Линклар

logo-print

Исроил ҳаракатлари танқидга сабаб бўлмоқда


Халқаро ҳамжамият Исроил ҳарбийларининг Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган кемаларни ўққа тутиб, камида 10 нафар шахсни ўлдиришини кескин қораламоқда.

Озодлик радиосига интервю берган Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Салим Енел сўзларига кўра, расмий Анқара Исроилнинг мамлакатдаги элчисига ушбу воқеа икки давлат ўртасидаги алоқаларга салбий таъсир кўрсатиши хусусида огоҳлантириш нотаси топширган:

-Ушбу ҳодиса денгиздаги нейтрал ҳудудда рўй берди ва бу халқаро қонунларга мутлоқ зиддир. Биз Исроилнинг мамлакатимиздаги элчисига ўз эътирозимизни билдириб, кемаларда фақат инсонпарварлик юки бўлганини таъкидладик. Уларнинг нияти xолис эди ва Исроилнинг бундай ҳаракатлари мутлоқ қабул қилинмайди, деди Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Салим Енел.

Айни пайтда Истанбулдаги Исроил консуллиги ёнида Исроил аскарлари ҳаракатларига қарши бир неча минг кишилик норозилик акцияси уюштирилди.

Худди шундай норозилик намойишлари кўпгина араб давлатларида ҳам ўтказилмоқда. Ҳамас ҳаракати барча мусулмонларни жаҳон бўйлаб Исроил элчихонаси ёнида норозилик акцияси ўтказишга чақирди.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Исроил аскарлари ҳаракатларини “қатлиом” дея атаб, Фаластинда уч кунга мотам эълон қилди.

Араб лигаси раҳбари Амр Муса инсонпарварлик юки олиб кетаётган кемаларда ўтказилган амалиётларни “жиноят”, дея атади.

Германия ва Франция ҳам ушбу воқеа юзасидан ташвиш билдирди. ЕИнинг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон Исроил ҳукуматидан денгиздаги воқеани синчковлик билан тафтиш қилишни талаб қилди.
XS
SM
MD
LG