Линклар

Эркин микрофон - Каримов маддоҳлари яна биттага кўпайди

  • Ҳасанжон

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

"Ўзбек эли султони¸ Элимизнинг ўғлони¸ Исломдир улуғ номи¸ Оллоҳ берган инъоми" деб бошлайди Ислом Каримовга бағишланган мадҳиясини хоразмлик Рауф Оллоберганов.


Ҳоким ерни ўз ака-укалари¸ қудаларига бўлиб берди....

Илк суҳбатдошимиз Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидан қўнғироқ қилган фермер туман ҳокимининг ўзига қарашли ерларни олиб қўйганидан шикоят қилди.

Ўз исмини айтмасликни сўраган бу суҳбатдош ўз фермер хўжалигига тегишли ерни қайтариб олиш хусусида беш марта судга мурожаат қилгани¸ аммо ҳар гал суднинг адолатсиз ҳукм чиқарганини айтади.

- Мен Ўзбекистонда қонун доирасида иш бўлмаëтганлиги¸ фуқаролар қонун доирасида ўз ҳуқуқларини талаб қилган тақдирда изидан суд қилиб¸ ҳеч қандай чақирмасдан жуда кўп фуқароларни судлаб¸ изидан штрафлар қилиб юборадида.

Озодлик: Нимага асосланиб бундай деяпсиз?

- Мисол учун ўтган йили президентимизнинг ПФ 30-77 қарори билан фермер хўжаликлари оптималлаштирилди. Мана шу оптималлаштиришда қонун доирасида умуман иш қилинмади. Сабаби ҳокимлар¸ катта-катта раҳбарлар¸ нефтебазанинг бошлиғи бўлсин¸ солиқнинг бошлиғи бўлсин¸ ҳокимнинг атрофида айланиб юрган умумий отделнинг бошлиқлари бўлсин¸ ҳокимнинг қудалари бўлсин¸ мана Сурхондарë вилояти¸ Қумқўрғон тумани собиқ ҳокимини оладиган бўлсак¸ у киши ҳозир Сариосиëдан сенатор¸ шу ҳоким бешта ака-укасига фермерликка жой берди. Агар ноқонуний қилди¸ деб бирор инстанцияга мурожаат қилсангиз¸ сизни “Мана шундай талаб қилаяпти. Ҳамма жойга ëзаяпти” деб милиция чақиради ва изингиздан маъмурий қилиб штраф келади. Ижрочига учрасангиз¸ “Мана сиз суд бўлгансиз” дейди. Лекин суд бўлганингиздан ҳеч қандай хабар ҳам келмайди¸ изингиздан ҳеч нарса келмайди. Сиз фақат суд бўлганлиги¸ жарима бўлганлигини биласиз. Бу бўйича ўнлаб факт айтаман.

Озодлик: Сиз фермерман дедингиз-а?

- Мен фермер эдим бир вақтлар. Менга маъмурий ишлар қўзғатишга яна бир сабаб бўлдида. Менинг еримни олган одам 20 гектарга пахта экиш ўрнига полиз экди. 16 гектар ерга шоли экди. Кейин мен прокуратурага мурожаат қилдим. Мен “Нима учун мендан олиб бошқага бердиларинг? Берганларинг билан у одамлар қонунни бузиб бошқа нарса экиб ўтирибди” деб мурожаат қилганимдан кейин “Нимага индамай юрмайсан?” деб мени маъмурий жаримага тортди.

Озодлик: Ҳозир нима қилаяпсизлар?

- Мен ҳозир судга бердим. Қашқадарë вилоятида кўрилади деяпти. Мен фермерлик еримни қайтариб оламан¸ деб бешинчи маротаба суддан чиқдим. Энди Қашқадарë вилояти кўради¸ деяпти.

Озодлик: Кимнинг устидан шикоят хати ëздингиз?

- Мен Қумқўрғон тумани ҳокими ер ижара шартномасини нотўғри бекор қилганлиги ҳақида шикоят қилганман.

Озодлик: Ҳоким ишдан бўшаб кетди¸ шундайми?

- Ҳоким Сариосиëга бориб ҳам ҳоким¸ ҳам сенатор бўлиб олди.

Озодлик: Ўрнига бўлган янги ҳоким ишингизни ҳам қилмадими?

- Бу ҳоким умуман қабул қилишни хоҳламаяпти. Олган одам борку¸ 2000 гектар ери бор¸ служебний машина олиб берди¸ деб эшитаяпмизда. Мана Нексия миниб юрибди ҳозир. Лекин мен бирор-бир факт билан айта олмайман. Шундай гаплар бор. Булар ерни одамларга 7-10 миллиондан сотаяпти. Ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Масалан¸ 15 сўтик ерни шундай сотиб ëтибдида.

Озодлик: Кейинги суд қачонга белгиланган?

- Почта билан келса шунда биламиз. Ҳозир аниқ бўлгани йўқ.

Озодлик: Яна Озодликка айтмоқчи бўлган гапингиз борми?

- Агар бизларга ўхшаган фермерларни¸ президентимиз айтганидай одилона қилиб режаларни бажариб юрсак¸ изимиздан сохта аризалар билан ерларимизни олиб қўяверса¸ бу қонунга тўғри келмайдику. Нима қилиш керак? Ишласанг¸ ишлатгани қўймаса¸ ишламасанг¸ уни ҳам қўймаса. 14 йил мен энг олди фермер бўлиб районга танилган одамман. Бунақа қилиб чопиб юришимнинг ўзи уят менга. Изимдан ариза қилиб ерни олиб қўяверса. Адлия бошқармаси “Муттаҳамдан ерни ол” деб ариза киритса¸ Адлия бошқармасининг аризасини хўжалик суди кўрмаса нима қилиш керак¸ дейди қумқўрғонлик собиқ фермер.


Қонуний олинган молхона ноқонуний тортиб олинди...


Қашқадарё вилояти¸ Касби тумани¸ Талишбе қишлоғидан Озодликка қўнғироқ қилган Бекмурод Бегматов ким ошди савдоси орқали молхона сотиб олгани¸ аммо маҳаллий амалдорлар қонуний сотиб олинган молхонани ноқонуний равишда тортиб олганлари¸ суд органларининг эса бу муаммони ҳал қилишга ожиз эканидан шикоят қилди.

- 2008 йил май ойида мана шу молхонани олмоқчи эдик бизлар. Мен олмоқчи эдим. Қишлоғимда бу ким ошди савдосига қўйилди. Мен шунда қатнашиб бошланғич нархи 8 миллион 150 минг сўмга олдим. Бошқа ҳеч ким йўқ эди. Бир ой ичида мен пулини тўлашим керак эди. Ярим пулини тўладим. Қолган қисмини бир ой ичида тўлашим керак эди. Бир ой бўлмасдан¸ 19 кун бўлганда Исмоил Рўзиев деган туман биржасининг бошлиғи бошқа жойда яширин равишда¸ ноқонуний равишда давлат нимаси суиистеъмол қилган ҳолда ким ошди савдосига қўйиб¸ ўзининг ака-укалари билан келишган ҳолда бошқа бировга сотиб юборган. Бизларни ноқонуний¸ деб удалит қилган. Кейин мен тегишли органларга мурожаат қилдим. Улар менинг ҳақлигимни айтаяптию¸ “Улар кучли одамлар экан. Уларга бизнинг кучимиз етмайди” деб жавоб қайтаради менга. “Ҳақсиз¸ лекин ëрдам бера олмаймиз” дейди.

Озодлик: Юқори иснтанцияларга мурожаат қилмадингизми?

- Мурожаат қилдим. Косон тумани СНБ сига мурожаат қилдим¸ Қаршига мурожаат қилдим. Икки марта суд бўлди. Улар даже судга келишмади ҳам. Айбдор шахслар судга келмади. Икки йилдан бери югуриб-югуриб охири ëрдам бўлармикан деб сизларга мурожаат қилаëтган эдим¸ дейди талишбелик Бекмурод Бегматов.


Халқ ҳофизи унвонини олиш учун президентга мадҳия ëздим....


дейди Хоразмдан сим қоққан 70 яшар Рауф ака Оллоберганов. Ўзини машҳур шоир ва ҳофиз деб таърифлаган бу суҳбатдош Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга бағишлаб ёзган шеърини президент идорасига олиб бориб бергани¸ аммо шу пайтгача мамлакат раҳбаридан ҳеч қандай жавоб келмаганини айтди.

Рауф ака: Мен ҳам шоирман¸ ҳам хоразмлик машҳур ҳофизларданман. Мен жуда хурсандман. Президентга хурсанд бўлиб халқ ҳурматига эга бўлган одамман. Руҳланиб кетиб шеърлар ҳам ëзиб тураман. Каримовга мана шу шеъримни берган эдим. Билмадим бердик¸ деб мени алдаб қўйдиларми. Мана шу шеърни ëзган эдим мен. Шуни президент аппаратига олиб бориб берган эдим. Менга ҳеч хабар ҳам бўлмади. Билмайман нимага шунақа. Шу шеърни мен ҳозир ўқиб бераман. Шуни Каримовга етказиб беринг.

Озодлик: Президент аппаратига қачон олиб бориб бергансиз?

Рауф ака: Сизга хабарини берамиз деди. Мана уч-тўрт ой бўлди ҳеч хабар ҳам бўлмади. Просто сизга раҳмат айтди деб лақиллатиб алдатиб қўйди. Президент унақа одам бўлмаса керак. Мен ҳозир шуни ўқиб бераман. Шуни Каримовга беришингизни сўрайман. Улар мени алдаб Каримовга беришмадида. Ëнидагилар менимча дўсти эмас. Тушунмадим мен. Каримовга бериши керак эди. Мен ҳурмат қиламан шу одамни. Мен шеъримни ўқийман. Сиз ëзиб олинг.

Озодлик: Марҳамат ўқинг.

Рауф ака: Ҳурматли юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовга¸ ҳурматли ва муҳтарам президентимизга бағишлов. Мен ким Хоразм вилояти¸ Гурлан туманидаги машҳур ҳофиз Рауф Оллоберганов бўламан. Ҳозир шеъримни ўқишда давом қиламан.

Ўзбек эли султони¸
Элимизнинг ўғлони¸
Исломдир улуғ номи¸
Оллоҳ берган инъоми.

Юртимизга мавлоно¸
Фикрингизда зўр маъно¸
Сўзлайсиз доим доно¸
Юракка бериб оро.

Ташкилотда сўзладингиз¸
Келажакни кўзладингиз¸
Мустақил Ўзбекистон¸
Байроғини тикладингиз.

Халқ бошини силадингиз¸
Қишлоқларни газладингиз¸
Темур бобом номини¸
Мангу қилиб тикладингиз.

Сиз туфайли қурилди¸
Юртимизда заводлар¸
Насиб қилди халқимга¸
Минмак енгил машинлар.

Йўллар равон бўлмоқда¸
Кўприклар қурилмоқда¸
Темир йўллар туташиб¸
Юртим чирой очмоқда.

Юртимизнинг бахтисиз¸
Сўзингизда аҳдлисиз¸
Худойимга ҳам ëққан¸
Мустаҳкам бир тахтлисиз.

Рауф ҳофиз ëзди шеър¸
Қалбин очиб сизга дер¸
Юртимизнинг бошида¸
Порлоқ қуëш бўлавер.

Рауф Оллоберганов - ҳофиз ва шоир¸ Хоразм вилояти¸ Гурлан тумани¸ Низомий кўчаси¸ 13 уй.

Озодлик: Рауф ака¸ нима муносабат билан президентга бунақа мадҳия ëздингиз?

Рауф ака: Ëзганимнинг сабаби мен руҳланиб кетдим. Бир жавоб олармиканман¸ бир раҳмат эшитармиканман¸ шу одамнинг назарига тушармиканман¸ икки-уч марта Ўзбекистон халқ ҳофизига нима бўлган эдим. Лекин шу ҳофизликни ололмадим. Энди бир дардимни айтмоқчи эдим. Руҳланиб шу шеърни ëзган эдимда.

Озодлик: Ўзбекистон халқ ҳофизи унвонини олиш¸ президент назарига тушиш ниятида шунақа мадҳия шеър ëздингизми?

Рауф ака: Бир назарига тушмоқчи эдимда. Ўзи билан учрашмоқчи эдим. Лекин шу одамни ҳурмат қиламан ниҳоятда. Менинг давлатдан¸ ҳеч бир нимадан камчилигим йўқ. Ҳамманинг ҳурматига сазовор 70 ëшдаги одамман. Меҳнат ветераниман. Кўп ўқиганман. Уч марта олий маълумотлиман.

Озодлик: Озодликка айтмоқчи бўлган гапингиз шумиди?

- Каримовга шу шеъримни билдириб нима учун жавобсиз қолганини билдиришни илтимос қиламан¸ дейди Рауф ака Оллоберганов.


Исроил давлатига норозилик билдираман....

деб гап бошлаган шаҳрисабздан сим қоққан суҳбатдошимиз¸ Исроил десант кучларининг Ғазо минтақасига инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган Туркия кемаларига қарши уюштирган ҳужумини қоралади.

- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Инсонпарварлик юкини олиб бораëтган Туркия кемасига ҳужум қилиб¸ нейтрал сув ҳудудида Фаластин халқи¸ Ғазо секторини қамал қилиб дунëдан ажратиб қўймоқчи бўлган Исроил давлатига барча тоза фикрли инсонлар номидан норозилик билдираман. Биз Фаластин¸ араб¸ турк халқи билан бирдаммиз. Инсонпарварлик юкини юборган Туркия давлатига шон-шарафлар бўлсин. Ўйлайманки¸ Туркия давлати бундан кейин ҳам ўн ҳисса зиëда гуманитар ëрдамни Ғазо секторига¸ Фаластин халқига юборади деб ўйлайман. Дунëдаги барча ислом давлатлари¸ имконияти бўлса¸ Фаластин халқига ëрдам берсинлар. Инсонпарварлик ëрдами¸ керак бўлса бошқа нарсаларни ҳам. Ҳурмат ва эҳтиром билан улуғ Ўзбекистон давлатидан¸ Шаҳрисабз шаҳридан оддий инсон. Эътиборларингиз учун раҳмат¸ дейди шаҳрисабзлик суҳбатдош.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG