Линклар

logo-print

Исроил фаолларни депортация қилмоқда


Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган флотилия билан боғлиқ воқеа ортидан қўлга олинган фаоллар Исроилдан депортация қилинмоқда.

Исроил расмийларига кўра, 450дан ортиқ шахс мамлакат жанубидаги Бершеба шаҳрида жойлашган қамоқни тарк қилган.

Ушбу фаоллар орасида жами 12 давлат, жумладан Қувайт, Малайзия, Иордания ва Буюк Британия фуқаролари бўлган. Депортация қилинган шахслар минган автобуслар бугун эрта тонгда Исроилдан Иорданияга етиб келди.

- Бомдоддан сўнг Исроил хавфсизлик кучлари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бизга ҳужум қилди. Даставвал улар резина ўқларидан фойдаланди, бироқ бир оз фурсат ўтгач, улар ҳақиқий ўқлар билан ота бошлади. Беш киши воқеа жойида нобуд бўлди, ушбу ҳодисадан сўнг биз таслим бўлдик, деди малайзиялик фаоллардан бири.

Исроил ҳукумати “Озодлик флотилияси” да ўтказилган рейд чоғида қўлга олинган шахсларнинг барчаси келаси 48 соат ичида мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилишини маълум қилди.

Душанба куни Исроил қўшинлари Ғазо минтақасига инсонрапварлик ёрдами олиб кетаётган кемаларда рейд ўтказди. Ушбу рейд чоғида, расмий маълумотларга кўра, камида тўққиз киши нобуд бўлди, 20дан ортиқ шахс тан жароҳати олди. Олтита кемада бўлган юклар мусодара қилиниб, жами 600 киши ҳибсга олинди.

1 июн куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил десант кучларининг Ғазо минтақасига инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган кемаларга ҳужум уюштирганини қоралади.

Ёпиқ эшиклар ортида 10 соатдан ортиқ давом этган йиғилишдан кейин эълон қилинган расмий ҳужжатда Хавфсизлик кенгаши Исроилни ҳужум юзасидан “адолатли” ва “шаффоф текширув” ўтказишга чақирган.
XS
SM
MD
LG