Линклар

Ўзбекистонда телефон хизматлари нархи ошди


“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси 2010 йилнинг 1 июнидан эътиборан ўз нархномасига ўзгартиришлар киритилганини маълум қилди.

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда стационар телефонлар учун тўланадиган ҳақ шаҳарликлар учун 8,3 фоизга, қишлоқ жойларда яшовчилар учун эса 10 фоизга ошади.

Эндиликда шаҳарликлар телефон учун ҳар ойда 1300 сўмдан, қишлоқ аҳли эса 550 сўмдан ҳақ тўлайди.

Шу кунгача шаҳарларда яшовчи ўзбекистонликлар уй телефони учун ойига 1200 сўмдан, қишлоқда яшовчи кишилар эса 500 сўмдан тўлаб келаётган эдилар.

“Ўзбектелеком” ходими нархлар ошганини даврий харажатлар ошгани билан изоҳлади.

- Масалан, нархлар 5-10 фоизга ошиб турадику. Шундай ҳисоб-китоблар бўлиб туради. Электр таъминоти, даврий харажатлар ошгани сабаб бўладида бу ерда, дейди “Ўзбектелеком” ходими.

1 июндан бошлаб халқаро телефон сўзлашувининг ҳар бир тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган минути учун белгиланган тўлов миқдори ҳам ошди.

Хусусан, янги тариф бўйича Марказий Осиё давлатларига 400 сўм, Россия, Украина ва Беларусга 440 сўм, Европа давлатларига 1 минг 140 сўм, Осиё давлатлари, жумладан Туркияга 1 минг 275 сўм, шунингдек АҚШ билан 1 дақиқа сўзлашув учун 1 минг 265 сўм нарх белгиланди.
XS
SM
MD
LG