Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:07

Исроил-Туркия алоқалари таҳдид остида қолди


Туркия телевидениеси Исроил ҳарбийларининг турк кемаларини ишғол қилиши акс этган тасвирларни намойиш қилди.
Туркия телевидениеси Исроил ҳарбийларининг турк кемаларини ишғол қилиши акс этган тасвирларни намойиш қилди.

Исроил қамалида қолаëтган Ғазо минтақасига инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган олтита кеманинг Исроил ҳарбийлари ҳужумига учраши оқибатида 10 дан ортиқ туркиялик нобуд бўлди.


Кейинги хабарларга кўра¸ мазкур воқеага норозилик тариқасида туркия Исроилдаги ўз элчисини чақиртириб олган ва БМТ Хавфсизлик кенгашидан Исроил ҳаракатини муҳокама қилиш учун фавқулодда мажлис чақиришни талаб қилган.

Исроил ҳарбийлари Ғазо минтақасига 10 минг тонна инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган “Озодлик флотилияси”ни ўққа тутиб, уч йилдан буён қамалда қолаётган Ғазо ҳудудига киритмади.

Маҳаллий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, “Озодлик флотилияси” таркибида учта юк ва учта йўловчи кемаси бўлган.

Кемаларда эса асосан озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, ногиронлар учун коляскалар ҳамда сув тозалаш ускуналари бўлган. Маълум бўлишича, кемада, шунингдек Исроил томонидан Ғазога киритилиши тақиқланган қурилиш материаллари ҳам бўлган.

Флотилия таркибидаги кемаларда ҳуқуқ фаоллари ва бир қанча халқаро ташкилот вакиллари бўлган. Ушбу шахсларнинг аксари эса Туркия фуқароларидир.

Исроил томони инсонпарварлик ёрдамини Ғазо минтақасига киритмаслиги хусусида огоҳлантириб, юкларни мусодара қилиши ҳамда рухсат берилган маҳсулотларнигина Ғазо минтақасига юборишини маълум қилган эди.

“Озодлик флотилияси” Ғазо минтақаси томон яқинлашар экан¸ денгиздаги нейтрал ҳудудда Исроил денгиз қўшинлари томонидан тўхтатилди ва ўққа тутилди.

- Афсуски, кемада бўлган шахслар ҳарбийларимизга қарши куч ва зўравонлик қўлладилар. Улар аскарларимизни калтаклаган. Бу аввалдан режаланган иш бўлган, деди Исроил қўшинлари матбуот вакили.

Исроил ҳарбийларининг билдиришича, кемада бўлган шахслар Исроил аскарларига пичоқ ва ўткир темир трубалари билан ҳужум қилган ва ҳарбийлар ўз жонини сақлаш мақсадида ўт очишга мажбур бўлган.

-Кемадаги шахслар қўлида ўткир темир қуроллар ва турли пичоқлар бўлган. Бу нарсалар ҳарбийларимизга қарши ишлатилгандан сўнг, аскарларимиз жавобан ўт очган¸ деди Исроил қўшинлари матбуот вакили.

Исроил расмийларига кўра, ушбу воқеада камида 10 киши нобуд бўлган. Бироқ туркиялик ҳуқуқ фаолларининг билдиришича, Исроил аскарлари ўқидан камида 16 киши, жумладан Туркия фуқаролари нобуд бўлган.

Айни пайтда Исроил ҳаракатларини кескин қоралаган Туркия ҳукумати мазкур ҳолат юзасидан фавқулодда мажлис ўтказмоқда.

-Ушбу ҳодиса денгиздаги нейтрал ҳудудда рўй берди ва бу халқаро қонунларга мутлоқ зиддир. Биз Исроилнинг мамлакатимиздаги элчисига ўз эътирозимизни билдириб, кемаларда фақат инсонпарварлик юки бўлганини таъкидладик. Уларнинг нияти холис эди ва Исроилнинг бундай ҳаракатлари мутлоқ қабул қилинмайди, деди Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Салим Енел.

Исроил ҳаракатларини Ғазони бир неча йилдан буён назорат қилиб келаётган Ҳамас ҳаракати ҳам кескин қоралади.

- Биз Ҳамас ҳаракати Исроилнинг “Озодлик флотилияси”га қилган ҳужумини энг катта жиноят ва халқаро қонунларни қўпол равишда бузиш деб биламиз, деди Ҳамас матбуот вакили.

Исроил томони ўз ҳаракатларини оқлашга уринаётган бир пайтда Европа иттифоқи ҳам расмий Тел-Авивдан нейтрал ҳудудда рўй берган ушбу қонли воқеа юзасидан пухта текширув ўтказишни талаб қилди.
XS
SM
MD
LG