Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:03

Ҳукумат мажруҳ болаларни унутган


Тожикистондаги ногирон болалар ўзларини ўзлари таъминлаш учун маҳсулотларини сотувга чиқаришга мажбур бўлдилар.
Тожикистондаги ногирон болалар ўзларини ўзлари таъминлаш учун маҳсулотларини сотувга чиқаришга мажбур бўлдилар.

“Мажруҳ болаларимиздан маҳаллий ҳукумат безор”. Бугун Болаларни ҳимоялаш халқаро кунида бир ва ундан кўп мажруҳ фарзанди бўлган тожикистонлик ота-оналар ана шундай фикр билдираяпти.

Тўрт фарзанди ҳам биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари бўлган душанбелик Басгул Муродова болаларга бериладиган 60 сомоний (тақрибан 12 АҚШ доллари - таҳр.) нафақа ҳатто дори-дармон сотиб олишга етмаётганидан зорланади.

- Уч ўғлим ва бир қизим биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони. Шифокорлар тўнғичим операция қилинса, юриб кетишини айтишаяпти. Бунга 9000 доллар лозим. Ёрдам сўраб Сино туман ҳукумати ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир неча марта мурожаат қилдим. Лекин улар ҳукуматда бунча пул йўқлигини айтишди. Яшашимиз жуда оғир, ҳали бирор марта оддий кунларда ҳам, байрамларда ҳам ҳукумат одамлари болаларим ҳолидан хабар олгани йўқ, дея зорланади тўрт нафар мажруҳ боланинг онаси Муродова.

Тожикистонда мажруҳ болаларга ҳукумат томондан эътиборнинг сустлиги бугунги кунда уларни турли ҳунар ўрганиб, ўз-ўзини таъминлашга мажбур қилаётир.

1 июн - Болаларни ҳимоялаш кунида “Неки” (“Яхшилик” - таҳр.) мажруҳ болалар билан ишлаш нодавлат ташкилотига аъзо 150 нафар душанбелик мажруҳ бола ўз маҳсулотларини сотувга чиқарди.

Улардан бири Душанбе шаҳрининг Исмоил Сомоний туманида яшовчи 18 ёшли Наргис Юсуповадир.

- ”Неки” ташкилотига 2005 йилдан аъзоман. Бу ерга келгунимга қадар “Дунёда битта мен ва синглим ногиронмиз ва иккимиз ҳам ҳеч кимга керак эмасмиз”, деб ўйлардим. Лекин бу ерга келган кунимдан бошлаб бу фикрлар мени тарк этди. Ташкилот раиси Маҳмадсидиқ ака биз инвалидларга жуда меҳрибон. Ҳаммадан муҳими, мен бу ерда ҳунар ўргандим. Чеварчилик, пазандалик, матоҳга мунчоқдан гул ташлаш ҳунарларини ўргандим. Бу ҳунарим бугунги кунда уч кишидан иборат оиламизни иқтисодий жиҳатдан таъминламоқда, дейди Наргис.

Отадан етим қолган биринчи гуруҳ ногирони Наргис ўзи мустақил юра олмаслигига қарамай, касалманд онасини даволаш учун эртаю кеч меҳнат қилишга мажбурлигини айтади.

Наргиснинг миллий ҳунармандчилик асосида яратилган маҳсулотларини асосан хорижликлар сотиб олиши маълум бўлди.

- Бугун болаларимиз ўзлари ўзларини таъминламаса, куни ўтмай қолаяпти. Буларга уст-бош, озиқ-овқат қаторида дори-дармон ҳам ҳаводек зарур. 9 яшар мажруҳ ўғлимнинг дориси учун ўтган йили Фирдавсий туман ҳукуматига мурожаат қилгандим. Ҳужжат тўплаш учун икки ой вақтим ва ўғлимнинг икки ойлик нафақаси сарфланди. Бир кун уйимизга ҳукуматдан икки нафар аёл келиб, ҳукумат бюджетидан 50 сомоний (10 АҚШ долларидан сал кўпроқ - таҳр.) ажратилганини айтиб, пулни беришди. Лекин кетар чоғида улар ўша пулдан 5 сомонийни (тақрибан 1,5 АҚШ доллари - таҳр.) қайтариб олишди “биз таксида кетишимиз керак” деб. Бугун маҳаллий ҳукумат вакиллари ногирон болаларимизга ёрдам бериш у ёқда турсин, аксинча улардан безор, дейди Фирдавсий туманида яшовчи Бибигул Кабирова.

Бибигул ая ва у қатори тадбирда қатнашиш учун йиғилган бошқа ота- оналарнинг барчаси бир овоздан бугун Тожикистонда ногирон болалар ҳукумат томонидан ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаганини айтмоқдалар.

Душанбе шаҳридаги мажруҳ болалар қўл ҳунарлари маҳсулотларини сотишга яқиндан ёрдам бериш мақсадида “Неки” ташкилоти томонидан бугун уюштирилган хайрия тадбирида Тожикистон пойтахтидаги айрим дипломатик корпуслар, хорижий ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳаллий тижоратчилар қатнашиб, ногирон болалар қўли билан ишланган турли буюмларни харид қилишди.
XS
SM
MD
LG