Линклар

Ўзбек архари Болгария президентини ҳамон таъқиб қилмоқда


Болгария президентининг ўз шахсий сайтида у ов қилган ҳайвонлар суратлари¸ жумладан президент отиб ўлдирган бўри сурати қўйилган.

Болгария президентининг ўз шахсий сайтида у ов қилган ҳайвонлар суратлари¸ жумладан президент отиб ўлдирган бўри сурати қўйилган.

Болгария президенти Георгий Парвановнинг икки йил бурун Жиззахда ноëб тоғ эчкисини отгани унга қимматга тушмоқда. Бу ҳақда парламентга тушинтириш беришга мажбур бўлган Парвановнинг " ўзбекча ови" энди янги китобга мавзу бўлди.


2 июн куни Болгария пойтахти Софияда таниқли журналист, ёзувчи Иво Инджевнинг президент Георгий Парвановни фош этувчи далиллардан иборат янги китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

“Президент на Ръ Бъ” деб номланган мазкур китоб таржимада “Президент жар ёқасида” деган мазмун ташийди. Болгария президентнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари¸ ëлғон ва бошқа кирдикорларини фош қилишга қаратилган ушбу китобнинг алоҳида боби Георгий Парвановнинг Ўзбекистон қўриқхонасида "Қизил китоб"га киритилган ноëб тоғ эчкисини овлагани можаросига бағишланган.

Муаллиф Иво Инджев Озодлик билан суҳбатда нега Георгий Парвановни ўз китобининг бош қаҳрамони қилиб олганини изоҳлайди.

- Афсуски бизнинг президентимиз, бутун Болгария жамияти ичида ёлғон гапириш бўйича донг чиқарган. Унинг аксар айтганлари ëлғон. Парвановнинг Ўзбекистонда ноëб тоғ эчкисини ов қилгани масаласи эса биз учун ҳамон долзарблигини йўқотгани йўқ. Президент бу ҳақда Болгария парламентига ҳам ҳисобот берган. Ўз ҳисоботида Парванов расмий ташрифда кўрсатилган тартиб бўйича ҳаракат қилганини айтган. Бироқ расмий ташрифда Нурота қўриқҳонаси, умуман Жиззах вилоятига сафар қилиш деган банд бўлмаган. Мен китоб ўқувчиларига президентнинг Ўзбекистондаги овига ҳали нуқта қўйилмаганлигини эслатаяпман, дейди болгариялик ёзувчи ва журналист Иво Инджев.

Болгария президенти Георгий Парванов шу пайтга қадар бир гапни :

- Мен архарни ўлдирганим йўқ, деган баëнотни такрорлаб келмоқда.

Олдин қуён, сўнгра эчки

2008 йилнинг 5-8 ноябр кунлари расмий сафар билан Ўзбекистонга келган Болгария президентининг мезбон томон таклифига кўра¸ Жиззах вилоятининг Фориш туманида жойлашган Нурота қўриқхонасига боргани ҳақида ахборот сафар тугар-тугамас жамоатчиликка ошкор бўлган эди.

Озодликнинг Нурота қўриқхонасидагилар билан микрофонсиз ўтказган суҳбатларидан¸ болгар президентининг қўриқхонага айнан ов қилиш мақсадида қўлда қурол билан киргани аëнлашади.

Юқори мартабали меҳмонга тайёргарлик икки ҳафта олдин бошланганлигини айтар экан, форишлик суҳбатдошимиз:

- Тайёргарчилик биринчи ўринда йўллар, йўлларни тозалаб, шундай асфальтдай қилиб қўйиб, иккинчидан тозалик, умуман тозаликка катта қарашди. Э, кўп нарса қилдилар, дейди.

Суҳбатдошимиз Болгария президентини қўриқлашда иштирок этган милиция ходимларининг ов ҳақидаги ҳикояларини ҳам айтиб берди:

- Бир 40 тами қуён, домашний қуённи олиб бориб қўйиб юборибди. У ов қилиш учун. Борган мелисалар айтадида. Битта УАЗик, усти очиқ УАЗикни тайёрлаб турувдик дейди, дея бевосита болгар президентининг ўзбекча ови ҳикоясига ўтди номи сир қолишини истаган бу суҳбатдош.

- Олдидан қуёнлар чиқаяпти, тақ-тақ-тақ-тақ қилиб отиб чиқаяпти¸ дейди. Лекин биронтаси тушиб мундай кўрган жойи йўқ деди, деб ҳикоя қилади Георгий Парвановнинг қуёнлар ови ҳақида форишлик суҳбатдошимиз.

Айдаркўлда қуёнларни отган президент, ўша ерда тунаб Нурота қўриқхонасига :

- Эрталаб тонг азонда, энди кун ёришаётган пайтда, соат 6 ларда етиб келди. Айдаркўлга қайтиб кетмади. Биринчи ов у ерда бўлган. Айдаркўлда бўлган, дейди форишлик.

Суҳбатдошимиз Нурота қўриқхонасига 13 нафар болгариялик меҳмон келгани ва ноëб тоғ эчкисини айнан Болгария президентининг ўзи нишонга олиб ўзи отганини айтади. Аммо Парвановнинг тоғ эчкисига отган ўқи нишонга тегмаганини ҳам дарҳол қўшимча қилади у.

Ўз исми ошкор этилмаслигини сўраган Нурота қўриқхонаси ходимлари қўриқхонага қурол билан кирган болгариялик меҳмонга рухсатнинг Тошкентдан, шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиёевдан келганлигини айтишди. Шу боисдан ҳам қонун бўйича “браконьерлик дея баҳоланувчи бу ҳаракат ҳақида ҳеч ким оғиз очмади” дейишади улар.

Нега айнан тоғ эчкиси?


Бундан бир неча йил аввал Ўзбекистоннинг Нурота қўриқхонасида сақланаëтган тоғ эчкиларини махсус ўрганган Штефан Миҳель овчиларнинг тоғ эчкисига бўлган қизиқишини бу ҳайвоннинг гўшти мазалилиги билан изоҳлайди. Шу сабабли браконьерларнинг Северцов архарига қизиқиши катта¸ дейди Марказий Осиëдаги ҳайвонот дунëсини ўрганаëтган немис олими.

- Одатда овчилар улғайган такаларни отишади. Бу архарларнинг кўпайишига деярли таъсир этмайди. Аксар дунёда йўқолиб кетаëтган ҳайвонларни ов қилишнинг улар қирилиб кетиши олдини олишга қаратилган яхши йўллари бор. Ов қилмоқчи бўлганлар катта миқдорда пул тўлаб, маълум турдаги ҳайвонларнинг фақат рухсат берилганларинигина ов қилади. Бу пул эса йўқолиб бораëтган ҳайвон зотини давом эттириш ва сақлаб қолишга сарфланади. Афсуски¸ Ўзбекистонда бундай усул йўлга қўйилмаган, дейди Штефан Миҳель.

Немис олимига кўра, бундай ов қўриқхонада эмас, махсус ташкил этилган ҳудуддагина бўлиши лозим.

Айтиш жоизки, дунё бўйлаб йўқолаëтган ҳайвонларни ов қилиш қоидалари Нурота қўриқхонасидаги тоғ эчкиларига ҳам тааллуқли. Битта такани отиш учун бугун потенциал овчи қўриқхонага 39 900 АҚШ доллари тўлаши лозим. Болгария президенти ов қилган 2008 йил ëзида ўлдирилган архар баҳоси 28 500 АҚШ доллари бўлган.


Ўзбекистон Жиноят кодексининг 204-моддасига кўра алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг тартибини бузиш энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима ëки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ëхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.


Ўзбекистон Болгария президентига нега махсус илтифот кўрсатди?

Кузатувчиларга кўра¸ Георгий Парванов¸ Ўзбекистон ва Европа иттифоқи муносабатлари 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан совуқлигича қолаëтган ва иттифоқнинг Ўзбекистонга нисбатан санкциялари ҳамон кучда қолаëтган бир пайтда расмий ташриф билан Тошкентга келган кам сонли Европа иттифоқига аъзо давлат президенти эди.

Қолаверса¸Парванов Тошкентга ўзбек газини Россияни четлаб Европага олиб келиш имконини берувчи лойиҳа билан келган эди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Болгария президенти Георгий Парванов билан музокаралардан сўнг журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуман чоғида Ўзбекистоннинг ўз газ эскпортини 17 миллиард куб метрдан 25 миллиард куб метрга етказиши ҳақида маълум қилган эди. Болгария президенти Тошкентга ташрифи чоғида ўзбек газига қизиқиш билдириб, Тошкентга ўз газини Болгария орқали ўтувчи Набукко қувурлар лойиҳаси орқали транзит қилиш таклифини киритган эди. Георгий Парванов таклифини маъқуллар экан, Ислом Каримов Болгариянинг географик, геостратегик жиҳатдан ўзбек гази транзити учун қулай имкониятларга эгалигини таъкидлаган эди.

Болгария президентининг ашаддий овчи эканидан хабар топган Ўзбекистон ҳукумати меҳмонни хурсанд қилиш учун ҳатто "Қизил китоб"га киритилган архардан воз кечиб қўя қолди¸ дейди ҳозирда Францияда яшовчи болгар журналисти Атанас Чобанов.

- Энг аввало, президент Европа иттифоқи жамоатчилигидан узр сўраши лозим. Зотан билишимча, Парванов Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга бориб сиёсий маҳбуслар, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти билан умуман қизиқмаган ягона Европа давлати раҳбаридир. Балким архар ови билан уни ўзига оғдирган Ўзбекистон ҳукумати қандайдир сиёсий муаммоларини ҳам ҳал қилиб олгандир, дея тахмин қилди журналист Атанас Чобанов.

Европа иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан ëндашувининг секин-аста илиқлашиб¸охир-оқибат санкцияларнинг бекор қилиниши Георгий Парванов каби иттифоққа аъзо давлат раҳбарларига Тошкент кўрсатган фавқулодда меҳмоннавозлик маҳсули эмасмикин? Нуротада қурбонликка келтирилган тоғ экчисининг бу илиқлашувдаги роли қандай? Бу саволлар жавобини¸ фақат тахмин қилиш мумкин¸ холос.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG