Линклар

Қозоғистонда ўзбек ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирувга эълон қилинган Тожикистон фуқароси Умарали Абдураҳмонов қўлга олинди. Унинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкинлиги ҳуқуқ фаоллари хавотирига сабаб бўлмоқда.

21 май куни Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида 35 ёшли Тожикистон фуқароси Умарали Абдураҳмоновнинг қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олингани ҳақида Озодликка Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономарев маълум қилди.

Абдураҳмоновнинг қўлга олингани ҳақида у билан бирга Тожикистондан Москвага автобусда Қирғизистон орқали кетаётган бир киши Россияга етиб олгачгина, 23 май куни ҳуқуқ ҳимоячиларига хабар қилган.

Шундан сўнг Озодлик мухбири Умарали Абдураҳмоновни яхши билган Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари билан учрашиб, улардан Абдураҳмонов ҳақида батафсил маълумот олишга муваффақ бўлди.

Ўз исмини айтишни истамаган Олмаотадаги ўзбек қочқини Таразда қўлга олинган Умарали Абдураҳмонов ҳақида қуйидагиларни айтиб берди:

- Умарали Абдураҳмонов асли ўзбек. У Тошкент вилоятининг Тожикистон билан чегара бўлган жойида туғилган. Иттифоқ даврида чегаралар бўлиниб, мустақилликдан кейин бир қишлоқнинг ярми Ўзбекистонга, ярми Тожикистонга қараб қолганидан кейин унинг қариндош-уруғлари, ота-онаси ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролигини олиб, Ўзбекистонда яшашган. Бу кишиям Ўзбекистон ҳукуматига фуқаролик олишни сўраб, мурожаат қилиб юрган, дейди ўзбек қочқинларидан бири.

Аниқланишича, Қозоғистон ҳудудида қўлга олинган Умарали Абдураҳмонов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан таъқиқланган диний ташкилотга аъзолик ва содир этилган жиноят ҳақида маълум қилмаганлик айбловлари билан халқаро қидирувга эълон қилинган.

Виталий Пономарев Умарали Абдураҳмоновга нисбатан жиноий иш қўзғатилишига 2004 йили март ойида Тошкент ва Бухорода содир этилган портлашлар сабаб бўлганини маълум қилди.

Москвалик ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, ўша йил сентябр ойида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлмиш Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилиб келган 33 нафар киши ўзбек ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан таъқиқланган диний ташкилотларга аъзоликда айбланиб, 14 йилгача озодликдан маҳрум қилингани, Умарали Абдураҳмонов ва яна беш кишининг халқаро қидирувга эълон қилинган.

Олмаотадаги ўзбек қочқини, Умарали Абдураҳмонов диний эътиқоди сабабли 2004 йилдаги портлашлардан сўнг ўзбек махфий хизматлари томонидан таъқибга учрагани ҳақида айтади.

- Бу кишининг акалари маҳаллада намоз ўқиганлиги учун, соқол қўйиб, исломий тўй қилганлиги учун миллий хавфсизлик хизмати ҳодимлари томонидан рўйхатга олиб қўйилган. 2004 воқеаларидан сўнг қариндошининг жанозасида турган вақтида Абдураҳмонов Умаралининг акаларидан бир-иккитасини ўша жойдан миллий хавфсизлик ва ички ишлар ходимлари олиб кетишган. Ўртада икки-уч кун вақт ўтганидан кейин уйдагилари у киши акаларига адвокат киритишиб, ўртада натижа бўлмаганидан кейин бу кишининг оналари ўғилларига Тожикистонга чиқиб туришликни, бувисининг уйига чиқиб туришликни маслаҳат берган ва улар баъзи қариндошлари билан Тожикистонга чиқишган, дейди ўзбек қочқини.

Ўз навбатида, Виталий Пономарев қидирув эълон қилинган олти кишининг камида учтаси БМТнинг қочқинлар иши бўйича Россия ва Қозоғистондаги ваколатхоналарига бошпана сўраб мурожаат қилгани, аммо улар орасида бўлган Тожикистон фуқароси Ханаев Ўзбекистон томонидан тақдим этилган айбловлар туфайли тожик суди томонидан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганини қайд этди.

Унга кўра, тергов давомида Олмалиқ шаҳрида яшаб келган бу кишилар оғир қийноқларга дучор қилинганлар.

Умарали Абдураҳмонов ҳам Тожикистонда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олиниб, икки ой давомида вақтинча сақлаш ҳибсхонасида тергов қилинган. Аммо Ўзбекистон томони унга қўйган айбловлар ўз тасдиғини топмагач, Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари Абдураҳмоновни озодликка чиқариб юборишга мажбур бўлганлар.

- Орадан озгина вақт ўтиб, Андижон воқеаларидан кейин бундай рўйхатга тушган кишиларнинг Тожикистонда юриши ҳам муаммо бўлиб, МДҲ давлатларининг бунда ҳамкорлиги яхши бўлгани учун Абдураҳмонов Россияга чиқиб кетган. Россия ҳуқуқ ҳимоячиларига ўз ҳаёти тўғрисида мурожаат қилган. Ўртада уйдагилари вазият тинч эканини, у кишини ҳеч ким сўрамаётганини хабар бўлганидан кейин у уйдагиларини кўриб келиш мақсадида Тожикистонга борган. У ерда маълум муддат яшагач, орқаларидан ҳар хил одамлар, машиналар кузатаётганини кўриб, Қозоғистондаги танишларига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирган. Булар эса, Қозоғистонга келиб, қозоқ ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраш маслаҳатини берган, дейди ўзбек қочқини.

Айни пайтда Умарали Абдураҳмоновнинг Жамбил вилояти Мерке туман ички ишлар департаментининг вақтинча сақлаш изоляторида экани маълум бўлди. Халқаро инсон ҳуқуқлари Қозоғистон бюросининг Тараздаги юристи Руслан Холидов Умарали Абдураҳмонов билан учрашиб келганини айтади:

- Уни 5 июн куни Тараз шаҳридаги тергов ҳисбхонасига ўтказишади. Ҳозир Абдураҳмоновнинг иши билан қозоқ миграция департаменти шуғулланмоқда. Биз улар билан Мерке туманига бориб келдик, у ерда Абдураҳмонов билан биринчи интервюни ўтказдик. У ерда Мерке туман ички ишлар департаментининг прокурор ўринбосари ҳам бор эди. Абдураҳмонов у ерда бошпана излаётгани ҳақида ариза ёзди. Умарали Абдураҳмоновни Таразга олиб келишгач, уни чиндан ҳам қочқин дея тан олишса, қочқинлик мақомини беришади. Аммо уни ҳозирча Ўзбекистонга қайтаришмайди, дейди Руслан Холидов.

Жорий йил апрел ойидан эътиборан Қозоғистонда бошпана изловчиларга қочқинлик мақомини бериш ёки уларни юртига қайтариб юбориш масаласини БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси эмас, балки Қозоғистон Меҳнат вазирлиги қошидаги миграция департаменти ҳал қилиши ҳақида аввалроқ хабар қилгандик.

Бунга жорий йил январ ойида Қозоғистон ҳукумати қабул қилган “Қочқинлар тўғрисида”ги қонун сабаб бўлганди. Энди республика миграция хизмати ўзи лозим деб топган кишигагина қочқин мақомини беради. БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси эса бундан буён бу жараёнда фақат кузатувчи ва маслаҳат берувчи вазифасини ўтайди.

Айни пайтда БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси ҳам Умарали Абдураҳмонов тақдиридан хавотир билдирмоқда. БМТ қочқинлар иши бўйича Марказий Осиё ваколатхоналари раҳбари Собир Аъзам Озодлик мухбирига Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурасига Абдураҳмоновни Ўзбекистонга қайтармаслик талаби билан нота юборганини айтди.

- Қозоқ ҳукумати қочқин ва мигрантларга яхши муносабатда. Абдураҳмонов масаласида ҳам биз Қозоғистон ҳукуматидан ижобий жавоб оламиз, деб ўйлаймиз. Биз қозоқ ҳукумати билан бу масалани муҳокама қиламиз. Агар Умарали Абдураҳмонов қочқинлик мақоми берилишини сўраб, керакли органларга мурожаат қилган бўлса, ишонтириб айтаманки, Қозоғистон ҳукумати биринчи навбатда унинг ҳуқуқларига риоя қилади. Бизнинг бунга шубҳамиз йўқ, деди БМТ қочқинлар иши бўйича Марказий Осиё раҳбари Собир Аъзам.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG