Линклар

Ўзбекистонда кимнинг боласи ҳимояланган?

  • Барно Анвар

Озодликка мурожаат қилаëтган ўзбекистонликларга кўра¸ мамлакатда емиши нон ва чойга қараб қолган оилалар¸ демакки болалар сони йил сайин ошмоқда.

Озодликка мурожаат қилаëтган ўзбекистонликларга кўра¸ мамлакатда емиши нон ва чойга қараб қолган оилалар¸ демакки болалар сони йил сайин ошмоқда.

Халқаро болалар куни муносабати билан Озодлик суҳбатлашган оналарга кўра¸ ғазнаси бўшаб қолгани сезилиб қолаëтган Ўзбекистонда ҳукумат болалар учун мўлжалланган нафақаларни бермасликнинг ўнлаб янги усулларини ўйлаб топмоқда.


1 июн — Халқаро болалар куни Ўзбекистонда ҳам ҳар йили байрам қилинади.

Бу йил ҳам Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари болаларнинг ижтимоий ҳимоясига маъсул ва талабгор ташкилотларнинг қатор тадбирларни уюштираётганидан, бу тадбирлар июн ойи ичида давом этишидан хабар қилмоқда.

Газета ва журналлар саҳифалари ҳамда телеэкранларни юзи кулган болалар қиёфаси тўлдирган бир кезда Ўзбекистонда болаларнинг ижтимоий ҳимояси бугунга келиб қай аҳволга тушди, деган саволни яна ўртага қўйдик.

Айнан “Қай аҳволга тушди?” дея савол қўйишга мажбур бўлдикки, кейинги ойларда болаларнинг ижтимоий ҳимояси аҳволи борасида Озодлик таҳририятига фақатгина ташвишли хабарлар келмоқда.

Бу хабарлар эса:
- 2 ёшдан ошган болага,
- оилада учинчи фарзанддан кейингиларига,
- ота-онаси ишсиз бўлган болаларга,
- отаси Россияда мардикор бўлган болаларга,
- ҳовлисида битта машинаси бўлган оиланинг фарзандларига нафақа пуллари берилмайди, деган мазмундадир.

Сўнгги кунларга келиб эса туғиш ëшидаги аëллари бичилишига қаршилик қилаётган оилаларнинг фарзандларига нафақа пуллари берилмаслиги ҳақида Озодликка кетма-кет дараклар келмоқда.

Албатта, бу таxлит хабарлар ичида пора беришни истамаган оилаларнинг болаларига ҳам нафақа пули йўқ, деган арзу-шикоятлар ҳам кўп бўлди.

Бу каби хабарлар ортидан ҳосил бўлган манзарани тасаввур қилишга уринар эканмиз, “У ҳолда Ўзбекистон ҳукумати қай тоифа болаларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилмоқда¸ бугун кимнинг боласи нафақа пули олаяпти?” дея пайдо бўлган табиий савол билан дастлаб, бири 2 ва яна бири 5 фарзандни тарбия қилаётган оила бекалари суҳбатлашдик.

Биринчи қаҳрамонимиз Карима опанинг оиласида 2 нафар — бири 2 ёшу олти ойлик, яна бири эндигина туғилган чақалоқ бор. Бу аёлнинг сўзларига кўра, унинг тўнғич набирасига икки йил давомида нафақа пули тўланган. Аммо шу кунларда бу оиладаги икки болага ҳам давлатдан ҳеч қандай ижтимоий ёрдам келмай қўйган.

Карима опа: Нимага деганда¸ ишламаган одамга давлат тарафидан ҳозир деярли ëрдам бўлмаяпти. Фақат бюллетен пул¸ суюнчи пул вақтинча¸ қачонки дадаси ҳам¸ онаси ҳам вақтинчалик ишсиз бўлса¸ ëрдам тариқасида ўша суюнчи пулни беради. Уни район Ижтимоий таъминот бўлими тўлайди. Суюнчи пули 75 минг. Суюнчи пулдан ташқари икки ëшгача бўлган болаларга ҳар ойда 75 мингдан пособие бор. Агар отаси бирор жойда ишлаëтган бўлса¸ у олади. Энг кам иш ҳақининг қанчадир миқдори¸ ҳозир эсимда йўқ¸ шу тўланадида.

Озодлик: Иккита ëш бола бор-а?

Карима опа: Ҳа.

Озодлик: Ўшаларга бемалол пособие ололдингларми?

- Пособие 50 мингдан эди. Энди кўтарилиб 75 минг бўлди. Икки йил бадалда олди¸ дейди Карима опа.

Бу аёлнинг сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистонда расман ишсиз оилаларнинг фарзандларига нафақа пули йўқ. Шу кунларда бу аёл набираларига нафақа пули олиш учун ўғли ёки келинини ишга жойлаштириши керак. Бундан ташқари, яна нафақа пули оладиган болалар сонига чегара белгиланган, дейди Карима опа.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Наргиза опанинг 5 фарзанди бор. Каттаси 18 ёшда, кичиги 7 ойлик. Бу аёл ҳам шу кунларда бирорта фарзандига нафақа пули олмайди.

Наргиза опа: Болалар пулини олмайман¸ умуман олмайман. Шунақа дейишганда. “Иложи йўқ сизларга” деган. Энди одамлар тўғирлаб¸ ҳалиги қилиб олади. Ўшанга ортиқча гап-сўз кўпайтириб нима қиламиз¸ деб индамай қўя қолдик.

Озодлик: Бешта болани катта қилишнинг ўзимас. Шу пулга эҳтиëжингиз йўқми¸ бориб талаб қилиб олсангиз?

Наргиза опа: Эҳтиëжим бор. Нимага бўлмас экан? Талаб қилсангиз¸ барибир нимада¸ йўқку. Бермаслиги аниқ¸ равшан. Шунинг учун ҳаракат ҳам қилмаганмиз.

Озодлик: Мана бугун 1 июн. Болаларни ҳимоя қилиш куни. Бешта бола билан ўтирибсиз. Болаларингизга давлат томонидан қанақадир ҳимояни ҳис қилаяпсизми?

Наргиза опа: (кулиб) Унақа нарсалар йўқ. Бизнинг қўшниларимизнинг оладиганлари ҳам бор. Кимидир ишлайди. Шунақа нима бўлса¸ бераверади. Давлат ишхонасида ишлайдида. Кўпчилиги ишлайди¸ улар олаверади.

Озодлик: Энди ишлаганнинг боласига пособие бор¸ ишсизнинг боласига пособие йўқ бўлиб чиқаяптими?

Наргиза опа: Ҳа.

Озодлик: Бу мантиқсизмасмикан? Балки нотўғри тушунгандирсиз? Бир суриштириб кўрмадингларми?

Наргиза опа: Йўқ¸ суриштирганман. Мана бешта болам бор. Ҳар сафар нимасини қилардимку. Йўқ дейишганда.

Озодлик: Ўзи ҳозир битта болага қанча беришини биласизми?

- Икки ëшгача 75 минг дейишди. 18 ëшгача 18 мингмикан¸ 20 мингмикан шунақа¸ дейди Наргиза опа.

Наргиза опа, шунингдек, ишсиз оилаларга бериладиган суюнчи пулларини ҳам олмаганини, боиси, оиласининг битта автомобили борлиги учун муҳтож оила эмас, деб топилганини ҳам қўшимча қилади.

Оиласида ёш болалари бўлган ҳар икки қаҳрамонимиз бу болалар учун давлатдан нафақа пули олаётгани йўқ. Сабаби, оила боқувчилари биринчидан ишсиз, иккинчидан эса ишсизлигига қарамасдан муҳтож, деб топилмаган.

Расмий маълумотларга кўра эса Ўзбекистонда кам таъминланган, оиласида ногирон фарзанди бўлган ҳамда тўлиқсиз оилаларнинг 2 ва 16 ёшгача бўлган болаларига, даромади қандай бўлишидан қатъий назар нафақа берилиши лозим. Қолган ҳолатларда эса фарзанд дунёга келган оиланинг муҳтожлик даражасига кўра, нафақа пули тайинланади. Яъни, ҳар бир оила даромади жон бошига тақсимланганда, ўртача энг кам иш ҳақининг бир ярим баробаридан оз бўлса, бу оила муҳтож, деб топилади.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик оналарса¸ айнан, муҳтожлик даражаси белгиланадиган ва аҳолининг аксар қисмини ташкил қиладиган ишсиз оилаларнинг фарзандларига бериладиган номи бору, асли йўқ нафақадан гапирмоқдалар.

Айни соҳага масъул Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг бу борадаги саволларимизга жавоб берган, аммо, исми-шарифи ошкор қилиниши ва овози ёзиб олинишини истамаган расмийларидан бири вазиятга оид йиғилиб қолган баъзи саволларимизга жавоб берди.

1 саволимиз табиийки, бугунги ёш болали оилаларнинг муҳтожлик даражасини белгилайдиган мезонлар ҳақида бўлди.

- Фарзанди бор оила, аавало, даромадни кўрсатувчи ҳужжатларни тақдим қилади. Бизда ўртача энг кам иш ҳақи, деган тушунча бор. Яъни, оила мурожаат қилган кундан эътиборан охирги бир йил ичида белгиланган энг кам иш ҳақлари қўшилади. Масалан, йил бошида 33 минг, ўртасида 35 минг ва ҳозирга келиб 37 минг бўлган, дейлик. 12 ойлиги қўшилади ва 12 бўлинади. Ана шу ҳосил бўлган сумма қўпол ҳисоб-китоб қилинса, 47 минг сўм бўлди, дейлик. Оила даромади жон бошига тақсимланганда ўша суммадан ошса нафақа пули берилмайди, деди вазирлик расмийси.

Боқувчиси ишсиз бўлган оилаларнинг муҳтожлик даражаси қандай белгиланади, дейилган саволга эса вазирлик расмийси шундай жавоб берди.

- Бизда расман ишсиз, аммо, норасмий секторда ишлайдиган оилалар бор. Улардан мурожаат тушса, аввало иш таклиф қилинади. Бизда иш йўқ, иш йўқ, дейишади. Бу нотўғри. Иш бор. Масалан, маоши 150-160 минг сўм бўлган иш ўринлари бор. Аммо, бу ойликни кам деяётган оилалар 35-40 минг сўмлик нафақа пули учун талашади. Бизда иш бор. Шунинг учун биз аҳолига аввало иш таклиф қиламиз ва кейин муҳтожлик даражасини кўриб чиқамиз, деди вазирлик расмийси.

Аммо, муҳтож оилаларга белгиланган чеклов ҳақида нима дейсиз, деган саволимизга эса вазирлик расмийси “Бу Молия вазирлиги томонидан белгиланган”, дея қисқа жавоб берди.

Одатдагидек, болалар нафақа пулининг бола эҳтиёжига етиш-етмаслиги, нафақа пули оладиган ва давлатнинг ижтимоий ҳимояси олаётган болалар сонининг йилдан-йилга камайиб бораётгани каби ва ҳоказо муаммолар юзасидан берилган саволлар расмийлар томонидан яна очиқ қолдирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG