Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:51

Сўғдлик мансабдорлар орасида ерсотарлик авж олди


Сўғд ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига кўра, вилоятдаги мансабдорлар орасида ерни ноқонуний тақсимлаш билан боғлиқ қонунбузарликлар кўлами кенгайиб бормоқда.
Сўғд ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига кўра, вилоятдаги мансабдорлар орасида ерни ноқонуний тақсимлаш билан боғлиқ қонунбузарликлар кўлами кенгайиб бормоқда.

Тожикистоннинг Cўғд вилояти прокуратураси сўровига биноан уч мансабдор шахс депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилди. Улар уч миллион АҚШ долларидан зиёд давлат маблағини ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Тожикистон президенти хузуридаги Молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлиги ва вилоят прокуратураси олиб борган тергов материалларида айтилишича, Исфара шаҳар раисининг биринчи ўринбосари, Баҳром Бобоев тўрт йил ичида давлатга миллион АҚШ доллари микдорида зарар етказган. Вилоят прокуратураси унга нисбатан Тожикистон Жиноий Кодексининг бешта моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган. Собиқ депутат Тожикистондан қочиб кетган. Сўғд вилоят прокурори ўринбосари Музаффар Боқиевнинг айтишича, раҳбар шахслар ўртасида қонунбузарликлар кўлами йил сайин ошиб бормоқда.

- Вилоят прокуратураси ҳузурида ердан конуний фойдаланиш жараёнини текширадиган махсус гуруҳ ташкил этилган. Чунки раҳбарларнинг кўпчилиги асосан ерни ноқонуний сотишга қўл урмоқда. Жорий йилнинг ўзидаёқ саккиз юз гектардан ортиқ ноконуний берилган еки эгаллаб олинган ерлар давлатга қайтарилди. Ерларни ноқонуний тақсимлаган раҳбарларга нисбатан қирқдан ортиқ жиноий ишлар очилган. Айримлари аллақачон жиноий жавобгарликка тортилган, дейди Музаффар Боқиев.

Прокурорнинг сўзларига кўра, Табошар шаҳридаги “Заря Востока” заводи директори, шаҳар мажлиси депутати Абдураҳим Расулов ва корхона бош муҳандиси, шаҳар мажлиси депутати Ўразбаев Абдушукур депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилганлар. Мансабдор шахслар томонидан давлатга етказилган зарар икки миллион АҚШ долларидан зиёдроқ маблағни ташкил этади.

Мазкур завод ҳарбий корхона ҳисобланади. Бу ерда “ Востокредмет” атом заводи учун қоришма, қурилиш материаллари ва калиш ишлаб чиқарилади. Тергов материалларида айтилишича, завод директори ва бош муҳандис тил бириктириб, корхонадаги станок ва ускуналарни қўшни давлатга олиб чиқишган. Аниқроғи, Табошар шаҳрига чегарадош Ўзбекистоннинг Ангрен шаҳрида ташкил этилган кичик корхонадаги асбоб-ускуналар айнан “Заря Востока” заводидан олиб чиқилган. Бу иш билан Тожикистон Миллий хавфсизлик хизматлари шуғулланишмоқда.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, мамлакатда қабул қилинаётган қонунлар ишламаётганлиги сабабли, энг аввало, мансабдор шахслар қонунни бузишмоқда.

- Раҳбар шахсларга нисбатан жиноий ишлар очилганлигининг асосий сабаби қонунлар мукаммал эмаслигида. Мамлакатда ҳар йили қонунларга янги-янги ўзгартишлар киритилади. Айтмоқчиманки, ҳали бири тўла кучга кирмай, янгиси қабул қилинади. Оқибатда мана шу қонунлар ишламаяпти. Шунинг учун ҳам айнан раҳбар томонидан қонунбузарликлар содир қилинаяпти. Жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар эса жазосиз қолаяпти. Жумладан, Хўжанд ва Табошар шаҳарлари, Жаббор Расулов тумани собиқ раисларига нисбатан жиноий иш очилган эди. Бироқ озроқ вақт ўтгач, уларга ҳеч қандай жазо берилмади. Жиноий жавобгарликка эса ҳукуматларнинг кичик ходимлари тортилган. Ахир қонун олдида барча баробар эмасми? -дейди Хайринисо Каримова.

Зафаробод туманидаги шахсий деҳқон хўжалиги раҳбари Абдурасул Мамадалиев раҳбарлар қонунбузарликка қўл уришларини уларнинг ҳеч кимдан қўрқмаслиги билан изоҳлайди.

- Энг асосий сабаб раҳбарлар ҳеч кимдан қўрқмайди. Мамлакатда бўлиб ўтган фуқаролар уруши даврида худди шундай бўлган ва бугун ҳам давом этиб келмоқда.Улар ҳеч қандай хавф-хатарни ҳис қилмайди. Иккинчидан, ҳозирги раҳбарлар узоқ йиллар давомида шу лавозимда ишлашига, шу вазифадан нафақага чиқишига ишонмайди. Шунинг учун ҳам кўпроқ ўмаришга ҳаракат қилади, дейди Абдурасул Мамадалиев.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги икки йил мобайнида вилоятда ўттиздан ортиқ раҳбар шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Жумладан, Жаббор Расулов тумани, Табошар, Чкалов ва Хўжанд шаҳар ҳукуматлари собиқ раҳбарлари 300 дан ортиқ ноқонуний қарорлар чиқарганликда, ерни ноқонуний тақсимлаш, давлат мулкини йирик миқдорда ўзлаштирганликда айбланганлар. Уларнинг 7 нафари халқ вакиллари, яъни депутатлардир. Шу давр ичида улардан давлат ҳисобига қарийб 30 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ундирилди.
XS
SM
MD
LG