Линклар

logo-print

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо бўҳронини муҳокама қилмоқда


БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил десантининг Ғазо Минтақасига инсонпарварлик ёрдамини олиб кетаётган кемаларга ҳужум уюштирганига оид масалани муҳокама қила бошлади. Душанба кунги рейд оқибатида камида ўн киши ҳалок бўлиб, элликка яқин одам жароҳатланди.

Хавфсизлик кенгашининг жорий раиси, БМТдаги Ливан элчиси Наваф Салом кенгашнинг фавқулодда мажлисини чақирди.
Халқаро ҳамжамият яҳудий давлати ҳужумини қоралади.

Мусулмон давлатлари орасида Исроилнинг саноқли иттифоқчиларидан бири ҳисобланмиш Туркия ўтказилган рейдни “давлат террорчилиги”, дея атади. Отишма содир бўлган “Мовий Мармара” номли Туркияга қарашли кемада кетаётган 600 кишининг 400 нафари туркияликлар бўлган.

Туркия Исроил билан ўтказилиши режалиштирилган қўшма ҳарбий машқларни қолдириб, Исроилдаги элчисини чақиртириб олди.

Туркия ташқи ишлар вазири ўринбосари Салим Енел Озодлик радиосига берган интервюсида Исроилнинг Туркиядаги элчисига рўй берган воқеа икки томонлама муносабатлар учун “тузатиб бўлмайдиган оқибатларидан” огоҳлантирилганини маълум қилди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Исроил кучлари уюштирган ҳужумдан "даҳшатга" тушганини баён қилиб, воқеа юзасидан тўлақонли тергов ўтказишга чақирди.

Оқ уй матбуот вакили Уильям Бёртон қурбонлар бўлганидан “чуқур таассуф” билдирди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда Исроил уюштирган ҳалокатли ҳужум халқаро қонунларнинг “қўпол тарзда бузилиши”, дея қораланди.

Европа Иттифоқи ҳам Исроил ҳаракатларини қоралаб, баёнот эълон қилди.

Ҳозирда Канадага сафар қилаётган Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Вашингтонга режаланган сафарини қолдиришини эълон қилди.

Истанбул, Теҳрон, Қоҳира, Рим, Париж, Афина, Сараево ва Лондон каби пойтахтларда Исроил ҳарбийлари амалга оширган ҳужумга қарши норозилик намойишлари ўтказилди.
XS
SM
MD
LG