Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:18

Хайр Ленин, салом Сомоний!


Минтақадаги энг катта Ленин ҳайкали ҳозир Хўжанд шаҳрининг ўнг қирғоғида қад ростлаб турибди. Унинг баландлиги 24 метр, ҳайкалнинг ўзи эса 12 метр.
Минтақадаги энг катта Ленин ҳайкали ҳозир Хўжанд шаҳрининг ўнг қирғоғида қад ростлаб турибди. Унинг баландлиги 24 метр, ҳайкалнинг ўзи эса 12 метр.

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Марказий Осиёдаги энг пурвиқор Ленин ҳайкали ҳам кўчириладиган бўлди. Шаҳарнинг ўнг соҳилидаги бу ҳайкал ўрнини Исмоил Сомоний ҳайкали эгаллайди. Сўғдлик коммунистлар расмийларнинг бу қароридан норози эканини айтмоқдалар.

Тожик коммунистлари ҳозир ҳам ўз партиясига аъзоларни шу ҳайкал олдида қабул қиладилар. Улар Октябр инқилоби ва пролетариат доҳийси туғилган кунни ҳам ўша ерда нишонлайдилар.

Аммо эндиликда бу ҳайкал кўчириладиган бўлди. Тожикистон Коммунистик партияси Сўғд вилояти бўлими котиби Ғуфрон Рустамовнинг айтишича, Ленин ҳайкали вилоятдаги тарихий ёдгорликлар рўйхатига киритилган.

- Хўжанд шаҳар хукумати қонунга зид қарор чиқарган. Зеро, Ленин ҳайкали тарихий обида хисобланади. Агар ҳайкални олиб ташлаш керак бўлса, буни халқдан сўраш керак, сўров ўтказиш керак, дейди Ғуфрон Рустамов.

Унинг сўзларига кўра, уч кун олдин Айний туманида турган Ленин ҳайкали ярим тунда, аҳоли уйқуда бўлган пайтда олиб ташланган. Жорий йил бошида эса Хўжанд шаҳри марказида Шўролар давлати рамзи бўлмиш 10 метрли “Ўроқ ва болға” меъморий обидаси бузиб ташланган эди.

Бироқ Хўжанд шаҳар хукумати меъморчилик бўлимида Ленин ҳайкали кўчирилмаслигини айтишди.

- Неча йиллардан буён бу ҳайкал таъмирланмаган, чунки маблағ йўқ эди. Оқибатда ҳайкал пойдевори ва ён атрофидаги мармар синиб, кўчган. Ҳозир мана шу камчиликларни бартараф этиш учун таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, дейди меъморчилик бўлими мудири Олимжон Ҳайдаров.

Вилоят коммунистлари эса шаҳар ҳукумати вакиллари гапларига ишонмайдилар. Уларнинг айтишларича, Ленин ҳайкалини олиб ташлаш ҳақида марказдан - Душанбедан буйруқ келган.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси Сўғд вилояти бўлими вакили Салоҳиддин Ҳусайнзоданинг фикрича, бугун тарих, жамият ўзгарган.

- Шунинг учун ҳам, менинг фикримча, бугун мамлакатимиздаги бу ҳайкал ва ҳайкалчаларнинг жойи энди тарих музейларида. Чунки бизнинг ёш авлод бу ҳайкаллар тўғрисида ҳеч қандай тасаввурга хам эга эмас. Уларнинг зарурати йўқ, дейди Салоҳиддин Ҳусайнзода.

Жамиятшунос Жамолиддин Саидов фикрича эса, Лениннинг ҳайкалларини йўқотмаслик ва кўчирмаслик керак.

- Чунки тарихий шахсларнинг жамиятнинг ривожланишида ўз ўрни ва аҳамияти бор. Ҳайкал хеч кимдан нон сўрамайди. Ленин ҳайкалини олиб ташлаш қарори нотўғри, деб ҳисоблайман. Чунки Ленин тарихда буюк инсон эканлигини исбот қилди, жамиятни тубдан ўзгартирди. Оддий мисол, камбағалларга давлатдорлик нима эканлигини, турмушни яхшилаш нимадан иборат эканлигини исботлаб берган, дейди Жамолиддин Саидов.

Сўғд вилоят коммунистлари етакчиси Ғуфрон Рустамовнинг сўзларига кўра, Душанбедан келган кўрсатмага биноан Ленин ҳайкали ўрнини Исмоил Сомоний ҳайкали эгаллайди. Янги ҳайкал Тожикистон мустақиллиги кунигача, яъни 9 сентябрга қадар ўрнатилиши лозимлиги ҳам айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG