Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:04

Исроил ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан қораланди


Исроил десанти уюштирган рейд оқибатида Ғазога инсонпарварлик ёрдамини олиб кетаётган фаоллардан 10 нафари ҳалок бўлди.
Исроил десанти уюштирган рейд оқибатида Ғазога инсонпарварлик ёрдамини олиб кетаётган фаоллардан 10 нафари ҳалок бўлди.

Исроил десанти Ғазога инсонпарварлик ёрдамини олиб кетаётган кемаларга уюштирган ҳужумда камида 10 киши ҳалок бўлди. Яҳудий ҳарбий кучлари амалга оширган рейд халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқидига учради.

Исроил ҳарбийларининг Ғазо минтақасига инсонпарварлик ёрдамини олиб кетаётган олтита хорижий кемани қўлга олгани халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланмоқда.

Исроил десанти кемалардан баъзиларига ҳужум қилиши оқибатида камида 10 нафар фаол ҳалок бўлди.

Исроил билан узоқ йиллар дўстона алоқаларда бўлган Туркия биринчилардан бўлиб яҳудий ҳарбийлари ҳаракатларини кескин қоралади.

Туркия ташқи ишлар вазири ўринбосари Салим Енел Озодлик радиоси билан суҳбатда мазкур ҳужумни халқаро қонунларнинг “қўпол тарзда бузилиши”, дея атади.

- Бу воқеа халқаро сув ҳавзасида рўй берди ва бу халқаро қонунларнинг қўпол тарзда бузилишидир. Биз Исроилнинг мамлакатимиздаги элчисини чақиртириб, унга халқаро қонунларнинг қўпол тарзда бузилгани, чунки бу кемалар фақатгина инсонпарварлик ёрдамини олиб кетаётганини маълум қилдик. Бу тинч мақсадлардаги ташаббус эди ва Исроилнинг бундай ҳаракати қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир, деди Туркия ташқи ишлар вазири ўринбосари Салим Енел.

Олтита кемадаги юзлаб фаолларнинг аксарияти Туркия фуқаролари бўлган ва Ғазога йўл олган флотилия асосан Туркия байроғи остидаги кемалардан иборат эди. Хабарларга кўра, ҳалок бўлган 10 дан ортиқ фаолнинг ҳам кўпи Туркия фуқаролари бўлган.

Енел Туркия ўзининг Исроилдаги элчисини чақиртириб олаётгани ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлисни чақиртиришини маълум қилди.

Ҳозирда Хавфсизлик кангашига раислик қилаётган Ливан душанба куннинг иккинчи ярмида юзага келган бўҳронни муҳкама қилиш учун фавқулодда мажлисни чақирди.

Туркия расмийси Енелга кўра, Исроил элчиси рўй берган воқеа икки томонлама муносабатлар учун “тузатиб бўлмайдиган оқибатларидан” огоҳлантирганини ҳам маълум қилиб, Исроилнинг Туркия кемалари қуролларни олиб кетаётган бўлиши мумкинлигига оид иддаоларини рад этди.

- Кемалар йўлга чиқишидан аввал улардаги юклар Туркия расмийлари томонидан текширилган, дея қўшимча қилди Анқара расмийси.

Истанбулда ўн минглаб одамлар норозилик намойишига чиқди. Ундан аввал эса полиция Исроил элчихонасига бостириб киришга уринган оломонни зўрға тўхтатиб қолди.

Брюсселда Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат элчилари иштирокида фавқулодда мажлис ўтказилди. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон воқеа юзасидан тергов ўтказишга чақирди.

- Бугун эрталаб Исроил ташқи ишлар вазири Авигдор Либерман билан гаплашдим. Мен рўй берган фожеа юзасидан чуқур ташвишда эканимизни билдирдим. Шунингдек, Исроил томони дарҳол воқеа юзасидан текширув ўтказиши лозимлигини айтдим, деди Европа Иттифоқи расмийси.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Исроил кучлари уюштирган ҳужумдан даҳшатга тушганини баён қилиб, воқеа юзасидан тўлақонли тергов ўтказишга чақирди.

Оқ уй матбуот вакили Уильям Бёртон қурбонлар бўлганидан “чуқур таассуф” билдирди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда Исроил уюштирган ҳалокатли ҳужум халқаро қонунларнинг “қўпол тарзда бузилиши”, дея қораланди.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос уч кунлик мотам эълон қилди. Араб Лигаси раиси Амр Муса Исроил ҳаракатини "инсонпарварлик миссиясига қарши жиноят" дея атаб, Араб Лигаси давлатларининг фавқулодда мажлисини чақирди.

Томонлар душанба куни эрталаб рўй берган воқеа ва ундан кейинги тўқнашувлар ҳақида бир-бирига зид хабарларни бермоқда.

“Ғазо озодлиги ҳаракати” ташкилотчилари “яҳудий десанти кемага чиққач, ўт очгани”ни айтиб, уларни ухлаб ётган тинч фуқароларни нишонга олганликда айблади.

Ҳаракат ташкилотчиларидан бири Грета Берлин Озодлик радиосига жумладан буларни гапириб берди:

- Биз бугун эрталаб Исроил ҳарбийлари ҳужумига учрадик. Флотилиямиз олтита кемадан иборат эди ва эрталаб соат 4:30 ларда Исроил десанти вертолётдан Туркияга қарашли кема бортига тушди ва ўт очди, дейди Ғазога инсонпарварлик ёрдамини етказишга уринган фаоллардан бири.

Лекин Исроил томони ҳужумни “Ғазо озодлиги ҳаракати” фаоллари бошлаганини айтмоқда.

Қуддусда ўтказилган матбуот анжуманида Исроил ташқи ишлар вазири ўринбосари Данни Айалон яҳудий ҳарбийлари ҳаракатларини ҳимоя қилди.

- Ҳамас террорчи ҳаракатини қўллаб-қувватловчи нафрат ва зўравонлик армиясининг ҳаракатлари пухта ўйланган провокация эди. Ташкилотчилар ўзларининг умумжаҳон жиҳоди, Ал-Қоида ва Ҳамас ташкилотларига алоқалари билан танишдир. Улар қурол контрабандаси ва террорчилик билан шуғуллангани ҳам маълум, деди Исроил расмийси.

Ҳозирда Канадага сафар қилаётган Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Вашингтонга режаланган сафарини қолдиришини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG