Линклар

logo-print

Кобулдаги жирға яқинида ракета ҳужуми бўлди


Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Кобулда бошланган “Тинчлик жирғаси” иштирокчилари олдида нутқ сўзлаётган маҳал пойтахтда иккита портлаш содир этилди ва ўқ овозлари эшитилди.

Афғон полициясига кўра, номаълум шахслар томонидан отилган ракета йиғин ўтказилаётган бинога яқин ҳудудда портлаган. Ҳозирча талофатлар тўғрисида ҳеч қандай маълумот ошкор қилинмади.

Портлаш овозларини эшитган президент Ҳамид Карзай “Тинчлик жирғаси” иштирокчиларини осойишталикка чақириб, ўз нутқини давом эттирди.

Кобулда уч кун давом этадиган йиғинда 1600 кишининг иштирок этиши кутилмоқда.

Жирға қатнашчилари президент Карзай таклиф қилаётган Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш дастури¸ ҳамда тинчлик музокараларида ким қатнашиши мумкинлигига оид масалаларни муҳокама қилади.

Мазкур тадбир Карзай ҳукуматининг афғон халқи, жумладан, Толибон ҳаракати таянчини қозониш уринишларининг навбатдагисидир.

Ушбу йирик йиғин жорий йил ёзида Афғонистон ва хорижий қўшинларнинг Қандаҳорда кенг кўламли ҳарбий амалиётларни бошлаши ва келаси йилдан бошлаб халқаро қўшинлар сонининг камайтирилиши арафасида ўтказилмоқда.
XS
SM
MD
LG