Линклар

Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистонда стационар телефонлар учун тўланадиган ҳақ шаҳарликлар учун 8,3 фоизга, қишлоқ жойларда яшовчилар учун эса 10 фоизга ошди.

Эндиликда шаҳарликлар телефон учун ҳар ойда 1300 сўмдан, қишлоқ аҳли эса 550 сўмдан ҳақ тўлайди.

Шу кунгача шаҳарларда яшовчи ўзбекистонликлар уй телефони учун ойига 1200 сўмдан, қишлоқда яшовчи кишилар эса 500 сўмдан тўлаб келаётган эдилар.

12.uz cайтининг “Ўзбектелеком” ширкатига таянган ҳолда ҳолда хабар қилишича, жорий қилинган тўлов ойига 180 дақиқали лимитни кўзда тутади.

Айни пайтда бюджет ҳисобидан молиялаштирилувчи шаҳар ташкилотлари учун стационер телефон ҳақлари 5,7 фоизга – 1850 сўмга (аввал 1750 сўм эди), қишлоқ ташкилотлари учун эса 6,8 фоизга - 620 сўмга (аввал 580 сўм эди) оширилган.

Шаҳарларда фаолият юритувчи тижорат ташкилотлари учун тўлов аввалда бўлгани каби 3035 сўмлигича қолди, қишлоқдаги тижорат ташкилотлари эса эндиликда аввалги 1450 сўм ўрнига 1550 сўм тўлайдиган бўлдилар.

Белгиланган 180 дақиқали лимитдан ошиб кетган сўзлашувларнинг ҳар дақиқасига ўзбекистонликлар эндиликда аввалгидай 3,6 сўм эмас, балки 4 сўмдан тўлайдилар.

Айни пайтда аҳоли ва ташкилотларнинг телефон тармоғига уланиш учун тўлайдиган суммаси ўзгаришсиз қолди. Тошкент ва вилоят марказларидаги бюджет ташкилотлари учун бу маблағ 32,6 минг сўмни, нобюджет ташкилотлари учун 39,9 минг сўмни, аҳоли учун эса 20,7 минг сўмни ташкил қилади.

Вилоятга қарайдиган шаҳарлар ва туман марказларида телефон тармоғига уланиш учун бюджет ташкилотлари 21,2 минг сўм, нобюджет ташкилотлари учун 25,7 минг сўм, аҳоли эса 13,9 минг сўм тўлаши лозим бўлади.

Маълум бўлишича, шаҳарлараро ва мамлакатлараро телефон алоқаси учун белгиланган ҳақлар ҳам ўзгаришсиз қолган. Республика ичида телефон алоқаси ҳақи дақиқасига 40 сўмдан 100 сўмгачани ташкил қилади.

Айни пайтда Марказий Осиё мамлакатларига қўнғироқ қилган ўзбекистонликлар дақиқасига 400 сўмдан, Россия, Украина, Беларус ва Молдова билан боғланганлар 440 сўмдан, Европа мамлакатларига сим қоққанлар 1140 сўмдан, Баҳрайн, Малайзия, Саудия Арабистони, Сингапур ва Туркияга телефон қилганлар 1275 сўмдан, Америкага қўнғироқ қилмоқчи бўлганлар 1265 сўмдан пул тўлашлари керак бўлади.

Уй телефонлар учун тўланадиган ҳақ Ўзбекистонда охирги марта ўтган йилнинг август ойида оширилган эди.
XS
SM
MD
LG