Линклар

logo-print

Бишкек ҳам¸ Тошкент ҳам "Ҳушëр"да ҳушëр

  • Сарвар Усмон

Ҳушëр қишлоғининг қирғиз чегарасидан олинган суврати.

Ҳушëр қишлоғининг қирғиз чегарасидан олинган суврати.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегара ҳудудида жойлашган Сўх анклавида кейинги кунларда бўлаëтган можароларнинг¸ қирғиз матбуоти ëзганларига ишонилса¸ икки давлат ва икки миллат ўртасидаги низога айланишига бир баҳя қолаëтир. Аслидачи?


"Сўнгги 5 кун ичида Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистоннинг Боткен вилояти аҳолисига қарашли 10 та автомашинани ишдан чиқарди".

"Боткеннинг Чорвоқ қишлоғида маҳаллий аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун халқ дружиналари ташкил қилинди"

"Қирғизистон Давлат чегара хизмати бошлиғи Боткен вилоятига етиб келди".

Бу Қирғизистондаги ахборот агентликлари 31 май куни эълон қилган хабарлардан баъзиларининг сарлавҳалари.

Яна бир хабарга қараганда, Ўзбекистон Сўхга қўшимча 1000 нафар аскар ташлаган.

Бу хабарларни ўқиган одамда бугун-эрта уруш бошланиб кетар экан-да, деган тасаввур пайдо бўлади...


Сўх - Фарғона вилоятидаги қишлоқ

Сўх қишлоғи шу номдаги туман таркибига киради.

Сўх тумани - анклав. У тўлалигича Қирғизистоннинг ичида.

Нотинч вазият ҳукм сураётган Ҳушёр қишлоғи Сўх туманида жойлашган.

Қирғизистондаги ахборот агентликларига кўра, шу кундаги бўҳрон 26 май куни бошланган: ҳушёрликлар, яъни ўзбекистонликлар Ўзбекистон ҳудуди орқали Қирғизистондан Қирғизистонга 4 та машинада ўтиб кетаётган қирғизистонликларни тутиб олиб урган.

Ўзбекистонликлар қирғизистонликларни гаровга олишга ҳам уринган, лекин қирғизистонликлар қочиб қутулган.

Энди ҳушёрликларнинг ўзидан эшитинг:

Озодлик: Ҳушëрда яшайсиз экан. Тинчликми? Нима бўлаяпти?

- Чегара бўйича келишмовчилик бўлди. Шунинг ҳисобидан шунақа тўполонлар.

Озодлик: Қанақа тўполон бўлаяпти?

- Бизнинг одамларни у ëқнинг чегарачилари ушлаб урибди¸ қирғизларнинг солдатлари.

Озодлик: Қачон бўлган иш бу?

- Бир ҳафта бўлди.

Озодлик: Демак¸ қирғизистонлик аскарлар ўзбекистонликларни урганми?

- Ҳа. Кейин аëлларни ëтқизиб автомат билан урганда. Мазах қилиб ўтиринг¸ туринг¸ ëтинг деб бир-иккита аëлларни шунақа қилганда.

Озодлик:
Бир ҳафта олдин қирғизистонлик чегарачилар қилган-а бу ишни?

- Ҳа.

Озодлик: Ундан кейин нима бўлди?

- Ундан кейин халқ чиқиб “Бўлмаса бизнинг территориядан ўтмайсизлар. Унақа тўполон қилманглар” деб нима қилишди. Кейин улар сувларни тўхтатишди. Сув бизга Қирғизистондан келадида. Чегарани қаттиқроқ ушлашди. Кейин бизнинг одамлар норози бўлиб кўчага чиқиб “Сув келмаса¸ чегарачилар хафа қилиб турса¸ биз ҳам чиқамиз” деб шунақа қилишдида.

Озодлик: Бир ҳафта олдин бўлган воқеага қайтайлик. Нима учун қирғизистонлик чегарачилар ҳушëрликларни яъни ўзбекистонликларни калтаклади? Нима учун аëлларни таҳқирлади?

- Улар сабабсиз. Қандайдир тинчлигимизни хоҳлашмаяптими¸ кимдир буюрганми уларга. Бизга номаълум ҳалиям.

Озодлик: Кечадан бери “Сўнгги беш куннинг ичида ҳушëрликлар қирғизистонликларнинг 10 та машинасини ишдан чиқарди¸ бузиб ташлашди” деган хабар пайдо бўлди. Шу ростми?

- Йўқ¸ 10 та эмас битта. Битта машинасини бузишди. Ўшам одамларни уриб¸ аëлларни нима қилгандан кейин битта машина ўтаëтганда бузишди. Кейин яна чегаралардан олиб бориб сопровождение қилиб ташлаб келишди¸ дейди исмини айтмаслигимизни сўраган ҳушёрлик.


Ким ҳақу ким ноҳақ?


Ҳар қандай можарода бўлгани каби ким ҳақу ким ноҳақлигини дабдурустдан айтиш ўта мушкул.

Лекин бир нарса аниқ: бир томон йўлни тўсиб олган, бошқа томон сувни.

Суҳбатдошимизнинг айтганлари мазмунига қараганда, вазият, хабарларда айтилаётганидай, чиндан ҳам кескин.

Чегаранинг ҳар икки тарафида ҳар эҳтимолга қарши бир неча ўн, баъзи маълумотларга қараганда, бир неча юз кишилик икки гуруҳ “вазиятни назорат қилиб турибди”.

Иккала томоннинг биридан бирон бир провокация чиқиб кетса бас – қўллар камида кетмонга, тошга югуриши аниқ.

Озодликнинг Боткендаги мухбири Жениш Айдаровнинг Боткен вилоят ҳокимлиги маълумотларига таяниб айтишича, ҳушёрликлар, яъни ўзбекистонликлар ўз чорвасини Қирғизистондаги яйловларда боқолмаётганидан норози.

- Қирғизистон қонунларига биноан Тошкент Бишкек билан яйловлардан фойдаланиш тўғрисида шартнома имзолаши керак эди, лекин Тошкент Қирғизистоннинг яйловлари бизга керак эмас, деб баёнот берган¸ деб хабар қилди Озодликнинг Боткендаги мухбири Жениш Айдаров.

Ҳушёрлик суҳбатдошимизнинг айтишича, яйлов масаласи ўзбекистонликларнинг ҳар йиллик бош оғриғи.

- Иложи йўқда. Бошқа боқадиган жойимиз йўқ. Шароит йўқ¸ дейди ҳушëрлик суҳбатдошимиз.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев илтимосимизга биноан Ҳушёрдаги вазиятга оид баъзи хабарларни, хусусан, Сўхга ташланган қўшимча куч тўғрисидаги хабарни ўрганди.

Абдусалом Эргашев: Чегарачилар ë бошқа қуролли кучларнинг ўша ерда қўшимча жўнатиш тўғрисидаги ўзимга яқин бўлган манбалардан суриштирсам бунақа гапда асос йўқ экан. Чунки ўша иккита анклавимизда ўша ердаги аҳолини¸ ўша ердаги чегара ҳудудларини қўриқлайдиган чегарчиларнинг миқдори жойида¸ ўзгаргани йўқ экан. Вазиятни назорат остига олишга ўша ердаги қуролли кучларнинг вакиллари етади дейишди. Шунинг учун ҳеч қанақа нимага ҳожат бўлгани йўқ.

Озодлик: Қўшимча куч ташланмаган.

- Йўқ¸ қўшимча куч ташланмабди¸ деди Абдусалом Эргашев.

Ҳушёр қишлоғидаги вазиятга доир маълумотларимиз тугади.

Лекин яна бир гап қолди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашев топган маълумотни расмийлар, хусусан, туман ҳокими Мансур Мамажонов айтиб қўйсаям бўлаверар эди.

Лекин жаноб Мамажонов радиодан эканлигимизни билиши биланоқ телефонини ўчирди-қўйди.

Озодлик: Ало.

Мансур Мамажонов: Ало¸ да.

Озодлик: Ассалому алайкум.

Мансур Мамажонов: Ассалому алайкум.

Озодлик: Сўх туман ҳокимими?

Мансур Мамажонов: Ҳа.

Озодлик: Менинг исмим Сарвар Усмон. Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Радиодан. Ало.

.....................................

Ҳушёр қишлоқ оқсоқоллар йиғини раиси Асқар аканинг телефонлари эса, кун давомида ўчиқ турди.

Ўзбекистон расмийлари ҳар доимгидай мум тишлаб турган бир пайтда¸ қўшни Қирғизистон расмийлари матбуотдан яхши фойдаланяпти.

Биргина Акипресс агентлиги биргина 31 май куни боткенлик расмийларга таяниб Ҳушёр қишлоғидаги вазиятга доир қарийб 10 та хабар эълон қилди.

Натижада, ўқувчи назарида, айлантирсангиз ҳам, ўргилтирсангиз ҳам айб ҳушёрликда бўлиб қолаверади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG