғонада Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара расмийлари учрашуви бўлиб ўтишини маълум қилди:

- Мен сизга айни пайтда Боткен вилоятида бизнинг раисимиз, полковник Қурманақун Матенов юрганини маълум қилмоқчиман. 2010 йилинг 1 июн куни Ўзбекистон Республикаси Фарғона шаҳрида унинг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондони билан учрашуви бўлиб ўтади. Эртага мана шу барча можароли масалалар ва чегараларнинг очилиш-ёпилиш масалалари ҳал қилинади, деди Салқин Абдуқариева.
XS
SM
MD
LG