Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:23

Ўзбек ва қирғиз чегарачилари Фарғонада учрашди


Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари ўзаро келишувлардан кейин Сўхнинг Хушёр ва Боткеннинг Сўғмент қишлоқлари аҳолиси ўртасида чиққан низо бартараф қилинишига умид билдирмоқдалар.
Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари ўзаро келишувлардан кейин Сўхнинг Хушёр ва Боткеннинг Сўғмент қишлоқлари аҳолиси ўртасида чиққан низо бартараф қилинишига умид билдирмоқдалар.

Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари 1 июн куни Фарғонада учрашиб, икки мамлакат чегарасида можароли вазиятларнинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳақида келишиб олдилар. Бу ҳақда 2 июн куни Қирғизистон Чегара хизмати баёнот тарқатди.

Фарғонада бўлиб ўтган учрашувда Қирғизистон ва Ўзбекистон Чегара хизмати қўмондонлари, Фарғона ва Боткен вилоят ҳокимлари ҳамда милицияси раҳбарлари иштирок этганлар.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари ўринбосари Чўлпўнбек Турусбековнинг айтишича, икки давлат расмийлари чегарада иғвогарона ҳаракатларнинг олдини олиш ҳақида фикр алмашганлар.

- Биринчи навбатда, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида юзага келиши мумкин бўлган можароларнинг олдини олиш мақсадида чегараларни аниқлаш бўйича давлатлараро комиссия фаолиятини фаоллаштиришга келишиб олинди. Шунингдек, Ўзбекистон –Қирғизистон чегарасининг можароли ҳудудларида икки ой ичида муҳандислик тўсиқларини барпо этишга қарор қилинди, деди Чўлпўнбек Турусбеков.

Чегара хизмати расмийси ҳозирда бу тўсиқлар ким томонидан ва чегаранинг айни қайси қисмида қўрилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ эканини айтди:

- Биз бу масалани икки томонлама ўрганамиз ва шундан сўнг аниқ бир жавоб айтамиз. Негаки, бу ерда чегарани аниқлаш ишлари ҳали якунланмаган. Шунинг учун икки ой ичида қайси ҳудуд можароли экани, бу ер баҳсли ёки баҳсли эмаслигини аниқлагачгина, вақтинчалик муҳандислик иншоотлари қурамиз. Бу иншоотлар қайси давлат томонидан қурилиши ҳам икки ой ичида ҳал бўлади, деди Чўлпўнбек Турусбеков.

Айтиб ўтиш лозимки, Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи ҳамда Боткен туманидаги Сўғмент қишлоғи аҳолиси ўртасида юзага келган можародан сўнг, қирғиз чегарачилари томонидан Сўхни Риштон билан боғловчи “Қайтмас” чегара пункти ёпиб қўйилган эдилар. Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари ўринбосари Чўлпўн Турусбековга кўра, Фарғонадаги учрашув натижасида 2 июн куни бу чегара пункти очилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги 20 та ўтказиш пунктида чегара ва божхона постларидан ташқари барча постлар, жумладан, милиция постлари ҳам олиб ташланиши ҳақида қарор қабул қилинган.

- Бундан ташқари, Сўх анклавида жанговар десант баталёни бор. Бу баталён оғир ҳарбий техникага эга. Ўзбекистон томони бу техникани олиб чиқиб кетишга рози бўлди, деди Чўлпўнбек Турусбеков.

Биз билан телефон мулоқотида бўлган сўхликларнинг айтишларича, 2 июн куни эрталаб анклавда бир неча ўн оғир ҳарбий техника воситаларининг ҳаракати кузатилган. Биз билан суҳбатлашган сўхликлардан бири бу техника анклавдан олиб чиқиб кетилаётганини айтди.

Фарғонада 1 июн куни бўлиб ўтган учрашувда Сўхнинг Хушёр ва Боткеннинг Сўғмент қишлоғи аҳолиси ўртасида чиққан низо омили бўлган сув ва яйлов масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Боткен вилоят губернатори ўринбосари Абдубакир Имаровнинг айтишича, бу масалани ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида Боткен вилоятига Қирғизистон муваққат ҳукуматнинг жанубий ҳудуд бўйича махсус вакили Исмоил Исақов мутахассислар билан етиб келган. Яйлов ва сув масаласи мутахассислар томонидан ўрганилгач, бу борада якуний қарор чиқарилади.

Қирғизистон расмийларига кўра, айни пайтда Хушёр ва Сўғмент қишлоқлари ҳамда мазкур чегара чизиғида вазият барқарор.
XS
SM
MD
LG