Линклар

logo-print

Кобулда "тинчлик жирғаси" бошланди


Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ҳукумати бугун Кобулда “тинчлик жирғаси”ни бошлайди. Уч кун давом этадиган йиғинда 1600 кишининг иштирок этиши кутилмоқда.

Жирға қатнашчилари президент Карзай таклиф қилаётган Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш дастури ҳамда тинчлик музокараларида ким қатнашиши мумкинлигига оид масалаларни муҳокама қилади.

Мазкур тадбир Карзай ҳукуматининг афғон халқи, жумладан, Толибон ҳаракати таянчини қозониш уринишларининг навбатдагисидир.

Жирға пайтида хавфсизликни таъминлашга 12 мингга яқин қўшин сафарбар қилинди. Толибон ҳаракати жирғада қатнашишдан бош тортиб, унинг иштирокчиларини ўлдириш билан таҳдид қилди.

Собиқ бош вазир Гулбиддин Ҳикматиёр етакчилигидаги Ҳизби Исломий ҳаракати ҳам йиғин “бефойда тадбирдир, чунки унда фақат танланган одамлар қатнашмоқда”, дея таъкидлади.

Жирға жорий йил ёзида Афғонистон ва хорижий қўшинларнинг Қандаҳорда кенг кўламли ҳарбий амалиётларни бошлаши ва келаси йилдан бошлаб халқаро қўшинлар сонининг камайтирилиши арафасида ўтказилмоқда.

Афғонистонликларнинг баъзилари ҳукуматни ўта коррупциялашган ва самарасиз, деб билади. Бу эса Толибон ҳаракатининг халқни ўз томонига оғдиришига ҳисса қўшмоқда.

Жирға бошланишидан бир неча кун аввал собиқ ташқи ишлар вазири ва президентликка номзод Абдуллоҳ Абдуллоҳ ўз тарафдорларининг йиғинда қатнашмаслигини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG