Линклар

Ўзбекистон болалари ўз байрамини қандай ўтказди?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистондаги бахтли болаликни кўрсатиш учун Гулнора Каримова томонидан уюштирилган байрам тадбирларидан бири Тошкент марказидаги машҳур ресторанлардан бирида бўлиб ўтди.

Ўзбекистондаги бахтли болаликни кўрсатиш учун Гулнора Каримова томонидан уюштирилган байрам тадбирларидан бири Тошкент марказидаги машҳур ресторанлардан бирида бўлиб ўтди.

Халқаро болалар куни муносабати билан Ўзбекистоннинг каттаю кичик шаҳарларида байрам тадбирлари бўлиб ўтди. Афтидан¸ бу байрамга чиқиб бахтли болалик манзарасини обод қилганлардан кўра бу кунни байрамдан бошқа кунлар каби ўтказганлар кўпроқ бўлди..

Жаҳон бўйлаб Халқаро болалар куни нишонланаëтган айни кунда Озодлик ўзбекистонлик болалардан айримлари билан суҳбатлашиш орқали Ўзбекистондаги бугунги болалик манзарасини чизишга уринди.

Суҳбат учун тасдофан танланган болалардан бири бу кунни байрам қилди, иккинчиси бу кун қандай эканлиги ҳатто билмади ҳам, 10 йилдан бери ота меҳрига зор бўлиб яшаëтган учинчи қиз эса¸ бунақа байрамни тан олмаслигини айтди.


Биринчи суҳбатдош Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидаги 33 мактабнинг 1 синф ўқувчиси Оймомо.


Озодлик: Нимага сизни Оймомо дейишган?

Оймомо: Ғофур опоқим қўйган.

Озодлик: Оймомо¸ бугун қаерга бордингиз?

Оймомо: Байрамга.

Озодлик: Қаерга?

Оймомо: Тошлоққа.

Озодлик: Нималар бўлди?

Оймомо: Дорбозлар бўлди¸ маймунлар¸ ит¸ илон¸ айиқ¸ бўри.

Озодлик: Нималар едингиз¸ нималар олиб беришди сизга?

Оймомо: Музқаймоқ¸ шашлик олиб берди.

Озодлик: Шаҳарга тез-тез тушасизларми ëки байрамлардами?

Оймомо: Байрамларга.

Озодлик: Мана энди сизларга таътил бошланди-а?

Оймомо: Ҳа.

Озодлик: Нима қиласиз энди?

Оймомо: Лагер очди бепул. Ўзимизнинг 33 ўрта мактабда.

Озодлик: Нима қиласизлар экан у ерда?

Оймомо: Ўйнаймиз экан. Жисмоний тарбия қиларканмиз. Компьютер ҳам ўргатар экан.

Озодлик: Қўғирчоқларингиз борми?

Оймомо: Қўғирчоғим кўп.

Озодлик: Кўпми?

Оймомо: Бувам ҳам тикиб берган. Бувам чевар. Атлас ҳам тўқийди бувам.

Озодлик: Энг яхши қўғирчоғингиз қайси энди?

Оймомо: Айиқчам.

Озодлик: Барби ҳам борми?

Оймомо: Ҳа.

Озодлик: Оймомо¸ уйда кимни яхши кўрасиз?

Оймомо: Ҳаммани¸ оиламиздаги ҳаммани яхши кўраман.

Озодлик: Энг яхши кўрадиганингиз ким? Бувангизми¸ дадангизми?

Оймомо: Опоқим.

Озодлик: Нимага энди опоқингизни ҳаммадан кўп яхши кўрасиз?

Оймомо: Ëз чиққанда айлантиргани олиб чиқади кўпинча. Нима десам олиб беради.

Озодлик: Катта бўлсангиз¸ ким бўлмоқчисиз?

Оймомо: Доктор.

Озодлик: Қанақа доктор бўласиз энди?

Оймомо: Роддомда ишлайдиган¸ дейди Оймомо.


Риштон туманида яшовчи 8 ёшли Гулида эса иккинчи суҳбатдошимиз. У тенгдоши Оймомо сингари шаҳарга тушиб музқаймоқ егани йўқ, ҳалинчак учгани ҳам йўқ. Болаларнинг халқаро кунини ўзининг кўчасида дугоналари билан ўйнаб ўтказмоқда. Бироқ Гулида шеър айтишга уста экан:

Гулида:


Алифбедан сабоқ берган
Меҳрибоним устозим¸
Мен ўқишни ўргандим¸
Илм берган устозим.

Орзуларим алвон-алвон¸
Кўп нарсани билсам дейман¸
Мен ҳам сиздай муаллим бўлсам дейман.

Озодлик: Яшанг. Катта бўлсангиз¸ ким бўлмоқчисиз?

Гулида: Мелиса.

Озодлик: Мелиса?

Гулида: Ҳа.

Озодлик: Нима учун?

Гулида: Шундай. Ўзим яхши кўраманда.

Озодлик: Мелиса бўлишни яхши кўрасизми?

Гулида: Ҳа.

Озодлик: Қизлар билан нима ўйин ўйнайсизлар?

Гулида: Қувиш-қувиш¸ ўртага туришлар¸ оқ теракми кўк терак.

Озодлик: Қўғирчоқ ҳам ўйнайсизларми?

Гулида: Кичкина болалар ўйнашади.

Озодлик: Сизнинг қўғирчоғингиз борми?

Гулида: Йўқ.

Озодлик: Нега?

Гулида: Катта қиз бўлдимку. Ўйнамайман.

Озодлик: Энди саккизга кириб сиз катта бўлдингизми?

Гулида: Ҳа.

Озодлик: Уйда эрталаб нечада турасиз?

Гулида: Олтида.

Озодлик: Бунча эрта. Нима қиласиз?

Гулида: Чой ичаман.

Озодлик: Чой ичишда нима ейсиз?

Гулида: Нон¸ шакар¸ новвот.

Озодлик: Сариëғ еб сут ҳам ичасизми?

Гулида: Ҳа.

Озодлик: Ҳар куними?

Гулида: Йўқ¸ ҳар кунимас.

Озодлик: Мана бугун байрам экан. Бирор жойга байрамга бордингизми?

Гулида: Йўқ.

Озодлик: Нега?

Гулида: Шундай.

Озодлик: Бугун болалар байрами эканини биласизми?

Гулида: Йўқ¸ билмайман.

Озодлик: Сизни табриклашдими?

Гулида: Йўқ.

Озодлик: Шаҳарга тушиб турасизми?

Гулида: Ҳа.

Озодлик: Қанчада бир?

Гулида: Байрамлардада.

Озодлик: Гулижон¸ яна битта шеър айтиб беринг.

Гул тагидан гул чиқади шохчалаб¸
Мени ëрим гаплашмайди ўпкалаб¸
Гаплашмаса гаплашмасин ўпкалаб¸
Ўзим бориб гаплашаман эркалаб¸
Ўзи билса билсин ўзга билмасин¸
Севишимни ғанимлар асло сезмасин.

дейди биз билан қиқирлаб хайрлашар экан 8 яшар Гулида.


Ҳар ҳолда Гулида ҳали болалар куни ва байрами борлигини билмаса-да, унинг шу кунлардан ҳам масрур эканлиги билиниб турарди. Бироқ Ўзбекистонда Оймомо ва Гулидага сира ўхшамаган ва энтикиб яхши кунларни кутадиган яна минглаб болалар борки, улар учун энг асосий байрам оталарининг қамоқлардан қайтишидир.

Бугун Ўзбекистонда диний ва сиëсий эътиқодлари учун қамалган 10 000 дан ортиқ сиёсий маҳбус борлигини ҳисобга олинса, демак ўн минглаб болалар бугун отасиз ўсмоқда.

Тошкентлик Муслиманинг дадасининг диний айблов билан қамалганига 10 йил бўлди. У биз билан суҳбатда унинг учун энг катта совға дадасининг озодликка чиқиши эканлигини айтди:

Озодлик: Муслимахон¸ неча ëшга кирдингиз?

Муслима: 13 га.

Озодлик: Демак¸ 7-синфда ўқийсиз ëки 8-синфга ўтдингизми?

Муслима: 8-синфга ўтдим.

Озодлик: Мана бугун байрам экан. Болалар куни экан. Табриклаймиз. Сизнинг болалигингиз қандай ўтаяпти?

Муслима: Бугун 1 июн биз учун оддий кун ўтаяпти. Дадам олдимда бўлсалар¸ биз учун ҳар кун байрам бўлади.

Озодлик: Дадангизни кўрмаганингизга анча бўлдими?

Муслима: 10 йил бўлди.

Озодлик: Ора-сирада кўриб турибсизми¸ бориб турибсизми?

Муслима: Ҳа. Саккиз ой бўлди кўрмаганимга.

Озодлик: Дадангиз билан гаплашганингизда нималарни гапирасиз? Нималарни орзу қиласиз?

Муслима: Чиқишларини орзу қиламан.

Озодлик: Дадангиз нима дейди? Сизга қандай насиҳатлар қилади?

Муслима: Сабр қилинглар¸ дейдилар.

Озодлик: Мактабда ўқишларингиз яхшими?

Муслима: Яхши.

Озодлик: Синфдошлар¸ ўқитувчиларнинг муносабати қандай?

Муслима: Жуда яхшимас¸ бўлади.

Озодлик: Жуда яхшимас¸ деганингизни сал тушунтириб беринг.

Муслима: Ўранганларга унча яхши муомала бўлмайдию.

Озодлик: Сизлар ҳижобдами?

Муслима: Ҳа¸ ҳижобда.

Озодлик: Қандай муносабатда бўлишади? Нима дейишади?

Муслима: Еч¸ дейишади.

Озодлик: Дарсга қўйишадими?

Муслима: Йўқ¸ қўйишмайди.

Озодлик: Мактабда ҳар кун шундай жанжалми энди?

Муслима: Ҳа. Ҳар куни шунақа жанжал.

Озодлик: Ким кўпроқ урушади? Ўқитувчиларми¸ директорми?

Муслима: Директор ҳам¸ ўқитувчилар ҳам¸ ўқувчилар ҳам бошқа маънода тушунишади.

Озодлик: Дугоналарингиз¸ ўртоқларингиз борми?

Муслима: Ҳа¸ бор.

Озодлик: Сизни тушунадиганлар борми?

Муслима: Мени тушунадиганлар кам.

Озодлик: Мана мактабдан келдингиз. Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз?

Муслима: Ойимга қарашаман¸ уй ишларини қиламан.

Озодлик: Ўйин ҳам ўйнайсизларми? Ўйин¸ қўғирчоқ.

Муслима: Қўғирчоқ ўйнамаймиз.

Озодлик: Бугун болалар байрами¸ болалар куни байрами. Қанақа совға олишни истаган бўлардингиз?

Муслима: Мен болалар кунидан кўра кўпроқ Ҳайитда совға олишни истаган бўлардим.

Озодлик: Орзуингиз нима?

- Ҳамма қамоқда ўтирган беайблар тезроқ чиқиб отамнинг ëнимга келишлари. Бизлардай мазлум оилаларнинг отаси¸ ака-укаси¸ ҳаммаси тез кунларда ëруғ юзлик билан чиқишсин. Бизларнинг ҳам орзуларимиз амалга ошсин¸ дейди Муслима.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG