Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:14

Улгуржи савдо маркази Тошкентдан Қўқонга кўчаëтирми?


Айни кунларда¸ Тошкентнинг йирик бозорлари¸ хусусан Карвон бозорда савдонинг сустлашгани кузатилмоқда.
Айни кунларда¸ Тошкентнинг йирик бозорлари¸ хусусан Карвон бозорда савдонинг сустлашгани кузатилмоқда.

Тошкентнинг йирик бозорларига мол келиши деярли тўхтаб қолган¸ савдогарлар эски молларини сотмоқда. Айни пайтда¸ айланма йўллар орқали Хитойдан мол келаëтган Қўқон бозори бошқа вилоят савдогарлари учун янги манзилга айланмоқда.


Озодликка мурожаат қилган айрим ўзбекистонликлар айтган қиссадан келиб чиққан ҳисса ана шу мазмунда.

Ўзбекистоннинг барча вилоят бозорларида кийим-кечак, пойафзал маҳсулотлари, қурилиш ва саноат моллари тақчиллиги сезилиши бошланган, дейди биз билан суҳбатда ўзбекистонликлар.

Фарғона водийсидан бўлган савдогар маҳсулотлар бозорларда қисқараятганини айтади. Унга кўра, бу Қирғизистон чегараси билан боғлиқ:

-Кўпроқ Қирғизистон томондан олиб келишарди. Ҳозир шу нарсалар қисқариб бораяпти тобора. Мана шу чегара бекилди Қирғизистондаги тўполон билан. Шундан кейин менимча¸ аксарият моллар Хитойники шекилли¸ камайиб бораяпти тобора.

Озодлик: Савдогарлар нима қилишаяпти? Ишлашаяптими ëки йўқми?

- Савдогарлар қолган қолдиқ моли билан савдо қилаяпти.

Озодлик: Нархлари эски нархми ë кўтарганми?

- Нарх кўтарилган бироз.

Озодлик: Савдогарлар буни нима билан боғлашаяпти?

- Чегара берк экан. Қаттиқ бекитиб ташлабди. Очиғи¸ аксарият тадбиркорлар деймиз¸ кўпчилик контрабанда йўли билан олиб келадику молни. Чегара яқинку. Ҳозир бекилиб қолган. Бир хиллари “Ишсиз ўтирибмиз. Чегара ëпилган. Ҳеч нарса олиб ўта олмаяпмиз” деб ўтирибди. Бозорнинг ичида ишлаëтганларники ҳозирча шундай, деди водийлик бир тадбиркор.

Тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов ҳам Ўзбекистонга мол киришнинг камайгани сезила бошлаганини тасдиқлай туриб¸ тақчилликнинг Қирғизистон билан чегара ëпилганидан бошқа ҳам сабаблари борлигини айтади :

- Бунинг яна бир бошқа тарафи бор. Бунга ҳам урғу бериш керак. Ўзбекистон сўми 2200 сўм атрофида турибди. Асосан¸ талабни камайтириш¸ товар запасини камайтириш ҳисобига шу нарса бўлиб турибди. Беш-олти хил омиллар бир-бирига таъсир этиб турибди. Чет элдан келтирилган товарларнинг асосий қисми олдин контрабанда орқали келтириларди. Мана Ўзбекистон ҳукуматининг коррупцияга қарши бошлаган ишлари юзасидан Карвон бозорда жуда кўп одамлар қамалди. Асосан шу масалага бориб тақалади. Ипподром масаласида ҳам одамлар чўчиб турибди. Контрабанда молларининг ҳозир қандайдир камайганини кузатиш мумкин. Ҳозир асосан олдинги мавсумда келтирилган моллар сотилаяпти, дейди тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов.

Бу суҳбатдошимиз эндиликда карго тизими орқали келадиган моллар ҳам тўхтаганини айтади. Тошкентлик тадбиркор Ўзбекистон бозоридаги вазият яқин ўтмишдаги холатни эслатаятганини айтади:

-1990- йиллардаги қўрқув бор одамларда. Чунки 90-йилларда магазинда ҳеч нарса бўлмагандай одамларнинг пули кўп. Пулига нима келса¸ олиш бошланган. Паника бошланган. 1990 йилларни кузатган одам билади, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Қўқонлик суҳбатдошимиз Ойбек исмли тадбиркор. Унинг гапларига ишонадиган бўлсак¸ айни кунларда улгуржи бозор Тошкентдан Қўқонга кўча бошлаган:

- Тошкентданмасу кўпроқ Қирғизистондан олиб келаяпмизда. Ўзи ëпилгани билан маҳсулот кириб келаяпти. Қўқондан тортиб Самрқанд¸ Қарши¸ Бухоро келиб олиб кетаяпти. Харидорлар бу ëққа келиб олиб кетишаяпти шу. Абу Саҳий бекилганидан икки ҳафтадан кейин шу ëққа ўрганишди одамлар. Иккита-иккита сумка кўтариб иш қилиб юрган бозорчилар бор. Ўшаларнинг келиб кетганидан билдим. Бозор бу ëққа бурилганини ўшаларнинг келиб кетганидан билдим. Икки ойдан бери шу аҳвол, дейди қўқонлик тадбиркор.

Тадбиркор Ойбек ака Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан мол олиб келишни содда қилиб тушунтириб беради:

-Масалан¸ 100 та одамдан биттаси бориб 100 та одамнинг молини олиб келади. 99 таси жойида ўтириб молини кутади. Система бу, дейди қўқонлик савдогар.

Унга кўра¸ айни пайтда Қўқонддан Бухоро, Самарқанд ва Қарши шаҳарларига қатновчи таксилар пайдо бўлган.

Мазкур материал ҳозирланиши якунлаб қолган бир пайтда Озодликка Тошкентдан келган хабарга кўра¸ президент Каримов қизларидан бирига тегишли экани айтиладиган Абу Сахий ширкати ҳам ўз фаолиятини бошлаган. Тошкентда йирик тадбиркорлар қамалиши ортидан Абу Сахийнинг ҳам ëпилгани ва бунинг ортидан Ўзбекистондаги аксар улгуржи бозорларга мазкур ширкат етказиб бераëтган маҳсулотлар оқими ҳам тўхтаб қолгани хабари чиққан эди.

Озодлик манбасининг айтишича¸ Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг расман ëпиқ қолаëтганига қарамай¸ Абу Сахийга тегишли Хитой моллари ортилган машиналар карвони кейинги кунларда яна Тошкентга кела бошлаган.
XS
SM
MD
LG