Линклар

БМТ Исроил ҳужумини қоралади


Исроил ҳарбийларининг турк кемасига қилган ҳужуми халқаро майдонда Ғазо қамалини бекор қилиш талабларини кучайтириб юборди.

Исроил ҳарбийларининг турк кемасига қилган ҳужуми халқаро майдонда Ғазо қамалини бекор қилиш талабларини кучайтириб юборди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил десант кучларининг Ғазо минтақасига инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган кемаларга ҳужум уюштирганини қоралади.


БМТ Хавфсизлик кенгашининг қарийб 12 соат давом этган “марафон” йиғилишидан кейин эълон қилинган баёнотда Исроил кучларининг Ғазо минтақасига инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган кемаларга ҳужум уюштиргани юзасидан “адолатли” ва “шаффоф текширув” ўтказишга чақирилди.

Баёнотни БМТ Хавфсизлик кенгашининг ҳозирги президенти, Мексиканинг БМТдаги элчиси Клод Ҳеллер ўқиб эшиттирди.

Бироқ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган баёнот матни Фаластин, араб давлатлари ва Туркия талаб қилганидек кескин эмас.

Ҳужжатда Исроил ҳарбийларининг камида 9 одам ҳаëтига зомин бўлган ҳатти-ҳаракатларгина қораланган¸ холос.



Россиянинг Ростов-Дон шаҳридаги Россия-Европа иттифоқи саммитида қатнашаётган Европа иттифоқи президенти Ҳерман Ван Румпей Исроил ҳарбийлари рейди давомида одамлар ўлганидан афсусланиш билдирди.

- Биз Исроил ҳарбийлари Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган кемаларга қарши ўтказган амалиёт паётида одамлар нобуд бўлганидан афсусланамиз. Биз бу воқеа юзасидан тўлиқ ва бетараф текширув ўтказилишини, Ғазога мўлжалланган инсонпарварлик ёрдамлари, тижорат юклари ва одамларнинг кириб-чиқиши учун чегара зудлик билан очилишини талаб қиламиз, деди Европа иттифоқи президенти.

1 июн куни Ню Йоркда сўзлаган БМТдаги АҚШ элчиси ўринбосари Алеяндро Волф Исроил бўлиб ўтган воқеа юзасидан текширув ўтказишига ишонишини айтди.

- Аввалги баёнотимда қайд этиб ўтганимдек, биз Исроилнинг бу воқеа юзасидан текширув ўтказишига ишонамиз ва уни қўллаб-қувватлаймиз. Биз Исроил ўзи зудлик билан ишончли, адолатли ва шаффоф текширув ўтказишига ишонамиз, деди БМТдаги АҚШ элчиси ўринбосари.

Исроил десант кучлари вертолёт ёрдамида Туркияга қарашли кема бортига туширилганидан сўнг тўқнашувлар содир бўлган. Томонлар бир-бирини зўравонликни бошлаганликда айбламоқда.

Душанба кунги рейд оқибатида камида 9 киши нобуд бўлди, элликка яқин одам жароҳатланди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги¸ бу рейд Исроил-Туркия муносабатларига жиддий путур етказганини таъкидлади.

Отишма содир бўлган “Мовий Мармара” номли Туркияга қарашли кемада кетаётган 700 га яқин кишининг аксари туркияликлар, қолгани АҚШ, Европа иттифоқи, Фаластин ва Исроил фуқаролари бўлган.

Ғазо минтақасига инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган кемаларга Исроил кучлари ҳужум уюштиргани ва Ғазо секторини блокада қилганига қарамасдан 1 июн куни Туркияда фаластинликлар тарафдори бўлган фаоллар Ғазога бир кемада инсонпарварлик ёрдами жўнатиш тараддудини бошлади.

Айни пайтда¸1 июн куни Ўзбекистон ҳам Ғазо секторига халқаро инсонпарварлик ёрдамлари олиб кетаётган кемаларга Исроил ҳарбий денгиз флоти кучлари ҳужум уюштиргани юзасидан чуқур ташвиш ва хавотир билдирди.

- Исроил ҳарбий денгиз флоти кучларининг Ғазо секторига халқаро инсонпарварлик ёрдамлари олиб кетаётган кемаларга ҳужум уюштиргани Ўзбекистонда чуқур ташвиш ва хавотир билан қабул қилинди.

Одамлар қурбон бўлган ушбу фожиали воқеани қоралар экан¸ Ўзбекистон томони Исроил Ғазо секторида жорий қилган блокадани бекор қилиш юзасидан вазият тез фурсатда ҳал этилишига умид қилади ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари тўлиқ бажарилишига чақиради.

Ўзбекистон айтиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган кескинликни бартараф қилиш ва зўравонлик кучайишининг олди олиниши керак¸ деган фикрда, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG