Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:57

Ал-Масрийнинг ўлдирилгани айтилмоқда


Мустафо Абу ал-Язид икки ҳафта аввал ўлдирилган бўлиши мумкин.
Мустафо Абу ал-Язид икки ҳафта аввал ўлдирилган бўлиши мумкин.

АҚШ расмийлари Ал-Қоида террор тармоғидаги учинчи шахс ҳисобланмиш Мустафо Абу ал-Язиднинг Америка ҳаво ҳужумида ҳалок бўлганини, дея тахмин қилмоқда.

Шахси ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган АҚШ расмийлари Ал-Қоида етакчиларидан бири Мустафо Абу ал-Язид икки ҳафта аввал АҚШга қарашли учувчисиз учқичдан қилинган ҳужумда ўлдирилганини тасдиқловчи жиддий далиллар борлигини маълум қилди.

Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош минтақасида ўлдирилгани айтилаётган ал-Язид Ал-Қоида фаолияти учун маблағ топиш ва қўпорувчилик ҳаракатларини уюштириш билан шуғулланган.

Расмийлар ал-Язидни террор тармоғининг “молиялаш фаолиятларидан тортиб қўпорувчилик ҳаракатларини режалаштириш билан шуғулланган бош ижрочи менежери”, дея тасвирламоқда.

Асли мисрлик бўлган Мустафо Абу ал-Язид узоқ йиллардан бери Ал-Қоида аъзоси бўлиб келган ва Ал-Қоида етакчиси Усома бин Ладин ва унинг ўринбосари Айман аз-Завоҳирийнинг яқин ёрдамчиси ҳисобланган.

Исломий экстремистларга қарашли веб-сайтлардан бирида эълон қилинган хабарга кўра, Шайх Саид ал-Масрий номи билан ҳам танилган ал-Язид оила аъзолари билан бирга ҳалок бўлган.

Унинг ҳалок бўлганига оид хабарлар аввал ҳам пайдо бўлган, лекин Ал-Қоида буни биринчи марта тан олмоқда.

Покистонлик таниқли журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзаи ал-Язиднинг ўлдирилиши Ал-Қоида учун “катта йўқотиш” бўлди, деган фикрда.

- У Мисрда яшаган ва Айман аз-Завоҳирийнинг гуруҳи аъзоси бўлган. Бунинг учун қамоқда ҳам ўтириб чиққан. У Афғонистондаги жиҳодда ҳам қатнашган. Унинг ўлими Ал-Қоида учун катта йўқотишдир, чунки у бу минтақада узоқ йиллардан бери фаолият олиб борган ва террор тармоғи ҳаракатларини режалаштириш билан шуғулланган ҳамда бу ерда кўпчиликни таниган, дейди покистонлик журналист.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг матбуот вакили Воҳид Умар ал-Язид йўқ қилингани ҳақидаги хабарни олқишлади, лекин, дея қўшимча қилди у, “Ал-Қоида аъзоларининг ўлдирилиши террорчи тармоқ фаолиятига жиддий таъсир ўтказганини тасдиқловчи далилларни шу пайтгача кўрмаганмиз.”

Ал-Қоида тарқатган хабарда айтилишича, ҳужум пайтида Язиднинг аёли ва уч нафар қизи, набираси ва яна бир неча аёллар ва болалар ҳалок бўлган.

Исломий жангариларга тегишли интернет саҳифаларини мониторинг қилувчи SITE гуруҳига кўра, хабарда ал-Язиднинг қандай ва қаерда ўлдирлгани аниқ айтилмаган, бироқ бу май ойида рўй бергани кўрсатилган.

Расмий Исломобод Ал-Масрийнинг ўлдирилгани тасдиқлаганича йўқ. Лекин Ассошиэйтед Пресс агентлиги Покистон разведка хизматининг исми ошкор қилинмаган вакилига таяниб, Ал-Язид 21 май куни Шимолий Вазиристонда амалга оширилган ҳаво ҳужумида ўлдирилганини маълум қилди.

Рейтерс агентлигига кўра, ҳаво ҳужумида Шимолий Вазиристон маркази бўлмиш Мироншоҳ шаҳарчасидаги уйлардан бири нишонга олинган. Разведка хизмати расмийлари ўшанда ҳужум оқибатида олти киши ҳалок бўлганини эълон қилган, бироқ гувоҳлар 12 киши, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлганини айтган эди.

54 ёшли Ал-Язид Мисрдаги Исломий Жиҳод ташкилотнинг собиқ аъзоси бўлган. Исломий Жиҳод кейинчалик Ал-Қоида тармоғини ташкил қилган гуруҳлардан бири эди. У 1981 йилда Мисрнинг ўша пайтдаги президенти Анвар Саодатнинг ўлдирилишига алоқадорликда айбланиб қамалган.

1980 йилларнинг охирларида ал-Язид Афғонистонда пайдо бўлади. У кейинчалик бин Ладин билан Суданга боради ва Афғонистонга қайтиб келади. Айтилишича, у Афғонистонда Ал-Қоиданинг молиявий ишларини бошқарган ва 2001 йил 11 сентябрдаги Ню Йорк ва Вашингтонга қилинган ҳужумларни молиялаштирган.

2007 йилда ал-Язид террорчи тармоқнинг Афғонистондаги фаолияти бошқарувчиси этиб тайинланади.
XS
SM
MD
LG